» » » МАЪНАВИЙ ҲАЁТ ЯНГИЛАНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

МАЪНАВИЙ ҲАЁТ ЯНГИЛАНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Muallif(lar): С.И.Бекчанов
Nashr ma`lumotlari:// “Agrar sohani barqaror rivojlantirishda fan, ta’lim va ishlab chiqarish integratsiyasi” mavzusidagi professor-o‘qituvchi va yosh olimlarning I ilmiy-amaliy konferentsiyasi materiallari to‘plami. Toshkent, 2017 yil, 30-31 may.
To‘plamni yuklash uchun havola:
yuklash




МАЪНАВИЙ ҲАЁТ ЯНГИЛАНИШИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


С.И.Бекчанов
Тошкент давлат аграр университети


 
Калит сўзлар: Янгиланиш, модернизация, қадриятлар, замонавиёлашиш,
Кириш. Ҳозирги даврда Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш, фуқароларнинг сиёсий ва миллий ўзлигини англаши, янги демократик қадриятларнинг шаклланиши, очиқ демократик, ҳуқуқий давлат қурилиши ва фуқаролик жамияти институтларининг шаклланишидек қийин, аммо жўшқин ва изчил жараёнлар кечмоқда. Жамиятнинг замонавийлашиш сари қадам қўйиши мамлакатимизда ижтимоий – иқтисодий тараққиётни мустаҳкамлаш имкониятларини янада кенгайтиради. Ижтимоий – иқтисодий, маънавий етук, жисмонан соғлом инсонни тарбиялаш асосида кечади. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, “Ҳар қайси ижтимоий тоифа ва қатламнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, умумий гаплар билан эмас, амалий ишлар билан маънавиятни юксалтириш диққатимиз марказида бўлиши шарт. Бу ишлардаги пировард мақсадимиз – иймон-эътиқоди бутун, иродаси бақувват эркин фуқаро маънавиятини шакллантиришдир. Яъни, мустақил дунёқарашга эга аждодларимизнинг бебаҳо мероси ва замонавий тафаккурига таяниб яшайдиган баркамол шахс – комил инсонни тарбиялашдан иборат,”[1].
Услублар ва материаллар. Мамлакатимизда замонавийлашиш жараёнининг барқарор кечиши бир қанча омиллар билан боғлиқдир. Хусусан, ушбу жамиятда ўз илдизи ва асосига эга бўлган институтлар, кадриятлар, урф-одатлар, аҳоли менталитети, минтақавий, миллий, диний, маданий-маънавий хусусиятлар халқнинг замонавийлашган қадриятларни қай даражада қабул қила олиши, сиёсий тизимнинг янгиланишига мослашиши кабилар эътиборга олиниши муҳим аҳамиятга эгадир. Ушбу фикрларнинг исботи тариқасида айтиш мумкинки, ХХ асрнинг 50-60-йилларида Ғарб назариётчилари замонавийлашиш жараёнлари Ғарбда пайдо бўлди, шунинг учун уни ўзлаштирмоқчи бўлганлар Ғарбнинг маданияти, ижтимоий институтлари, технологиялари каби омилларни айнан шу ердагидек тадбиқ этишлари керак, деган фикрни илгари суришди. Лекин бу фикр  ХХ асрнинг 80- йилларига келиб ўз тасдиғини топмади. Чунки Ғарб мамлакатлари Осиё, Африка, Лотин Америкаси давлатларида “Европалашган модернизация”ни жорий қилди, лекин бу ҳаракатлар “сароб”га айланди. Боз устига Осиё йўлбарслари ва бошқа ўзига хос тараққиётга юз тутган мамлакатлар пайдо бўлди. Шунинг учун хам бу даврдан бошлаб жамият, давлат хаётида барқарорликни сақлаган холда ривожланиш учун замонавийлашиш жараёнини миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш мухим аҳамиятга эга бўлди.
Шунингдек, анъанавий жамиятдан замонавий жамиятга ўтиш осон кечадиган жараён эмас. Модернизациялашган жамиятга ўтиш ғоят мураккаб ва зиддиятли жараён бўлиб, зарурий равишда эскилик ва янгилик, анъанавий тафаккур усули билан замонавий тафаккур усули ўртасида вужудга келадиган диалектик жараённи тақозо этади[2]. Шу билан бирга, глобаллашув шароитида дунё ниҳоятда беқарор, таҳликали ва мўрт кўриниш ҳосил қилмоқда. “Демографик инқироз, демократия экспорти, маънавий қашшоқлашув, ахборот урушлари, ғарбона турмуш тарзини тиқиштириш каби хавф-хатарлар шундоқ ҳам безовта дунёнинг ташвишларини кўпайтирди”[3].
Европа “америкача” маданиятни қабул қилиб, бугун унинг ҳаёт тарзига сингиб кетганлигига қаршилик кўрсатишни ҳоҳламаётгани жамият маънавиятидаги инқирозларга, жумладан оила ва никоҳ, туғилиш ва аҳолини табиий ўсиши каби жараёнларда инқирозларга олиб келмокда.
Америкалик сиёсатшунос олим Патрик Бьюкененнинг “Ғарбнинг ҳалокати”(Patrick J.Buchanan.The Death of the West: How Dying Populations and Immigrant Invasions Imperil Our Country and Civilization. 2001, Dunne Books)китобида ёзилишича, саноати ва юқори технологиялари ривож топган  жамиятда одамларнинг бирдан бойиб кетиш, тўкин хаётга эришишга бўлган эгоистик интилиши уларнинг асл қадриятларга, жумладан оила ва никоҳга, ёшлар тарбиясига бўлган муносабатларида кескин инқирозни келтириб чиқарди. Бу ҳолатни у гедонистик психологиянинг асоси деб баҳолаб, унинг  оқибати жамиятда қатор ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётганлигини таъкидлайди.
Гедонизмнинг маъноси шундаки, шахс ва унинг ҳулқ-атвори мотивларида фақат нималардандир лаззатланиш, қониқиш олиш ва ўзидаги ички руҳий изтироблардан холи бўлишга интилиш устувор бўлади.
Хақиқатдан хам инсонни тўқ ва фаровон яшашга интилиши, бой-бадавлат ҳаёт кечиришга интилиши айб эмас, аммо бундай тўкинчилик роҳат-фароғатда яшаш инсонийликка қарши бўлиши мумкин эмас. Бундай онг ва шуурдаги ўзгаришлар Европа халқларнинг энг зарур ва муҳим қадриятларига нисбатан салбий муносабатларида ифодаланилади. Масалан: Европада туғилаётган болаларнинг ҳар 3 нафаридан биттаси никоҳсиз туғилаётганлиги, туғилишнинг кескин камайиб кетганлиги, умуман аёллар ўзидан соғлом зурриёд қолдиришни истамаётганлиги, маблағ етарли бўла туриб, фарзанд туғилиши ва уни тарбиялашга кетадиган маблағни қизғанаётгалиги намоён бўлмоқда. Умуман ғарб аёлларининг аксарияти турмушга чиқиб, ўзидан муносиб зурриёд қолдириш ниятидан тобора узоқлашиб бормоқда. Унинг ўрнига яхши каръерага эришиш масаласига эътибор қаратишади.
Янгиланишлар жараёни мамлакатимизда қандай асосларга эга. У қандай намоён бўлмоқда? Шу каби саволлар барчани бирдек ўзига жалб қилиши шубҳасиздир. Зеро, ҳар бир давр фарзандлари ўз даврида ўз тарихларини яратишади. Улар яратган маънавий мерос кейинги келажак авлод учун тарих бўлиб қолади. Ўз навбатида улар ўз ота-боблари тарихига назар солиб, уларга тақлид қилишга ҳаракат қилишади. Бу эса халқимиз орасида тарқалган “Ота-бобом шундай бўлган мен ҳам шундай қиламан” қабилидаги ҳаракатларни қилишига олиб келади. Баъзида, ёшлар салбий одатларни ҳам қилганларида ота-бобом қилган, мен ҳам қиламан деб, қилаётган ҳаракатларини оқлашади. Аслида, халқимиз одатларида учрайдиган салбий ҳаракатлар халқимиз томонидан шакллантирилмаган. Балки, босқинчи давлатлар томонидан сунъий равишда сингдирилган. “Масалан, Чингизхон ўлкамизга бостириб келганида ўз саркардаларига “Шаҳарларга нодон, иродасиз, аҳмоқ кишиларни бошлиқ этиб тайингланглар, уларни қўллаб-қувватланглар ва кўкларга кўтариб мақтанглар, маҳаллий халқларнинг ақлли, билимли, обрў-эътиборли кишиларини йўқ қилинглар”, деб фармон берган экан”[4]. Шу тариқа бизда маънавиятсиз инсонларга тақлид қилиш, натижада салбий одатларга амал қилиш ҳолатлари қисман шаклланган.
Мустақилликнинг қисқа даврида мамлакатимизда миллий тарихимизнинг асл варақлари ёзилди. Тарихни қайта тиклаш даврида халқимизнинг асл ўғлонларининг ўтмиши ўрганилиб ёш авлодга ўргатилмоқда. Уларнинг мамлакатимиз тарихига қўшган ҳиссасини ҳамда ёш авлодга таъсири юзасидан юртимиз раҳбари томонидан Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарининг янги нашри кириш сўзида “Зеро, Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”[5], дея ўтмиш тарихимизда буюк ўғлонларининг ўрни беқиёслиги кўрсатиб ўтилади. Бугунги ёш авлод ўз тарихининг буюклигини билса, унинг ота-боболари ўз миллати ва инсоният учун эзгу ишларни амалга оширганлигини англаса унда янада миллий ғурур, ифтихор туйғулари ривожланади. Шу ўринда “Айни пайтда ўз ўтмишининг нақадар буюклигини англаган фуқаро аждодлари руҳи олдида қарздор, келгуси авлод олдида ғоят масъулиятли эканлигини яна бир бор чуқурроқ тушунади. Ана шу англаш жараёни инсоннинг ўзини ўзи англашига, ўзини ўзи маънавий тозалашига, ўзини ўзи ислоҳ қилишига олиб келади”[6]. Шунинг учун ҳам ҳар бир авлод ўз даврида улуғвор ишларни қилиши лозим. Вақти келиб уларнинг даври ёш авлод учун ўрнак бўладиган, фахрланидиган тарих бўлиб қолади. Тарих улуғворлиги давомийлигини таъминлаш ҳам ўз ўзидан юз бермайди, балки ҳар бир авлод вакиллари ўз даврида шу улуғ тарихга ҳисса қушиб келсагина, тарих улуғворлигининг давомийлиги таъминланади ва янгиланишлар замини вужудга келади.
Ҳозирги давр ўзгаришлар тез рўй бераётган жараёндир. Бундай шароитда халқимизнинг тафаккурини ўзгартириш ҳамда ўзгарган тафаккурни миллийлик хусусиятлари билан уйғунлаштириш миллат келажаги учун долзарб масалалардан биридир. “Бироқ, тарихни алдаб бўлмайди. Каллага ақлли фикр келди, дарров жамият тараққиётида янги даража бошланди, деб эълон қилиш билан иш битмайди. Консерватизмдан халос бўлиш учун капитализмнинг “азоб-уқубатли” босқичини ўтиш керак. Капитализм эса ўзига хос бўлган барча нуқсонлари билан бирга иқтисодиётни қайта ўзгартиради, энг муҳими эса, тафаккурни ўзгартиради”[7]. Эски тузумдан қолган тафаккурни ўзгартириш ўз-ўзидан амалга ошмайди. Айниқса, иқтисодий омиллар муҳим ўрин тутаётган бугунги жамиятимизда ўз манфаатидан воз кечиб, бошқанинг манфаати учун ҳаракат қилиши амримаҳолдир. Мамлакатмизда маънавият асосий ўринни эгаллайдиган жамият қурилмоқда. Лекин, ҳаёт бозор қонуниятларига асосланмоқда. Бундай ўринда кишиларни маълум бир воқеага ишонтириш унинг манфаатлари билан боғлиқ кечгандагина амалга ошади. “Маълум бўлишича, одамни ўзи ишонишни хоҳламаган нарсага ишонтириш ўта мушкул иш экан. Чунки у ўзининг шахсий қарашлари, манфаатларига мос келадиган нарсаларгагина ишонади”. Албатта, иқтисодий омиллар ҳар доим ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қола олмайди. Маълум бир вақтларда ёки инқироз жараёнларида маънавий омиллар ўз қудратини, ўрнини кўрсатади. Бундай пайтларда ҳамма бир-биридан инсонийликни сўрайди. Инсонийлик маънавият бор жойда ривожланади. Шу мақсадда бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси инсон учун, унинг манфааатлари учун қилинмоқда. Бу жараёнларда халқимизнинг ўзига хослиги сақланиши ва ривожлантирилиши асосий масалалардан бири бўлиб келмоқда. “Халқ эса ҳеч қачон миллий ўзига хослик йўқолиб кетишига рози бўлмайди”. Ана шундай таҳликали вазиятда, иқтисодий масалалар кундалик ҳаётимизда биринчи ўринда турган бир пайтда халқимизни миллий-маънавий қадриятлармиз руҳида тарбиялаш, уларга ишонтириш келажагимиз буюклигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Лекин, халқимиз орасида баъзи масалаларда қилаётган ҳаракатлари бугунги давр ва миллийлигимизга тўғри келмаяпти.“Одамлар ўз ҳаракатларининг баъзида ахлоқсиз ва мантиқсиз эканлигини билсаларда, жамоадан ажралиб қолишларидан қўрқиб ёки андиша қилиб яшайдилар. Бундай носоғлом миллий-руҳий хусусиятларнинг устуворлигида, албатта, жамоавийликдаги айрим қадриятлар ўз ижобий хусусиятини йўқотиб боради”[8]. Бундай ҳаракатлар мамлакат ва миллат келажагига салбий таъсир қилишини билиш учун инсон ўзини, ўзлигини англаб етиши лозим. “Инсон ўзини ташқи оламга қарама-қарши қўяди ва ўзининг манфаатларига мос келувчи мақсадга интилади, бунинг учун ўзини ўзи англаши ва ўзининг имкониятларини тўғри чамалай олиши зарур. Бунинг учун инсон ўзини ўзи тўғри англай билиши муҳим”[9].
Хулоса, таклиф ва тавсиялар:  Юқорида баён қилинган фикр, мулоҳазаларга асосланиб қуйидаги хулосаларни бериш мумкин. Биринчидан, янгиланиш ва замонавийлашиш жараёни узлуксиз ва давомий жараёндир. Иккинчидан, тарихни билиш, миллат тараққиётига улкан ҳисса қўшган аждодларимизни қадрлаш, уларнинг жасоратларидан руҳланиш халқнинг ўзига ишончини, қолаверса ўзлигини англашида муҳим аҳамият касб этади. Учинчидан, ҳар бир давр фарзандлари ўз даврида миллат келажаги учун улкан ишларни амалга ошириб бориши зарур. Шундагина буюк тарихнинг мангулиги, унинг шуҳрати ошиб боради. Тўртинчидан, “Цивилизация тараққиётининг ҳар қандай янги типи янги қадриятлар, янги дунёқараш мўлжалларини ишлаб чиқишни талаб қилади”. Биз ҳам бугунги кунда мамлакатимиз мустақиллигини, миллатимиз бирлиги ва эркинлигини таъминловчи, ривожлантирувчи миллий-маънавий қадриятлармизни асрашимиз, уларга салбий таъсир қилувчи одатларимиздан воз кечишимиз лозим. Бешинчидан, биз бугун халқимиз тарихининг улуғворлигини, буюк халқнинг фарзандлари эканлигимизни билмоқдамиз. Агарда, ана шу буюкликни сақлаб қолмоқчи бўлсак, ҳаётнинг барча жабҳаларида маваффақиятларга эришишимиз, кашфиёт ва ихтироларни амалга оширишимиз, барча марраларни эгаллашимиз лозим бўлади. Шундагина, тарихимиз мангу, келажагимиз буюк бўлади.
Адабиётлар рўйхати:
  1. Каримов И. А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз // Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз.- Тошкент: Ўзбекистон, 2000. Т.8.  – Б. 341.
  2. Қодиров А. Анъанавий жамият ва уни модернизациялаштириш стратегияси.  – Тошкент. ТДЮИ. 2006. – Б. 3.
  3. Умарова Н. Ахборот хавфсизлиги: муаммо ва ечимлар. – Тошкент.Akademiya. 2008. – Б. 32.
  4. Назаров Қ. Ғоялар фалсафаси. – Тошкент. Akademiya. 2011. – Б. 209.
  5. Темур тузуклари.- Тошкент. Ўзбекистон. 2011. – Б. 7.
  6. Жўраев Н. Тарих фалсафасининг назарий асослари. – Тошкент. Маънавият. 2008. – Б. 17.
  7. Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Тошкент. Ўзбекистон. 2011. – Б. 260.
  8. Алимардонов Т. Сиёсат ва ахлоқ мувозанати. – Тошкент. Янги аср авлоди. 2011. – Б. 142.
  9. Тўраев Б.О. Борлиқ: моҳияти, шакллари, хусусиятлари.- Тошкент. Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2011. – Б. 106-107.
[1] Каримов И. А. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз // Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз.- Тошкент: Ўзбекистон, 2000. Т.8.  – Б. 341.
[2]Қодиров А. Анъанавий жамият ва уни модернизациялаштириш стратегияси.–Тошкент. ТДЮИ. 2006. –Б. 3.
[3]Умарова Н. Ахборот хавфсизлиги: муаммо ва ечимлар. – Тошкент.Akademiya. 2008. – Б. 32.
[4]Назаров Қ.Ғоялар фалсафаси. – Тошкент.Akademiya. 2011. – Б. 209.
[5]Темур тузуклари.- Тошкент. Ўзбекистон. 2011. – Б. 7.
[6]Жўраев Н. Тарих фалсафасининг назарий асослари. – Тошкент.Маънавият. 2008. – Б. 17.
[7]  Каримов И.А. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида. – Тошкент. Ўзбекистон. 2011. – Б.260.
[8]Алимардонов Т. Сиёсат ва ахлоқ мувозанати. – Тошкент.Янги аср авлоди. 2011. – Б. 142.
[9]Тўраев Б.О.Борлиқ: моҳияти, шакллари, хусусиятлари.- Тошкент.Фалсафа ва ҳуқуқ институти, 2011. – Б. 106-107.
скачать dle 11.3

23-10-2017, 16:23 256 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив