» » » ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Muallif(lar):  Х.Т.Уразалиев Ш.Б.Кимсанбаева
Nashr ma`lumotlari:    //Мамлакат Тараққиёти  ёшлар нигоҳида // мавзусида
“2017-йил – Ҳалқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланган
иқтидорли талаба-ёшларнинг 1-илмий –амалий конференцияси материаллари
To‘plamni yuklash uchun havola:
 
To’plam

ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ


Талаба: Х.Т.Уразалиев (ТДАУ)
Илмий раҳбар: Ш.Б.Кимсанбаева (ТДАУ)


Барчамизга маълумки ХХI аср ахборот асри,фан-техника ва технологиянинг ривожланиниши, турли информацияларга эга бўлиш имкониятиниг тезлиги, қолаверса компьютер, телефон ва интернетга кунига неча маротаба мурожаат этишимизнинг ўзи ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Бундай инновацион тараққий этган замонда бир сўз билан айтганда, глобаллашув даврида ўз мустақил фикрига эга кенг дунёқарашли ҳамда диний, сиёсий, ҳуқуқий онгги тўла шаклланган, Ватанга муҳаббат, оилага садоқат, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбияланган юксак маънавиятли, юқори интеллектуал салоҳиятли ва рақобатбардош кадрларни етиштириш барчамизнинг олдимизда турган долзарб ва устувор вазифамиздир.
Мустақил Ўзбекистонимизнинг беҳисоб ер ости ва ер усти бойлиқларига эга эканлиги, муҳим жуғрофий кенгликда жойлашганлиги, барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиёти, инвестицион жозибадорлиги ва сиёсий фаол, салоҳиятли изланувчан ёшлар мамлакати  эканлиги ҳамда дунё бўйича наркотик моддаларнинг асосий қисмини етиштирувчи давлат бизга қўшни эканлигини ҳисобга олсак Ўзбекистон бу йўлда асосий тўсиқ эканлиги ҳам бугун айнан бизнинг юртимизга қаратилган мафкуравий-ғоявий таҳдидларнинг асосий сабабларидир. Ёшларимизни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш ҳақида гап борганда, аввало шахсни эзгулик сарчашмаси билан суғорилган ўз қарашларидан, мақсад ва интилишларидан, қатъий ҳаётий позициясидан чалғитувчи ташқи ва ички таҳдидларга тўхталиб ўтишни ўринли деб биламан. Таҳдидларни бир неча турларга ажратишимиз мумкин. Иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва ҳарбий таҳдидларга бўладиган бўлсак, инсоният учун энг ҳавфли ва ҳатарлиси иқтисодий ёки ҳарбий таҳдид эмас, айнан муайян шахс, жамият, миллатнинг онггига қаратилган мафкуравий-ғоявий таҳдидлардир. Мустақиллигимизга ва маънавиятимизга тамал тошини қўйган биринчи Президентимиз И.А.Каримов миллий-маънавий тикланиш йўлидаги таҳдид тўғрисида гапириб шундай дейди: “Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутуш лозим, деб ўйлайман”[1] .
Мафкуравий-ғоявий таҳдидларнинг энг ҳавфли томони шундан иборатки у жамият аъзоларини энг аввало ёшларни ўз Ватанига, халқига, миллатига бўлган муҳаббатини сўндиради, улардаги миллатпарварлик, ватанпарварлик, ғояларидан чалғитиб, уларни бефарқ, лоқайд кишиларга айлантиради. Энг оғриқли ва ачинарли жойи ҳам айнан ёшларимизнинг мана шундай бузғунчи ғоялар таъсирига тез тушиб қолаётганлиги ва қайтиб чиқа олмаятганлигидир. Инсоният бошидан ўтказган тарих тажрибасидан маълумки ғоявий қурашлар, қарама-қаршилик ва зиддиятлар ҳамма даврда бўлган. Жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг бир неча юз йиллик тарихида бир неча истибдод тузумни бошидан ўтказди, лекин ҳамма даврда ҳам ҳалқдан  зулм ва зўравонликга қарши қурашган миллат қаҳрамонлари етишиб чиққан. Улар бизнинг фахр ва ифтиҳоримиздир. Бугунга келиб замон шитоби жадаллашган бир пайтда мафкуравий таъсирнинг яъни таҳдид ва тазийқнингтаъсирчан механизмларидан кенг фойдаланилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, барча нарсанинг асосида икки куч бўлади: бири бунёдкорлик, иккинчиси вайронкорлик.[2] Уларнинг биринчиси давлат ва жамиятни тараққиёт сари етакласа, иккинчиси эса танназулга олиб боради. У ҳоҳ бунёдкор, ҳоҳ вайронкор ғоя бўлсин ўзининг  тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришда энг самарали усул бўлиб ОАВ ҳисобланади. Йирик сиёсатчилардан бири Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тетчер шундай деганди: “Оммавий ахборот воситалари - террорчилар учун кислород вазифасини ўтайди”. Бу гапни чуқурроқ ўйлаб кўрсак терорчилар бир қанча инсонларни шафқатсизлик билан ўлдириш орқали миллионларда қўрқув ва даҳшат уйғотишга интиладилар. Демак, уларнинг мақсадлари – ўлдириш эмас, жамоатчиликка кучли таъсир қилишдир. Бунинг акси ўлароқ инсонлар қалбига эзгулик, саҳоват, сийлаи-раҳм каби туйғуларни ҳам турли бадия ва прототиплар орқали олиб кирадиган ҳам ОАВнинг у ёки бу кўринишидир. Шундай экан айтиш мумкунки, болаларимиз кўраётган мултьфилмдан ўзимиз севиб тинглаётган  ёки томоша қилаётган клипларимизгача, ўқиган журналларимиздан севимли сериалларимизгача ҳар бирида у ёки бу маънода мафкуравий фаолият яширинган бўлади.
Халқимизда шундай гап бор “Томчи тошни тешар”. Хўш, бунда нима маъно демоқчимисиз? Асл моҳият томчининг кучида эмас, унинг давомийлигидадир. Бетакрор юртимизнинг эртанги куни унинг келажакдаги мавқеи ва бугунги барқарорлигининг бардавомлиги бугунги ёшларимизга, уларнинг таълим ва тарбиясига бевосита боғлиқдир. Уларни ҳар қандай мафкуравий тажоввузлар ва ғоявий таҳдидлар билан қарама-қарши келгандаўз қарашларида содиқ ва собит тура олишида мафкуравий иммунитетини шакллантиришда юқорида қайд этилганидек таълим ва тарбиянинг узвийлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Оила, мактабгача таълим, мактаб, лицей, коллеж, олийгоҳ, меҳнат жамоалари, жамоат бирлашмалари буларнинг ҳар бир босқичида инсонни комилликка элтивчи назария ва амалиёт шакллантирилиб борилади. Айнан шу масалада пандномаларда шундай дейилади: “Инсон эмизикли гўдакка ўхшайди ва у умри давомида ҳулк-атвор жиҳатидан шакллантириб борилиши керак”[3]. Юқорида айтилган давомийлик деганда шулар назарда тутилган эди.
Жаҳон цивилизациясига ўз ҳиссасини қўшган буюк аждодларимиздан қолган ноёб ва нодир асарларни, шахсни “Комил инсон” қилиб тарбияловчи бир сўз билан айтганда “Шарқона аҳлоқ кодексларини”ҳар биримиз тўлиқ ўқиб-ўрганишимиз шарт деб биламан. Тарихий хотираси бор инсон – иродали инсон бўлади, иродали инсон эса илдизи бақувват дарахтга қиёсдир. Шамол ҳоҳлаган томонидан эсмайдими барибир ағдаролмайди. Бугунга келиб “Ғарбдан эсаётган шамоллар” Ўзбекистон аталмуш жаннатмакон боғимизнинг ёш ниҳолларига ўз таъсирини ўтқазмоқда. Аҳлоқсизликни тарғиб қилувчи, маданият ва маънавиятнинг том маънодаги кушандаси Оммавий маданият”  байроғи остидаги бизга ёт бўлган, бузуқлик ва зўравонликни, индивидуализм ва эгоцентризм ғояларини тарқатувчи мафкуравий таҳдиднинг ўзига ҳос кўринишидир. Бу оқимга қўшилиб оқишнинг асосий сабабларидан бири ғоясизлик яъни ғоявий бўшлиқдир. “…бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ бўлмайди. Қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳарақат қилади”[4].  Бунинг тарафдорлари гедонизм ва дегуманизм ғояларига асосланади. Ўз миллатининг тарихини, ҳалқининг кечирган кечмишини, залворли ўтмишини билмаган, урф-одат ва қадриятларига ҳурматсизлик қилган нигилист инсонни у ҳалқининг эртангги кунига ўз ҳиссасини қўшишига ишонмайман.
Дунёнинг мафкуравий манзараси тез суръатларда ўзгариб бораётган шиддатли ва таҳликали  замонда, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодни билимли, маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масаладир. Бунинг учун уларда  ҳалқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлигига даҳлдорлик, оила ва жамият олдида масъуллик, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-сиёсий фаоллик туйғусини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, китобга меҳрини кучайтириш, уларни турли ташқи таҳдидларга манипулятор бўлиб қолишдан асрайди. Ахборот теҳнологиялари шу даражада ривожланмоқдаки,бугунга келиб ҳаммамизнинг хонадонларимиз қолиб, чўнтакларимизга кириб келди. Охирги пайтларда кибертеррозимнинг авж олиб борилаётганлиги ҳам кишини ҳавотирга солади, асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали жамиятдаги  сиёсий ва маънавий онги заиф одамларни ўз домига тортиб кетмоқда. Манбаси йўқ хабарларни тарқатилиш, ёшларда воқеликни нотўғри англаш мафкуравий иллюзияга сабаб бўлади. Бунинг натижасида жамиятнинг люмпенлашиши, ксенофобия, ёшлар онггида у ёки бу томонга оғдирувчи флуктуация, бузилган онг, буларнинг барчаси ижтимоий онг деформацияларидир.
Ҳулоса ўрнида айтиш жоизки, глобаллашув мутассил давом этадиган жараён экан, тараққиёт ҳам ворисийликка эга. Мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги буюкдир, жаҳон ҳамжамияти нафақат таниди тан ҳам олди. Ўз олдига қўйган стратегик мақсади, танлаган йўли бор. Умумий аҳолисининг 60% дан ортиғини ёшлари ташкил этадиган бундай юртнинг ер усти бойликлари шу эмасми, бизга қаратилган ҳар қандай таҳдид у ҳоҳ ғоявий, ҳоҳ виртуал бўлсин, бу бизнинг ёшларимизга ва келажагимизга қилинган таҳдиддир. Эртамиз эгаларини юксак маънавиятли қилиб тарбиялашда Биринчи Президентимизнинг бебаҳо, энг нодир “Юксак маънавият - енгилмас куч” асари бизларга маънавий меросдир. “Бугунги кунда ғояни тақиқ билан, маъмурий чоралар билан енгиб бўлмайди. Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин” деган фикрлари ҳар бир ватандошимиз учун дастуриамал бўлиш керак.
Адабиётлар:
  1. И.А.Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч”. – Т.: “Маънавият”. 2015 йил 13-14 бетлар
  2. Донишлар ўғити69-70 бетлар
  3. И.А.Каримов “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”. Т.: “Ўзбекистон”, 1999 йил 140-141 бетлар.
[1] И.А.Каримов «Юксак маънавият – енгилмас куч”. – Т.: “Маънавият”. 2015 йил 13-14 бетлар
[2] Донишлар ўғити  69 бет
[3] Донишлар ўғити  70 бет
[4] И.А.Каримов “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз”. Т.: “Ўзбекистон”, 1999 йил 140-141 бетлар
скачать dle 11.3
Kalit so'zlar:

24-10-2017, 15:28 440 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив