» » » ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЙЎНАЛТИРИШ

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЙЎНАЛТИРИШ

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИГА ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ ЙЎНАЛТИРИШ


Д.Н.Саидова, С.Х.Элмуратова, Б.А.Рахматуллаев, 1У.Атабаева
ТошДАУ, 1Тошкент иқтисодиёт коллежи


Инвестициялар - инвестицияларнинг шаклланиши, ишлатилиш йўналишлари ва натижалари билан боғлиқ бўлган инвестицион жараён қатнашчилари ўртасидаги иқтисодий муносабатлар мажмуидир. Инвестицион жараён-иқтисодий ривожланишнинг ҳал қилувчи омилидир. Инвестицион жозибадорликни ошириш жараёнини бошқариш орқалигина иқтисодий ривожланишни амалга ошириш мумкин. Инвестиция шакллари ва мазмунини узвий боғлиқликда такомиллаштириш-инвестиция ҳажмини мақбуллаштириш ва инвестицион самарани дастурлашнинг зарур шартидир. Иқтисодиётнинг ҳеч қайси бир соҳаси, айниқса, капитал сиғимли бўлган агросаноат мажмуаси капитал жамғаришнинг зарур шарт-шароитларисиз, етарли кўлами ва юқори суръатларисиз амал қилиши ва ривожланиши мумкин эмас. Чунки, биринчидан, агросаноат мажмуи мамлакатимиз иқтисодиётининг бошқа соҳалари билан боғлиқ ривожланади ва қолган тармоқлар ривожи учун қишлоқ хўжалиги ҳам истеъмолчи, ҳам хомашё етказиб берувчи-таъминотчи сифатида қулай ишлаб чиқариш шароитини яратиб беради. Иккинчидан, соҳанинг тараққиёти хусусиятларини ҳисобга олмаслик биргина соҳа ривожланишига салбий таъсир кўрсатибгина қолмасдан, балки иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Учинчидан, жаҳон тажрибасидан маълумки, ҳар қандай ривожланаётган давлатнинг иқтисодий стратегияси самарадорлиги қишлоқ хўжалигининг ривожланиш даражаси билан бевосита боғлиқ.
Таҳлиллар кўрсатишича, аграр соҳанинг энг йирик инвестори ҳар доим давлат бўлиб келган ва давлат бюджетидан йўналтирилаётган инвестиция бир неча йўналишларга (ерларнинг мелоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация иншоотларини қуриш ва ишлатиш харажатларини қоплаш) бўлиниши мумкин.
            Кейинги йилларда иқтисодиётнинг барча соҳаларига йўналтирилган капитал қўйилмаларнинг йўналиши ва таркиби ўзгариб борди. Жумладан, қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган инвестицияларнинг улуши камайиб бораётганлиги кузатилмоқда. 1991 йилда инвестицияларнинг 25 фоизи қишлоқ хўжалигига йўналтирилган бўлса, 1995 йилга келиб бу кўрсаткич 8,4 , 2000 йилда 5,7, 2004 йилда 4,3, 2008 йилда 3,1 фоизни ташкил қилган.
Бунинг асосий сабаблари бўлиб мамлакат мустақилликка эришганидан сўнг бюджет маблағлари асосан халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мудофаа ва бошқа соҳаларга йўналтирилганлиги; қишлоқ хўжалик корхоналарининг мулкий ва хўжалик юритиш шаклларининг ўзгариши ва самарадорлиги пастлиги, инвестиция имкониятларининг чекланганлиги; чет эл инвестициясини олиб келиш учун фермер хўжаликларининг етарли даражада ҳуқуқий ва иқтисодий билимга эга эмаслиги ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигига инвестицияларни йўналтириш бошқа соҳаларга нисбатан камайиб бораётганлиги, соҳанинг катта миқдорда хорижий инвестицияларни келтиришга тайёр эмаслиги, келтирилган хорижий инвестиция маблағларидан фойдаланиш самарадорлигининг ниҳоятда паст даражада эканлигини алоҳида қайд этиш лозимдир. 2005 йилда хорижий инвестицияларни жалб этиш, жами ижтимоий маҳсулотга нисбатан ҳисоблаганда Англияда 38,7 фоизни, Болгарияда 38,0 фоизни, Германияда 25,5 фоизни, Россияда 22,0 фоизни ташкил этган. Республикамизда кейинги йилларда жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг ҳажми ортаётган бўлсада, юқорида кўрсатилган мамлакатларнинг кўрсаткичларидан бир қадар паст бўлиб қолмоқда.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов: «Ўз-ўзидан аёнки, ҳеч қайси ўзига ишонган хорижий компания, айниқса хусусий компания чуқур ислоҳотлар амалга оширилмаётган, сармоя киритишнинг зарур кафолат ва истиқболлари мавжуд бўлмаган бозорга қадам босмайди. Бу эса бизнинг зиммамизга хорижий инвестициялар учун имкон қадар кўп қулайлик яратилган муҳитни шакллантириш масалалари билан мунтазам ва атрофлича шуғулланиш вазифасини юклайди», деб таъкидлайди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чет эл капитали иштирокидаги қўшма корхоналарни кўпайтириш, улар ёрдамида жойларда қўшимча ишчи ўринларини ташкил этиш, замонавий технологияларни киритиш, жаҳон бозорида рақобатлаша оладиган халқаро андозалар асосида товар ва махсулотлар ишлаб чиқариш имконини берадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини янада ўстириш билан боғлиқ. Ички эҳтиёж жуда катта, маҳсулотни қайта ишлаш, қуритиш ва сақлашда ўз анъаналарига эга бўлган Ўзбекистонда мева - сабзавотни қайта ишловчи корхоналарида  ишлаб чиқариш қувватининг 40 фоизидан, вино ишлаб чиқарувчи корхоналар қувватининг 70 фоизидан фойдаланилмоқда, холос. Ишлаб чиқарилаётган кўпгина маҳсулотларнинг сифати ва тури рақобат шароитига ва ҳамда харидорлар талабига тўла жавоб бермайди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш технологияси етарли бўлмаганлиги туфайли ҳар йили сабзавот ва меваларнинг 25-30 фоизи исроф бўлмоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга чет эл сармояларини кенг жалб этиш, улар билан қўшма корхоналар қуришни кўпайтириш орқали жаҳон бозорига чиқиш мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлаш ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида ихчам технология билан жиҳозланган кичик ва ўрта корхоналарни барпо этиш билан чамбарчас боғлиқ. Бунда хусусий ва давлат секторининг узоқ муддатли стратегик ҳамкорлиги муҳимдир. Инвестицион жараёнларни фаоллаштириш хўжаликларда унумдорликни ошириш, уларни интенсив ривожлантириш, қишлоқда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда шарт-шароитларни яратади.           
Адабиётлар рўйхати
1. А.Намозов. Аграр соҳада инвестициялардан унумли фойдаланиш-давр талаби. «O’zbekiston qishloq xo’jalig» журнали. №6.2009 йил. 29-б.
2. И.А.Каримов. Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш – барча демократик янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотларимизнинг пировард мақсадидир.Т., «Ўзбекистон», 2007 й, 44- б.
3. Ю.Йўлдошев. Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш, модернизациялаш халқнинг хаёт даражасини юксалтириш: натижа ва устивор вазифалар. Услубий қўлланма Т.ТДПУ – 134 бет. 25-б.

скачать dle 11.3

29-05-2018, 14:20 272 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив