» » МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТГА ОИД ПЕДАГОГИК ФИКРЛАР

МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТГА ОИД ПЕДАГОГИК ФИКРЛАР

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИДА ЭКОЛОГИК МАДАНИЯТГА  ОИД ПЕДАГОГИК ФИКРЛАР


Ш.Абдужалилова
ТошДАУ қошидаги табиий фанларга ихтисослаштирилганд давлат умумтаълим мактаби


ХХ асрнинг I чорагида кечган миллий уйғониш даври ўзбек тарбияшунослик ривожида ҳам сезиларли из қолдирди. Бу даврда фаолият кўрсатган педагогларимиз барча соҳалар қаторида экологик мадания тушунчасига оид фикрлар билдириб ўтишган. Улар бу атамани “ҳусни сиҳат”, “ҳусни ҳайъат” ва “наждат” каби атамалар билан ифодалашган. Бу тушунчалар моҳиятида сиҳат-саломатлик ва поклик маънолари мавжуд. Шу маънода маърифатпарвар педагогларимизнинг қарашларида экологик маданиятга оид фикрлар қуйидаги фанларга берилган тавсифларда акс этган:
Жуғрофия (география).
Табобат (медицина).
Ҳифзи сиҳат (гигиена).
Наботот (табиатшунослик).
Кимё (химия).
Ҳайъат (астрономия).
Табиийёт (физика).
Ҳайвонот (биология ва зоология).
Демак, миллий уйғониш даври педагогларининг экологик маданиятга оид фикрлари табиий-дунёвий фанлар мазмунига доир берилган изоҳ ва тушунчаларда акс этганлигини ҳисобга олиш лозим бўлади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) болаларда атроф-муҳит, табиат ва покизалик ҳақида кўникмаларни жуда эрта-мактаб ёшидан бошлаб ҳосил қилиш лозим, деб ҳисоблар эди. Шу сабабли у 1906 йили ўзбек педагогикасида биринчи география дарслигини ёзиб, уни “Китоби мунтахаби жуғрофияи умумий” (Умумий геграфия) деб атади ва “бошланғич синф ўқувчилари”га бағишлади. У география атамасига изоҳ бериб, “ер ва туфроқни баён қилатурғон илм” (Бехбудий, Танланган асар. 222-б.) деб тушунтиради. Шундан сўнг география фанининг турларини ва тарихини батафсил тушунтириб ўтади. (Шу манба. 223-228 б.). ўқувчиларни “ер юзи ва тупроқ” ҳақида илмий маълумотлар билан бундай таништиришга интилиш ХХ аср бошлари Туркистон ўлкаси ижтимоий ҳаёти учун илғор ҳодиса эди. Геграфия фанининг фойдаси ҳақида сўз юритиб, “Жуғрофия ўқумоқ мусулмонларға лозимдур”, -дея қать хулоса чиқаради. (Шу манба. 230 б.). унинг умумий хулосасига кўра, “агарда жуғрофия ўқумас, дунёда тараққий қиолмаймиз”. (Шу манба. 231-б.). Шундай қилиб Беҳбудий геогария фанини ўрганиш ислом динига зид эмаслигини асослаб бергач, Ернинг тузилиши ва Қуёш атрофида айланиши, қитъалар, иқлимлар, тўрт томон (Шарқ, Ғарб, Шимол ва Жануб), планеталар ва фасллар ҳақида соф илмий маълумотларни беради. Унинг эътиборидан ҳатто хариталар (географик карталар) ҳам қолмайди. Мисол учун, у муфассал хариталарда қуйидагилар акс этишини тушунтириб беради: “Мамлакатларнинг тоғ ва наҳрларини (дарёларини), Кўл ва арзи саҳнини (масштабини), ҳавоси чуқурлиги, дараларини масоҳати, масофати, экилатурғон зироати ва гиёҳлари, иссиқ ва совуқлигини кўрсатиб  беради” (Беҳбудий, Танланган асарлар. 242-б.). беҳбудийнинг география фанини ўқитишга бўлган бундай муносабати миллий уйғониш даври педагоглари ва  илмга интилаётган ёшлар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Чунки у “муфтий” (диний масалаларда фатво берувчи) унвонига эга киши сифатида илмий географияни ўрганиш иймонига зид эмас, деган қарашни илгари сурганди. Маълумки, анъанавий (эски) мактаб ва мадрасаларда география каби дунёвий-табиий фанлар ўқитилмай қўйганди.
Беҳбудийнинг дунёвий-табиий фанларга нисбатан бўлган бундай ижобий муносабати миллий уйғониш даври педагогикасининг иккинчи йирик вакили Мунаввар Қорига (1878-1931) илҳом берди. У 1907 йили “бошланғич синф ўқувчилари” учун ёзган “Адиб ус-соний” (Ўқиш китоби) дарслигида барча масалалар қаторида табиат ҳақида ҳам маълумотлар киритди. Жумладан, у фасллар ҳақида шундай маълумот беради: “Бир йилда тўрт фасл бордур. Бири-ёз, иккинчиси-куз, учинчиси-қиш, тўртинчиси-баҳор”. Ёз ойлари: саратон (июнь), асад (июль), сунбуладур (августдир). Куз ойлари: мезон (сентябрь), ақраб (октябрь), қавсдир (ноябрь). Қиш ойлари: жадий (декабрь), далв (январь), ҳутдур (февраль). Баҳор ойлари: ҳамал (март), савр (апрель), жавзодур (май). Ёз фаслида ҳаво исир, экин ва мевалар пишар, мактаб ва мадрасаларда ўқишлар тўхталур. Куз фаслида мактаб ва мадрасалар очилур, ёмғурлар ёғар. Қиш фаслида дарахтлар ухлаюр, қорлар ёғар ва сувлар музлар. Баҳор фаслида дарахтлар япроқ чиқарар. Гуллар очилур, булбулар сайрар. Ўтлар кўкарур, экинлар экилур...” (Мунаввар Қори, Танланган асарлар. 96-б.). Бошланғич синфларга табиат ҳақида бундай жонли маълумот бериш тарбия жиҳатидан аҳамиятли эканлигини Мунаввар Қори яхши англайди. Унинг маълумотлари ўқувчини табиат қўйнига олиб киради, фикрини ўстиради. Шунингдек, у ўқувчиларга ҳайвонлар ва ўушлар ҳақида соф илмий маълумотлар беради. Айниқса, унинг ўқувчиларга ҳаво (кислород) ҳақида берган бошланғич маълумоти қизиқарлидир. Педагог олим дейди: “Дунё (олам) юзи “ҳаво” исмлик бир жисм ила тўла бўладур. Сув ила тўлғон бир ховуз ичида сув кирмаган ҳеч бир ўрун қолмайдур. Шунга ўхшаш дунё юзида ҳам ҳаво кирмаған бўш ўрин йўқдур. Ҳаво ўзи рангсиз, тиниқ, юмшоқ бир жисм бўлғонлиғи учун бизим кўзимизға кўринмайдур. Бир елпиғич ила киши ўзини елписа, юзиға совуқ бир нарса келиб тегадур. Мана шу юзага теккан нарса елпиғичнинг ҳаракати ила қимирлаған ва тўлқинланған ҳоводур... Ер юзидаги инсонлар, ҳайвонлар ва дарахтларнинг ҳар бирлари ҳаво ила тирикдур... Нафас олғонимизда ичимизга ҳаво кирар. Фойдалилари ўпка орасидан боруб, қонга қўшилур ва фойдасизлари (яъни корбанад ангрид.) нафасни қўйғонимизда ташқари чиқиб кетадур”. (Мунаввар Қори, Танланган асарлар. 96-б.). Ёки, педагог олимнинг булут ҳақида берган мана бу маълумотига диққат қилинг: “Ер юзидаги денгизлар, кўллар ва дарёларни Қуёш иситған сари, ондаги сувлар буғ бўлуб, осмонға чиқа бошлайдур... Мана шу сувлардан пайдо бўлғон буғлар ердин бир неча сожин (масофа) юқориға кўтарилғондан сўнгра бир-бирлариға қўшилуб қалинлашурлар. Шамол кучли ила ҳар тарафға фриб, харакат қилурлар. Қуёш, ой ва юлдузларнинг олдиларини тўсиб кўк юзини қорайтирурлар. Биз шул буғ йиғинларини булут деб атаймиз”. (Шу манба, 96-б.). бундай маълумотлар табиат ва ундаги ҳодисалар ҳақида илмий фикрни шакллантиради, инсонни табиатнинг бир бўлаги ҳақида тасаввур қилиш имконини беради. Мунаввар Қори маълумотларни ўқувчиларга равон ва содда усулда, жонли мисоллар билан тушунтиради. Агар Беҳбудий география фанини ўқишни асослаб берган бўлса, Мунаввар Қори табиатшунослик асосларини илмий тарзда ишлаб чиқди. Бу ҳаракатлар ўша давр нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлиб, ўқувчиларда атроф-муҳит ҳақида муайян малака ҳосил қилишдаги илк қадамлар эди.
Мунаввар Қори 1917 йилга келиб 3-4-синфлар учун “Ер юзи дарслигини ёзиб, материклар ва иқтисодий география билан батафсил таништирди. (Шу манба, 92-135 б.). У берган маълумотлар шу қадар аниқки, бугунги географи фани ҳам худди шу маълумотларни бермоқда.
Миллий уйғониш даври педагогикасининг яна бир улуғ вакили Абдурауф Фитрат (1884-1937) бу жараёнга гигиена ва табобат ютуқларини олиб кирди. Чунки у “ҳифзи сиҳат”, яъни экологик маданиятни инсонни покликка ўргатиш ва саломатлиги учун шароит яратишдан бошлаш лозим, деган фикрда эди. У 1909 йили ёзилган “Мунозара” рисоласида жадид мактабларининг шароити ҳақида дейди: “Болалар фараҳбахш, ҳамма бисоти муҳайё, кенг иморат ва ҳифзи сиҳат (гигиена) қоидалариға мувофиқ бир хонада Эрам боғларининг ўртасида жаннат қасрига ўхшаб жилваланаётган мактабга келиб, фаришта каби хушфеъл, хушсиймо муаллимларидан... таълим оладилар”. (Абдурауф Фитрат, танланган асарлар. 64-б.). Демак, Фитратнинг фикрича, ўқувчида поклик ва сиҳат-саломатлик кўникмаси мактабнинг ва синфнинг озодалигидан бошланади. Бунда мактаб ва синф гигиеник қоидаларга мос бўлиши, ўқитувчи эса “хушфеъл” ва хушсиймо бўлиши” лозим. Шу сабабли у 1912 йили ёзилган “Ҳинд сайёҳи баёноти” асарида мустақил равишда табибликни ўрганаётганларни кескин танқид қилиб, Бухоронинг 200 та мадрасасидан бирини “Табобат мадрасаси”га (Тиббиёт билим юртига) айлантириш масаласини кун тартибига қўяди ва табобатга (медицинага) оид ислом олимлари томонидан яратилган 100 га яқин тиббий асарни санаб кўрсатади. (Шу манба. 130-138 б.). жумладан, у дейди: “Оврўпа ҳукуматлари ўз халқларининг соғлигини сақлаш учун пул сарфлайдилар. Кўчаларини шаҳар хоналаридан кўра покизароқ тутадилар. Қўйни шаҳар ичида сўймайдилар, ўлукни шаҳар ичига кўммайдилар, ҳайвонот ахлатини йўл усти ва йўл ёқаларида қолдирмайдилар... Мактабларида болаларга соғлиқни муҳофаза қилиш мавзусида дарё ўтилади, донишманд дўхтурлар ҳар куни бу мавзуда газеталарда мақолалар ёзиб, саломатлик қоидаларини элга тушунирадилар... (Туркистон халқлари эса) ҳали ҳам қўйларини шаҳарда сўйиб, уларнинг ахлат ва чиқиндиларини йўл устига ташлайдилар. Ўлукларини шаҳар ичига кўмадилар, айрим кўчаларда эса фақат ҳайвон ахлатларигина эмас, балки одам нажаси ҳам кўпдир. Буларнинг ичидаги суви икки юз ҳакижой (туалет) остидан ўтиб, ҳовузларга тушадир. Мактабларда-ку бир навъ, ҳатто мадрасаларда ҳам соғлиқни сақлаш борасида бир калима сўз эшитмайсиз”. (Абдурауф Фитрат, Танланган асарлар. 133-б.). зеро, Фитрат шахсда экологик маданиятни ҳосил қилиш учун энг аввало уни оддий гигиеник қоидалар билан таништириш лозим, деган фикрни илгари суради. Шу сабабли у ўз давридаги ижтимоий ва гигиеник тартибсизликларни қаттиқ танқид қилади, ёшларга покизалик сирлари ўргатилмаётганлигидан куйинади. 1914 йили ёзган “Раҳбари нажот” рисоласида бу масалага яна қайтади. У аввало сафдошлари ҳамовоз равишда география фанининг аҳамиятини қайд этиб, (Абдурауф Фитрат, Нажот йўли. 51-52 б.).  гигиена ва табоат илми ҳақидаги маълумотларни чуқурлаштириб баён қилади. У дейдики, табобат (медицина) фанининг қуйидаги соҳалари машҳур:
Илм ал-амроз (касалликлар ҳақида илм).
Илм ал-муфрадоти адвия (доришунослик илми).
Илм ал-ташреҳ (ташхис илми).
Илм ал-ансож (анатомия илми).
Илм ал-манофеъ ул-аъзо (Инсон аъзолари илми). (Шу манба. 53 б.).
Фитрат бу фанларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ва уларнинг ривожида ватандошимиз Ибн Синонинг (ХI аср) хизмати ҳақида тушунтириш бериб ўтади. Айниқса, у бу ўринда бугунги экологик маданият илдизлари учун муҳим икки масала ҳақида батафсил тўхталади. Бу икки масала қуйидагилардан иборат: 1. Ҳусни ҳайъат (покизалик) маданияти. Педагог олим ёзади: “Ҳусни ҳайъат (покизалик) имкон қадар ўзни покиза тутиш ва ўзга зийнат беришки, токи одамлар сиз билан кўришиб, суҳбатлашганларида сиздан жирканмасинлар. Покизалик дини исломнинг энг муҳим амрларидан биридир.” (Шу манба. 113-б.). шундан сўнг педагог олим “покизаликнинг фойдаларини айтиб адо қилиб бўлмас” лигини таъкидлайди ва у “одам танасини муҳофаза қилиб, умрни узайтириши”ни эслатади. Бу биринчидан. “Иккинчидан, одамнинг таъбини равшан қилади. Учинчидан, одамнинг иззат-эътиборини зиёда этади. Тўртинчидан, неъматга шукур қилишни юзага келтиради” (Шу манба. 114-б.). бу фикрлар ХХ аср бошлари Туркистон ижтимоий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга эди. Шу сабабли у дарҳол мисол келтиради: “маданий миллатлар тозаликни ҳаётларининг гарови қилиб олганлар. Биринчи қиладиган ишлари-болаларини тозаликка ўргатадилар. Уларнинг мактабларида қулай ҳаммомлар қурилган бўлиб, мактаб болаларини ҳафтада бир марта чўмилтирадилар” (Абдурауф Фитрат, Танланган асарлар. 114-б.).
2. Сиҳат-саломатлик маданияти. Педагог олим дейди: “Бу сўз бутун оламни мафтуну саргардон қилган. Дунёда бирор одам йўқки, сиҳат ва сабрни бирор нарсага алмаштирса... Шунинг учун маданиятли давлатлар ҳукумати ўз маиллатларининг соғлигини сақлашда ҳимматларини аямайдилар”. (Шу манба, 122-б.). Педагог олим буларни такрорлагач, сиҳат-саломатлик маданияти асосларини баён қилади.
Шундай қилиб миллий уйғониш даврида экологик маданиятга оид илмий-педагогик асослар ишлаб чиқилган эди. Бу меросдан бугунги кунда унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
скачать dle 11.3

29-05-2018, 13:20 435 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив