» » » ЭКОЛОГИК АУДИТНИНГ КОНЦЕПТУАЛ ҚОИДАЛАРИ

ЭКОЛОГИК АУДИТНИНГ КОНЦЕПТУАЛ ҚОИДАЛАРИ

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
ЭКОЛОГИК АУДИТНИНГ КОНЦЕПТУАЛ ҚОИДАЛАРИ


Д.Б.Хушманова
Тошкент давлат аграр университети


Инсон ва табиатнинг ўзаро алоқадорлиги, жамият ва табиатнинг ўзаро таъсири инсоният тамаддунининг барча босқичларида, ҳар хил фалсафа мактаблари ва йўналишларининг эътиборини жалб қилиб келган.
Экологик хавфсиз барқарор ривожланишни таъминлаш муаммоси  Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек: “Экология ҳозирги замоннинг кенг миқёсдаги кескин ижтимоий муаммоларидан биридир. Уни ҳал этиш барча халқларнинг манфаатларига мос бўлиб,цивилизациянинг ҳозирги куни ва келажаги кўп жиҳатдан ана шу муаммонинг ҳал қилинишига боғлиқдир”[1].
Бунда давлатнинг бош экологик функцияси-жамиятдаги иқтисодий ва экологик манфаатларнинг илмий асосланган нисбатини таъминлаш, инсоннинг табиий муҳитда яшашга конституцион ҳуқуқини амалга ошириш учун зарур кафолатларни таъминлаш саноат-хўжалик ва бошқа фаолият турларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Табиат билан уйғунликда яшаш - Ердаги ҳаётнинг асосий тамойилларидан бири бўлиб, табиат устиданфақат унинг қонунларига риоя қилган ҳолда ҳукмронлик қилиш мумкин. Шунга қарамасдан, табиат билан жамиятнинг ҳозирги босқичдаги ўзаро таъсирида антропоген экоциднинг барча белгилари намоён бўлмоқда. Бошқача айтганда, инсоният томонидан ердаги барча зарур шарт-шароитлар, ҳатто ўз ҳаёт фаолиятининг қонуниятлари ҳам бузилмоқда.
XX аср ўрталарига қадар табиат худди битмас-туганмас ресурс, экологик муаммолар эса енгиб ўтиладигандек бўлиб туюлган. Ҳозирги вақтда ҳам бутун Дунёга хавф туғдираётган экологик кризиснинг бутун теранлигини кўпчилик ҳали тушуниб етмаяпти.
Ўтган асрнинг 20-чи йилларидаёқ академик В.М.Вернадский “маданиятли инсоният кучи” билан табиатнинг ўзгартирилиши геологик миқёсдаги ҳодисага айланмоқда деган фикрга келган. Инсон биосферанинг бир қисми сифатида ўз меҳнати билан тирик моддаларнинг планетар функциясини кўп марталаб ўзгартирмоқда, у инсон тафаккури билан кўпроқ бошқарилувчан бўлиб қолмоқда. Бу жараён ер биосферасини “фикр қиладиган қобиққа” тафаккур соҳаси ноосферага айланишига олиб келиши табиий ва муқаррар. Академик Н.Н.Моисеевнинг фикрига кўра, ноосферага интилиш кишилик жамияти ва биосферанинг ноэволюцияси (эволюция билан биргаликда, ўзаро боғлиқликда яшаши) орқали амалга оширилиши мумкин. Ноэволюция экология, ахлоқ ва сиёсат учлигидаги зиддиятларнинг ечими, “табиат стратегияси” ва “тафаккур стратегияси”ни мувофиқлаштириш сифатида тадқиқ қилинади. Лекин биосфера ва кишилик жамияти биосферасининг эволюция қонуниятлари ва суръатлари шунчалар фарқли-ки, ноэволюция концепсиясида табиатга нисбатан жамият таъсирининг тубдан ўзгариши, унинг экологик ҳукмга итоат қилиши хусусида сўз юритилади.
Иқтисодиёт ва экология талабларини бирлаштиришга қаратилган назария ва концепциялар кўпроқ эътироф этилмоқда. Бундай назария ва концепциялар экологик хавф-хатарсиз барқарор ривожланишини назарда тутади. 1983 йил БМТнинг атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Халқаро Комиссияси тузилди.
1987 йил Комисссия тамадду(цивилизация)нинг янги модемини излаш зарурлигига урғу берилган “Бизнинг умумий келажагимиз” мавзусидаги докладни чоп этиб, унда йирик экологик муаммоларни кўтариш ва ҳал этиш уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммолар билан боғланмасдан ҳал этилиши мумкин эмаслиги кўрсатиб берилди. Ушбу доклад БМТнинг Бош Ассамблеясида маъқулланганидан сўнг “экологик ривожланиш” тушунчасига яқин “барқарор ривожланиш” тушунчаси пайдо бўлди. Ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бундай модемида ҳозирги замон ва келажак авлоднинг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга эришилади. Ҳозирги вақтда кўплаб мамлакатлар бундай моделни амалга оширишга киришдилар.
Ушбу вазифаларни ҳал этиш табиат ва жамият ўртасидаги табиатдан фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш шаклларидаги муносабатлари жараёнида эришилади. Табиат билан жамият ўртасидаги бундай муносабатларда жамият томонидан асосий иштирокчи-бу корхоналар.
Табиатдан фойдаланиш-бу корхонадаги табиий объектларнинг фойдали хусусиятларини олиш ва маҳсулот ишлаб чиқариш, иш ва хизмат кўрсатиш мақсадида уларни технологик жараёнларни ва бутун корхона фаолиятини таъминлаш учун ишлатилиши билан боғлиқ фаолиятдир. Корхоналар табиатдан фойдаланишни амалдаги қонунчилик доирасида ташкил этиб, унга оқилона, мажмули тус бериш ва атроф-муҳитга техноген таъсирини чеклашга интиладилар.
Техноген фаолият жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш-бу табиий объектларга нохуш техноген таъсирлар кўрсатилишига йўл қўймаслик ва улар сақланишининг табиий шароитларини сақлаб қолиш бўйича мажмули тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат.
Шундай қилиб, инсоният тамаддунининг ҳозирги босқичида табиат устидан ҳукмронлик эмас, балки унинг қонуниятларини илмий асосланган ҳолда ўрганиш ва табиат билан уйғунликда яшаш биринчи даражали ҳаётий заруратга айланмоқда.
[1] Каримов И.А. Ўзбекистон ХХ1 аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. –Тошкент, Ўзбекистон, 1997.  –б.115.

скачать dle 11.3

22-05-2018, 12:43 311 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив