» » » ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ ТАШКИЛИЙ ЖИҲАТЛАРИ


М.Р.Абдуллаева, Б.М.Джураев
ТошДАУ


Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг самарали фаолият кўрсатиши ва рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан ҳисоб ахборотларининг халқаро тан олинган тамойилларига жавоб беришига боғлиқ. Бизнинг фикримизча,ушбу тамойиллар талабларини қондириш учун бухгалтерия ҳисобини халқаро ва миллий стандартлар асосида корхона хусусиятларини ҳсобга олган ҳолда ёндашиш мақсадга мувофиқ.
Бухгалтерия ҳисобини оқилона ташкил этишда ҳисоб жараёнларини режалаштириш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у алоҳида иш турлари бўйича режаларни ишлаб чиқиш ва бажаришни ўз ичига олади (1-расм).
Ҳужжатлаштириш режасида хўжалик операцияларини ҳисобга олиш бўйича дастлабки ҳужжатлар бланкаларига бўлган эҳтиёж ҳисоб-китоби тузилади. Бунда хўжалик юритувчи субъект дастлабки ҳужжатларнинг намунавий шаклларидан фойдаланиши ёки ўзи мустақил ишлаб чиққан ҳужжат шаклларини қўллаши мумкин.
Дастлабки ҳужжатлар бланкаларига бўлган эҳтиёж аниқланганидан сўнг уларни сотиб олишга ёки босмахонада чоп этишга буюртма берилиши лозим. Дастлабки ҳужжатларнинг намунавий шакллари ҳам, корхонада ишлаб чиқилган шакллари ҳам Ўзбекистон Республикаси “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунида кўзда тутилган талабларга риоя қилган ҳолда тузилади. Дастлабки ҳужжатларни ташкил этишнинг асоси корхона раҳбари томонидан тасдиқланган ҳужжатлар айланиши графиги ҳисобланади.
Инвентаризация ўтказиш режасида режадаги ва режадан ташқари инвентаризацияларни ўтказиш тартиби, шакллари ва муддатлари кўрсатилади. Инвентаризация режаси активлар ва мажбуриятларни текшириш корхонанинг нормал ишлашига салбий таъсир кўрсатмайдиган қилиб тузилиши лозим. Режадан ташқари инвентаризация ўтказиш муддатлари моддий жавобгар шахсларга билдирилмаслиги керак.

                                                                                                                             

Ҳисобот тақдим этиш режасида қуйидагилар кўрсатилади: ҳисобот шакллари, у ёки бу ҳисоботни тузиш лозим бўлган ҳисобот даври, ҳисоботларни топшириш муддатлари, корхона, ташкилот ва муассаса номи ва манзили ҳамда ҳисоботни қабул қилувчи мансабдор шахс фамилияси ва исми-шарифи, ҳисоботларни тақдим этиш усули (электрон, почта ва б.) ва ҳисоботларни тузиш учун масъул шахсларнинг фамилияси ва исми-шарифи, улар бажарадиган ишлар аниқ кўрсатилиши зарур. Ҳисобот режаси қоидага кўра, икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда ташқи фойдаланувчиларга тақдим этиладиган, иккинчи қисмда корхонанинг алоҳида бўлинмаларидан олинадиган ҳисоботлар бўйича зарур маълумотлар келтирилади.
Бухгалтерия ҳисобини техник расмийлаштириш режасида мазкур корхонада қўлланиладиган ҳисоб шаклининг батафсил тавсифи келтирилиб, корхонада қандай электрон ҳисоблаш машиналари, қурилмалар ва бошқа техник воситалардан фойдаланилиши кўрсатилади. Бухгалтерия ҳисобининг шаклини танлашда эса мазкур масалага оид йўриқномалар ва кўрсатмалардан фойдаланиш, корхона фаолиятининг муайян шарт-шароитларини ҳисобга олиш, бухгалтерия ҳисоби амалдаги шаклларининг афзалликлари ва камчиликларини ўрганиш тавсия этилади.
Бухгалтерия ҳисобини техник жихозлаш режасида ҳисобни компьютерлаштириш масаласига алоҳида ўрин ажратиш лозим. Электрон ҳисоблаш машиналаридан фойдаланиш билан бирга, турли ҳисоблаш жадваллари ва механик ўлчагич воситалари (ўлчагич идиш, тарози ва ҳ.к.)дан ҳам фойдаланиш зарур.
Бухгалтерия ходимларининг меҳнатини ташкил этиш режасида бухгалтерия аппаратининг тузилиши ва штат жадвали аниқланиб, ҳар бир ходимга лавозим йўриқномаси ишлаб чиқилади, уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирлар белгиланади ҳамда ҳисоб ишларининг графиклари тузилади.
Бухгалтерия аппаратининг тузилмасини ва унинг алоҳида бўлинмалар билан алоқа қилиш шаклларини аниқлашда бухгалтерия ҳисобини марказлаштирилган ёки марказлаштирилмаган шаклда ташкил этиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш зарур.
Марказлаштирилган бухгалтерия ҳисобида корхонанинг ҳисоб аппарати марказий бухгалтерияда жамланади ва унда алоҳида бўлинмалар (бўлим, омборхона ва ҳ.к.)дан келиб тушувчи дастлабки ва йиғма ҳужжатларга асосан синтетик ва аналитик ҳисоб битта жойда амалга оширилади. Корхона бўлинмаларида эса фақат хўжалик операциялари дастлабки ҳужжатлар билан расмийлаштирилади.
Марказлаштирилмаган бухгалтерия ҳисобида ҳисоб аппарати корхонанинг алоҳида бўлинмаларига тарқатилиб, у ерда синтетик ва аналитик ҳисоб амалга оширилади ҳамда цех, бўлим ва бошқа таркибий бўлинмаларнинг баланс ва ҳисоботлари тузилади. Бу ҳолда марказий бухгалтерия таркибий бўлинмаларнинг баланс ва ҳисоботларини умумлаштириб, бутун корхона бўйича йиғма баланс ва ҳисоботларни тузади ҳамда таркибий бўлинмаларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботнинг юритилиши устидан назоратни амалга оширади.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, бухгалтерия ҳисобини марказлаштириш бош бухгалтер томонидан раҳбарлик ва назорат қилишнинг таъсирчанлигини таъминлайди, ҳисоб ходимлари ўртасида меҳнат тақсимотини мақсадга мувофиқ амалга ошириш ва ЭҲМ дан самарали фойдаланишга имкон беради. Шунинг учун, бухгалтерия ҳисобини фақат йирик корхоналарда марказлаштирилмаган ҳолда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Аксарият корхоналарда марказлаштирилган бухгалтерия ҳисоби тизими қўлланилади. Айрим корхоналарда муайян шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда қисман марказлаштирилмаган бухгалтерия ҳисоби ташкил этилиб, таркибий бўлинмаларда дастлабки ҳужжатларни тузишдан ташқари айрим синтетик счетлар бўйича аналитик ҳисоб юритилади, харажатлар ҳисоби амалга оширилади, маҳсулот (иш, хизмат)ларнинг ҳақиқий таннархи ҳисобланади ва ҳ.к. Лекин, таркибий бўлинмаларда якуний бухгалтерия ҳисоби юритилмайди, баланс ҳамда бошқа ҳисобот шакллари тузилмайди.
Бухгалтерия ходимларининг меҳнатини ташкил этишда, ҳисоб ишларининг графигини тузиш муҳим босқич ҳисобланади.
Ҳисоб ишлари графикларининг асосий мақсади ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, ишларнинг бажарилиш муддатларини аниқлаш бўлиб, ҳисоб ходимларининг меҳнатини илмий ташкил этиш бўйича тадбирлар белгиланмоқда. Бундай графиклар индивидуал, тузилмавий ва йиғма бўлиши мумкин. Индивидуал графиклар (календар режалар)да ҳар бир ҳисоб ходими томонидан қандай ишлар ва улар қайси муддатларда бажарилиши кўрсатилади. Графикда ходимнинг иш куни давомида ва ундан узоқроқ даврларда (хафта, ой, чорак ва ҳ.к.) банд бўлиши таъминланади.
Тузилмавий графикларда бухгалтериянинг ёки корхонанинг алоҳида таркибий бўлинмалари (ҳисоб-китоб бўлими моддий бўлим, омборхона ва ҳ.к.) томонидан қандай ишлар ва қайси муддатларда бажарилиши лозимлиги кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.
Йиғма графикда бутун корхона бўйича алоҳида ҳисоб ишларини бажариш (инвентаризация ўтказиш, молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботларни тузиш ва ш.к.) муддатлари кўрсатилади. Унда корхона бўйича бутун ҳисоб-жараёни умумлаштирилган ҳолда акс эттирилади. Унинг бажарилиши учун корхона бош бухгалтери масъул ҳисобланади. Ҳисоб ишларининг графиги жадваллар кўринишида тузилиб, уларда режалаштирилган ишларнинг бажарилиш муддатлари тўғрисида белги қўйиш кўзда тутилиши лозим.
Шундай қилиб, бухгалтерия ҳисоби ахборотларидан фойдаланувчиларни ишончли ахборотлар билан таъминлаш, самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш ва молия хўжалик фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатиш ҳисоб ишларининг пухта режалаштирилишига боғлиқ.
скачать dle 11.3

29-05-2018, 14:26 423 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив