» » » САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ

САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ

САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРИ ҲИСОБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ
 

Muallif(lar):

Nashr ma’lumotlari: ---------------- // “Аграр соҳани модернизациялаш шароитида бухгалтерия ҳисоби, таҳлил, аудит ва молия-кредит масалалари” мавзусидаги илмий-амалий конференцияси маъруза тезислари тўплами. Тошкент, 2012 йил, 8 май. 57-58 б.
Toplamni yuklash uchun havola: TO‘PLAM
 
Г.Б.Турсункулова – ТошДАУ Бухгалтерия ҳисоби кафедраси
мустақил тадқиқотчи
 
Ҳисоб объектлари ва харажат моддаларини такомиллаштириш масалалари қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ва ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш талабларидан ҳам келиб чиқади.
Сабзавотчилик харажатларини ҳисобга олиш ва маҳсулотлари таннархини ҳисоблаш фермер хўжаликларида бошқарув ҳисобининг муҳим объектидир. Шу боис, бу соҳада ҳисобни такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Фикримизча, харажатлар ҳисоби объектларининг номенклатурасини такомиллаштириш, харажатлар моддалари номенклатурасини, айрим харажат турларини ҳисобга олиш ва тақсимлаш ҳамда маҳсулот турларининг таннархини ҳисоблаш бўйича гурухлаштириш зарур. Шунингдек, сабзавотчилик тармоғида харажатлар ҳисоби объектларининг номенклатураларини такомиллаштириш мақсадида харажатлар ҳисоби объектларини майдалаштириш, ҳисобни қатъий тарзда ҳар бир экин тури бўйича олиб бориш, барча хўжаликлар учун бир хил ҳисоб объектларини қўллашдан воз кечиш зарур. Бу фикрларнинг ҳар бирини муфассал тавсифлаб ўтирмасдан, тармоқда харажатларни ҳисобга олиш объектлари ва таннарх ҳисоблашни ажратишда ягона бошланғич услубий асос зарурлигини айтиб ўтамиз, холос. Шу билан бирга, услубий тавсиялар ишлаб чиқариш шароитларининг хилма-хиллигини назарда тутган ҳолда мослашувчан бўлиши, ишлаб чиқаришнинг тармоқ хусусиятларини ва хўжаликларнинг ихтисослашганликларини ҳисобга олишга имкон бериши лозим.
Шунга кўра, сабзавотчиликда умумий ишлаб чиқаришдаги салмоғининг муҳимлигига кўра ёки ишлаб чиқариш технологиясидаги жиддий фарқларга кўра айрим экинлар бўйича харажатларни ҳисобга олиш учун алоҳида аналитик счётлар ажратилиши мақсадга мувофиқ. Умумий ишлаб чиқаришда салмоғи унчалик катта бўлмаган ва бир-бирига яқин сабзавот экинлари ҳисобини битта ҳисоб объектига бирлаштириш зарур деб ҳисоблаймиз.
Бу фикр харажат моддаларини шакллантиришга ҳам тааллуқлидир. Фикримизча, агарда бирор харажат турининг умумий харажатлардаги улуши 5-6% ва ундан юқори бўлса, уни мустақил харажат моддаси сифатида ажратиш лозим. Умумий харажатлардаги улуши 5% дан кам бўлган харажатлар эса “Бошқа харажатлар” моддасида акс эттирилиши мумкин.
Сабзавотчиликда харажатлар ҳисоби объектларини ва моддаларини аниқлашда буларни ўта муфассаллаштириш ҳисоб ишларини мураккаблаштириб юбориши мумкин. Барча фермер хўжаликларида ҳам ҳисоб объектлари ва харажат моддаларини аниқлаш ҳақидаги тавсиялардан тўғридан-тўғри фойдаланавермасликни айтиб ўтишимиз ўринлидир. Бу тавсиялар мазкур минтақа ва фермер хўжаликлари ихтисослашганлигини ҳисобга олинган ҳолда қўлланилиши лозим.
Жумладан, ҳимояланган сабзавотчиликда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича кимиёвий воситалардан кенг фойдаланиш “кимёвий воситалар” моддаси алоҳида ажратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, “Яроқсиз маҳсулот ишлаб чиқаришдан кўрилган зарарлар” моддасини жорий этиб, унга қишлоқ хўжалик ишларининг сифатсиз бажарилганлиги туфайли уларни бошқатдан қилиш билан боғлиқ барча харажатларни киритишни таклиф қиламиз. Бу харажатлар олдиндан алоҳида 2610 “Ишлаб чиқаришдаги яроқсиз маҳсулотлар” счётида тўпланиб бориши лозим.
Амалиётни ўрганиш шуни кўрсатди-ки, фермер хўжаликларида сабзавотчилик харажатларини ҳисобга олиш регистрлари ҳам такомиллаштиришга муҳтож. Жумладан, сабзавотчилик бўйича ишлаб чиқариш ҳисоботлари кўрсатгичлар тизимини унификациялаш таклиф килинди. Бу техник- иқтисодий кўрсатгичлар, харажат моддалари, маҳсулотларнинг чиқишига тааллуқлидир. Аналитик ҳисоб регистрларида олинаётган маҳсулотларнинг сифатини ва стандарт талабларини акс эттириш учун бир қатор комплекс моддаларни майдалаш бўйича амалий таклифлар қилинди.
Сабзавотчиликда ўғит харажатларини битта ишлаб чиқариш жараёнига олиб боришнинг амалдаги тартибини хам ўзгартириш зарур деб ҳисоблаймиз. Маълумки, ўғитларнинг айрим турлари маҳсулот етиштиришга бир неча йиллар давомида таъсир кўрсатади. Шундай бўлса-да, амалдаги тартибга кўра ўғитлар қиймати ерга ўғит солинган йилда харажатларга тўлиқ олиб борилади. Айрим муаллифлар ўғит харажатларини келгуси давр харажатларига ўтказишни ва уларнинг ҳар бир ўғит турининг таъсир кўрсатиш муддатларига мувофиқ бир неча йил давомида харажатларга олиб боришни таклиф қилмокдалар. .Бундай тартибни жорий қилиш учун ҳар хил ўғитларнинг тупроқ турлари ва бошқа шароитлар бўйича таъсир кўрсатиш муддатларининг аниқ тизимини олдиндан ишлаб чиқилиши лозим.
Сабзавотчиликда тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олиш ва экин турларига тақсимлашни такомиллаштириш хақидаги масала мухокама қилинмокда. Ҳозирги кунда тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатлари иш турлари бўйича ҳисобга олинади ва сўнгра улар майдонининг у ёки бу экинга тааллуқлилиги аниқлангач тақсимланади.
Фикримизча, сабзавотчиликда тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобга олишнинг энг мақбул усули харажатларнинг келгуси йилдаги тегишли ҳисоб объектларига бевосита ўтказилишидир. Буни амалга оширишнинг муҳим шарти агротехника хизмати ишини жиддий яхшилаш ҳисобланади. Келгуси йил ҳосили учун тегишли ишларни амалга ошириш пайтида бу иш қайси экин турига тааллуқлилиги аниқ бўлиши керак. Чунки, тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини тақсимлашдаги ҳар қандай шартлилик оқибатида айрим маҳсулот турларининг таннархини аниқлашда ноаниқликларга олиб келмоқда.
Сабзавотчилик тармоғида маҳсулот таннархини ҳисоблашни такомиллаштиришнинг муҳим масалаларидан бири-харажатларнинг асосий, ёндош ва қўшимча маҳсулотлар ўртасида иқтисодий асосланган ҳолда тақсимланишидир. Бу ўринда сабзавотчиликда харажатларни маҳсулот турлари ўртасида тақсимлашнинг турли услублари мавжуд. Коэффицентлар бўйича тақсимлашда коэффицентларни аниқлашнинг негизида турли тамойиллар ётиши мумкин. Жумладан, бозор баҳоси бўйича қийматига кўра, қўшимча маҳсулот қийматини қатъий баҳода чегириб масалан, режали таннарх бўйича, харажатларни ҳар бир маҳсулот таркибидаги озуқа бирликларига мутаносиб тақсимлаш ва шу кабилар қўлланилиши мумкин. Тадқиқотлар шуни тасдиқлади-ки, бу услублардан ҳеч қайси бири универсал эмас. Шунинг учун ҳар бир муайян вазиятда харажатларни чеклашнинг шундай услубини танлаш керакки, у мазкур экинни етиштирадиган технологик жараёнларнинг хусусиятларига асосан энг мақбул аниқликни таъминласин.
Сабзавотчиликда маҳсулотлар таннархини ҳисоблаш услубларини такомиллаштиришнинг муҳим шарти таннарх объектларига бевосита ўтказиладиган харажатлар доирасини кенгайтирилишидир. Бу борада сабзавотчилик тармоғида маълум имкониятлар мавжуд.
Тадқиқотларимиз харажатларни бевосита ўтказишда, айниқса, ҳимояланган сабзавотчиликда улкан имкониятлар мавжудлигини тасдиқлади. Маълумки, бу ерда таннархни ҳисоблашда деярли барча харажатлар айрим маҳсулот турлари ўртасида ҳар бир экин эгаллаган метр-кун (рама-кун)ларга мутаносиб тақсимланади. Бундай тартибда бевосита харажатларнинг кўпгина турларини, масалан, экиш, экишга тайёрлаш, экинни парваришлаш, маҳсулотни йиғиш бўйича меҳнатларига ҳақ тўлаш; ўғит, кимёвий воситаларни қўлаш, озиқлантириш; электр билан ёритиш харажатларини муайян сабзавот турининг таннархига бевосита олиб бориш мумкин.
Шунинг учун ҳимояланган ердаги сабзавотчиликда парваришланган ҳар бир экинга қилинган барча бевосита харажатларни алоҳида ҳисобга олишни ташкил этиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, сабзавотчиликда таннарх шаклланишини тўғри ташкил этиш, аниқ ҳисоб-китоб қилиш, уни пасайтириш имкониятларини аниқлаш ва натижада рақобатбардошликни таъминлашга ёрдам беради.скачать dle 11.3
Kalit so'zlar:

20-10-2017, 14:21 336 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив