» » » БОШҚАРУВ АХБОРОТЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШДА БОШҚАРУВ БАЛАНСИНИНГ АҲАМИЯТИ

БОШҚАРУВ АХБОРОТЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШДА БОШҚАРУВ БАЛАНСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
БОШҚАРУВ АХБОРОТЛАРИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШДА БОШҚАРУВ БАЛАНСИНИНГ АҲАМИЯТИ


Д.Наимова, Д.Мамадияров
Тошкент давлат аграр университети


Мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширилиши ва иқтисодиётнинг эркинлаштирилиши барча хўжалик юритувчи субъектларнинг бозор талаблари асосида фаолият кўрсатишини таъминлайдиган эркин иқтисодий маконни вужудга келтирмоқда. Иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш учун янги техника ва технологияларини қўллаш, ишлаб чиқаришни тўғри йўлга қўйиш, фойдаланилмаётган имкониятларни аниқлаш, харажатларнинг тўғри ва мақсадга мувофиқ сарфланиши бўйича зарур ахборот маълумотлари керак бўлади. Шу нуқтаи - назардан келиб чиқиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳар бир субъект ўз хўжалик фаолиятларини амалга оширишда ўзларининг манфаатларига мос келадиган мақбул ахборотлардан бирини танлаб ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш муҳим ҳисобланади. Бошқарувни бундай ахборотлар билан таъминлашда бухгалтерия баланси маълумотлари асосий манбалардан ҳисобланади.
Баланснинг классик таърифи - бу икки томонлама жадвалда гуруҳланган кўрсаткичлар тизими бўлиб, унда маълум бир санага маблағлар таркиби, жойланиши, ҳаракати ва уларнинг манбалари (хусусий капитал ва мажбуриятлар) қиймат ифодасида акс эттирилади. Бухгалтерия баланс ҳисобот шакли сифатида турғун ва кумулятив хусусиятга эга бўлиб, унда ҳисобот санасигача содир бўлган ва ҳисобга олинган барча операциялар акс эттирилади. Баланс маълумотлари асосида корхонанинг молиявий аҳволини тавсифлайдиган кўрсаткичлар таҳлил қилинади ва баҳоланади, корхонанинг ривожланиш тенденциялари белгиланади.
Бошқарув ахборотларидан самарали фойдаланиш мақсадида бошқарув балансига алоҳида аҳамият берилади, чунки ҳисоблаб чиқиладиган кўрсаткичлар тизими орқали хўжалик фаолиятининг ўзига хосликлари ва фаолиятнинг турли томонлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликларни холис тавсифлаш мумкин. Бунда кўрсаткичлар тизимини қуйидаги таснифий белгилар бўйича туркумлаш мақсадга мувофиқ:
-бошқариладиган объектга таъсир кўрсатиш жараёнида кўрсаткичлардан фойдаланишнинг мақсадлари ва функциялари (ҳисоб, прогноз қилинаётган, ҳисобот, норматив, сунъий ва бошқалар). Бунда мақсадларни аниқлаш - муҳим бошланғич босқич ҳисобланади;
-кўрсаткичларни ифодалаш усуллари ва ҳисоблаш тартиби (абсолют, нисбий, қиймат).
Мазкур талабларга мувофиқ, бошқарув баланси анъанавий баланснинг активлари ва пассивларини сифат жиҳатдан тавсифлаш, мулк ва капиталнинг асосий пропорциялари устидан назоратни амалга ошириш, унинг ликвид, тўловга қодир, барқарор ва молиявий жиҳатдан мустақил бўлиб қолиш қобилиятига таъсир кўрсатишга қаратилган. 
Бошқарув балансининг тузилиши анъанавий бухгалтерия баланси шаклига асосланади, лекин бошқарув баланси ҳар хил вариантларда тузилиши мумкин. Мавжуд вариантлардан активларни уларнинг ликвидлигига қараб акс эттирадиган, пассивларни эса, уларнинг талаб этиб олинадиган муддатига қараб экс эттирадиган шакл афзал ҳисобланади. Бошқарув баланси ўз мазмунига кўра мураккаб бўлмаслиги лозим, унда моддалар гуруҳи, сўнгра таҳлил қилишда ва бошқарув қарорларини қабул қилишда аҳамиятли бўлимлар шакллантирилади.
Бунда бошқарув балансининг шакли хўжалик юритувчи субъектининг раҳбари ва менежерлари ўқий оладиган ва қулай бўлиши ҳамда хўжалик фаолиятининг хусусиятларини акс эттириши муҳимдир. Бундай балансни тузиш даврийлиги таҳлил ўтказиш заруриятига қараб белгиланади, стандарт бухгалтерия баланси моддаларининг таркиби шунга мос бошқарув қарорларини талаб қиладиган даражага ўзгарадиган вақт ҳисобга олиниши лозим.
Бухгалтерия балансининг стандарт шаклини бошқарув баланси шаклига айлантириш ўзига хос хусусиятларга эга. Бунда аввало қуйидагиларга риоя қилиниши зарур:
♦ бошқарув балансининг шакли ўз таркиби бўйича бир турдаги баланс моддаларини бирлаштириш (агрегатлаш) йўли билан амалдаги счётлар режасига мувофиқ стандарт счётлар тўпламидан фойдаланган ҳолда тузилади;
♦ бошқарув балансининг шакли жорий ва узоқ муддатли активлар, мажбуриятлар ва ўз маблағлари манбаларининг асосий нисбатлари тўғрисида ахборот бериши, тўлов қобилияти ва ликвидлик даражасини баҳолаш кўрсаткичларини ҳисоб-китоб қилиш имконини кўрсатиши, баланс таркибининг асосий рационал нисбатларини аниқлаши лозим;
♦ корхонанинг ҳақиқатда мавжуд активлари ва пассивларининг бухгалтерия балансида акс эттирилган қийматларига нисбатан улушини ҳисоблаб чиқариш учун тузатиш коэффициентларидан фойдаланиш;
♦ бошқарув балансида ҳам актив ва пассивнинг ўзаро тенглик тамойилининг сақланиб қолиниши.
Бошқарув балансини бирон-бир моддалари гуруҳининг қиймати қайси счётларнинг қолдиқлари асосида шакллантирилиши муҳим масала ҳисобланади. Бунинг учун аниқ бошқарув қарорларини қабул қилишда қайси ахборотлар энг кўп талаб қилинишини ҳал этиш зарур.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги 1996 йил 30 август Қонуни.-Ўзбекистон овози 1996 йил 17 сентябр.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 12.03.2003 йил 45-сонли буйруғи билан тасдиқланган 15-сон “Бухгалтерия баланси” номли БҲМС қоидалари.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 27.12.2002 йилда тасдиқланган “Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари” 140-сонли буйруғи.
Дўсмуратов Р.Д., Машарипов О.А. Фермер хўжалигида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш. Тошкент-2007. 90б
скачать dle 11.3

29-05-2018, 14:54 386 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив