» » » ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИДА ЧОРВА МОЛЛАРИ ВА ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ

ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИДА ЧОРВА МОЛЛАРИ ВА ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
ФЕРМЕР ВА ДЕҲҚОН ХЎЖАЛИКЛАРИДА ЧОРВА МОЛЛАРИ ВА ЧОРВАЧИЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ЕТИШТИРИШНИ КЎПАЙТИРИШ


Д.Н.Саидова, Р.Р.Ахмедов, Ш.Г.Чориев
ТошДАУ


Мамлакатимизда чорвачилик тармоғининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек чорвачиликнинг гўшт ва сут маҳсулотлари билан аҳолини таъминлаш даражасини ошириш жиддий вазифалардан ҳисобланади. «Аҳолини озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлаш иқтисодиётни барқарорлаштиришнинг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Бу республика қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган сиёсатнинг умумий устувор йўналишларидан биридир»[1]. Озиқ-овқат истеъмоли бозорини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолини физиологик меъёр  даражасидаги гўшт – сут маҳсулотлари истеъмолини таъминлаш шарт-шароитлари мустаҳкамланишига, мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Республикамиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб чорвачилик тармоғида бозор муносабатларини жорий этишга қаратилган кенг кўламдаги иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб, ҳозирда улар чуқурлаштириб борилмоқда. Амалга оширилган бу тадбирлар негизида турли шаклдаги хўжалик юритувчи субъектларнинг гўшт ишлаб чиқариш салоҳиятида жиддий ўзгаришлар юз берди.
            Республикамиз аҳолисини гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда деҳқон хўжаликларининг салмоғи 2000 йилда 91,1 фоиздан 2009 йилда 95,0 фоизга, фермер хўжаликларида 1.3 фоиздан 2,5 фоизга ошгани ҳолда ширкат хўжаликларида мутаносиб равишда 7,6 фоиздан 2,5 фоизгача камайди. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги чорвачилик тармоғида ишлаб чиқарилган гўштнинг асосий қисми деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келиб, улар истиқболда ҳам чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўз устуворлигини сақлаб қолади.
Бугунги кунда мамлакатимизда гўшт истеъмолининг физиологик талаблар даражасига нисбатан суст ривожланаётганлиги, аҳолининг ўсиш суръатларидан ортда қолаётганлиги, турли хўжалик субъектларининг бозор конъюнктурасига мослашувининг қийинчилик билан кечаётганлигини қайд этган ҳолда озиқ-овқат таъминотида сифат ўзгаришларига эришиш зарурияти долзарб вазифа эканлигини қайд этиш муҳимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган «Шахсий ёрдамчи, дехқон ва фермер хўжаликларида чорва  моллари кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик махсулотлари ишлаб чиқаришни  кенгайтириш борасидаги қўшимча чора - тадбирлари тўғрисида» ги  842- сонли қарори бу соҳага алоҳида этибор бериб, мавжуд ички имкониятларни излаб топиб, улардан самарали фойдаланган ҳолда тармоқни янада ривожлантиришга ундамоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш асосан уч йўналишда амалга оширилмоқда:
1. Хўжаликларга қорамол сотиб олиш учун микрокредитлар ажратиш, турли ташкилотлар қошида чорвачилик ёрдамчи хўжаликларини ташкил этиш;
2. Четдан наслли молларни келтириш, чорва маҳсулдорлигини ошириш, зооветеринария пунктлари сонини кўпайтириш;
3. Мавжуд озуқа экинлари майдонларидан унумли фойдаланиш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш, чорва озуқа маҳсулотларини махсус шахобчалар орқали аҳоли ва фермер хўжаликларига етказиб бериш.
Ушбу ишларни амалга ошириш натижасида республикада қорамоллар сони охирги 5 йилда 2,6 млн. бошга ёки 145 фоизга кўпайиб, 8,5 млн. бошга етди. Шу жумладан шахсий ёрдамчи ва дехқон хўжаликларида 2,2 млн. бошга (138 фоиз), фермер хўжаликларида 200 минг бошга (162 фоизга) ошди. Зооветеринария сервис хизматлариникенгайтириш мақсадида 791 та пунктлар ташкил этилиб, уларнинг сони 2443 тага етказилди. Шу йиллар давомида пуллик хизмат кўрсатиш даражаси 6 баробарга ошди. Аҳоли қарамоғидаги чорва молларини кўпайтириш ва бандлигини ошириш мақсадида қорамоллар сотиб олиш учун охирги 4 йилда 125,6 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди;
Бундай кенг кўламдаги ишлар натижасида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тобора тўлароқ қондириб борилмоқда.
Чорвачиликни ривожлантириш моллар бош сонини кўпайтириш, махсулдорлигини оширишгина эмас, балки уларни тўғри парваришланиши, озиқлантирилишини талаб даражасида сақланишини ташкил этиш ҳамдир. Чорва моллари юқори кондицион вазнларга етказилишида турли хўжаликларни наслдор чорва моллари билан таъминлаш, сифатли озиқлантириш рационига амал қилиш, пода таркиби ва ҳаракатини тубдан яхшилаш, уларни асраш шароитларини талаб даражасида ташкил этиш, зарур  ветеринария – санитария тадбирларини амалга ошириш ва профлактика - зоогигиена  қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим. Деҳқон ва фермер хўжаликлари ихтиёридаги чорва молларига нисбатан етарли даражада экин майдонларининг чекланганлиги ва ҳосилдорлигининг ортмаётганлиги, уларнинг чорва моллари ва бошқа ресурсларни харид қилишлари учун кредит маблағлари етарли эмаслиги ҳамда кредитлаш тизимининг ноқулайлиги, нархлар паритетининг мавжудлиги, маҳсулотларни сотиш ва қайта ишлаш тизимининг талабга жавоб бермаслиги чорвачиликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, гўшт ишлаб чиқариш фаолияти ва тадбиркорлик муҳитининг яратилишига давлатнинг кўмаклашуви республикада гўшт ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръатларини таъминловчи муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Деҳқон ва фермер хўжаликларида озуқа тайёрлашнинг замонавий саноатлашган кичик технологиялари усулини кенг жорий этиш ем-хашак етиштиришнинг самарадорлигини ва аҳолининг иш билан бандлигини янада оширади.
[1] Каримов И.А. Ўзбекистон буюк келажак сари.-Т.: «Ўзбекистон», 1998. 194-б.

скачать dle 11.3

29-05-2018, 14:16 409 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив