» » » ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ РАҚОБАТБАРДОШЛИГИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР

ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ РАҚОБАТБАРДОШЛИГИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР

Nashr ma’lumotlari: //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари//  университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola: To'plam
ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ РАҚОБАТБАРДОШЛИГИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ ОМИЛЛАР


Н.А.Пардабекова, Р.А.Кашалова
Тошкент давлат аграр университети


Тадбиркорлик соҳасида корхонага бўлган қизиқиш ва ишонч ўлчамини белгиловчи рақобатбардошлик кўрсаткичлари мавжуд бўлиб, уларга даромад ва фойданинг ўсиш суръатлари, кафолатланган иқтисодий қўшилган қиймат, мақсадли бозорларда тижорат жиҳатидан ўсиш, стратегик фарқлар, ижтимоий жавобгарлик даражаси кабиларни киритиш мумкин.
Корхонанинг рақобат жиҳатидан тутган ўрнини таҳлил қилиш унинг кучли ва ожиз томонларини, шунингдек, у ёки бу даражада харидорларнинг корхонага бўлган муносабатига ва охир-оқибатда унинг аниқ товар бозорида сотув ҳажмидаги улушига таъсир кўрсатувчи омилларни аниқлашни кўзда тутади.
Омиллар - бу корхона ишлаб чиқариш - хўжалик фаолиятининг ҳамда жамият ижтимоий- иқтисодий ҳаётининг муайян ходиса ва жараёнлари бўлиб, улар ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатларнинг мутлоқ ва нисбий миқдорининг ўзгаришига, охир-оқибатда эса корхонанинг рақобатбардошлиги даражасининг ўзгаришига олиб келади.
Корхона халқаро ва ички рақобат билан тўқнашар экан, француз иқтисодчилари А.Оливье, А.Дайан ва Р.Урселарнинг фикрича у саккиз омил бўйича ўзининг рақобатбардошлик даражасини таъминлай олиши лозим. Булар қуйидагича:
  • корхона фаолиятининг асосини ташкил этувчи товар ва хизмат концепцияси;
  • бозор етакчилари товарларининг юксак даражасига мувофиқ келишини ифодаловчи ва сўров ҳамда қиёслаш тестлари орқали аниқланадиган маҳсулотнинг сифати;
  • товарнинг бўлиши мумкин бўлган устама билан қўшиб ҳисобланган нархи;
  • ўз ва қарзга олинган маблағлари;
  • фаолиятнинг тижорат усуллари ва воситалари нуқтаи назаридан савдо тури;
  • корхона учун доимий мижозларни таъминловчи сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш;
  • корхонанинг хокимият, оммавий ахборот воситалари билан муносабатларини ҳамда жамоатчилик фикрини ижобий бошқариш имконини берадиган корхонанинг ташқи савдоси;
  • корхонанинг бўлажак истеъмолчилар талабини олдиндан кўра олиш ҳамда корхона уларнинг мазкур эҳтиёжларини қондира олишда энг юқори имкониятларга эга эканлигига ишонтира олиш қобилияти мавжудлигидан далолат берадиган сотувдан олдинги тайёргарлик.
Бунга жуда ўхшаш нуқтаи назарини мамлакатимиздаги иқтисодчилар ҳам билдиришмоқда. Хусусан, бозордаги муваффақиятнинг энг муҳим омилларига улар қуйидагиларни киритадилар:
  • корхонанинг молиявий аҳволи;
  • илғор технологияларнинг мавжудлиги;
  • юксак малакали кадрлар билан таъминланганлиги;
  • маҳсулот (ва нарх) билан маневрлар ўтказиш қобилияти;
  • сотув тармоқларининг ҳамда тажрибали сотувчи ходимларнинг мавжудлиги;
  • реклама ва жамоатчилик билан алоқада бўлиш тизимининг фаоллиги;
  • асосий харидорларнинг кредит лаёқатлиги.
Муаллифларнинг фикрига кўра, ажратиб олинган омиллар таҳлили корхона ўз фаолиятидаги ҳамда рақобатчиларининг ишидаги кучли ва ожиз томонларини аниқлашдан иборат бўлиб, бу биринчидан рақобатнинг энг кескин шаклларидан қочиш учун, иккинчидан эса ўзининг устунликлари ва рақобатчисининг ожизликларидан фойдаланиб қолиш учун имкон яратади.
Яна бир иқтисодчи олим М.Портернинг фикрича, рақобатбардошлик омиллари ишлаб чиқариш омиллари билан тўғридан-тўғри боғлиқдир. Тармоқдаги корхона ва фирмаларнинг рақобат жиҳатидан устунлигини белгилаб берувчи барча омилларни у қуйидаги бир нечта катта гуруҳлар сифатида тасвирлайди:
  1. Меҳнат ресурслари
  2. Физик ресурслар
  3. Билимлар ресурси
  4. Пул ресурслари
  5. Инфратузилма.
Корхонанинг рақобатбардошлигига таъсир этувчи барча омилларни М.Портер бир нечта турга бўлишни таклиф этади:
Биринчидан, уларни асосий ва ривожланган омилларга ажратади.
Асосий омиллар - бу табиий ресурслар, иқлим шароити, мамлакатнинг географик ўрни, малакасиз ва яриммалакали ишчи кучи.
Ривожланган омиллар - ахборот алмашинувининг замонавий инфратузилмаси, юқори малакали кадрлар ва университетларнинг мураккаб, юксак технологияларга асосланган фанлар билан шуғулланувчи тадқиқот бўлими.
Омилларни асосий ва ривожланган турларига бўлиш шартли ҳусусиятга эга. Асосий омиллар объектив равишда мавжуд ёки уларни яратиш учун унча катта бўлмайдиган миқдорда давлат ёки хусусий инвестициялар талаб этилади. Рақобатбардошлик учун юқори тартибдаги омиллар сифатида ривожланган омиллар анча катта аҳамиятга эга. Уларни ривожлантириш учун кўпроқ миқдордаги, аксарият ҳолларда вақт жиҳатидан узоқроқ давомийликка эга бўлган капитал ва инсон ресурсларининг қўйилмалари талаб этилади. Ундан ташқари ривожланган омилларни яратиш зарур шарти - бу юқори малакали кадрлардан ҳамда юксак технологиялардан фойдаланишдир.
Омилларни турларга бўлинишнинг бошқа тамойили уларнинг ихтисослашув даражасидан иборат. Шунга кўра барча омиллар умумий ва махсус омилларга бўлинади.
Умумий омиллар - уларга М.Портер турли-туман тармоқларда ишлатилиши мумкин бўлган автомобил йўллари тизими, олий маълумотли ходимларни киритади.
Махсус омиллар - бу тор ихтисосликдаги ходимлар, махсус инфратузилма, билимларнинг муайян соҳаларидаги маълумотлар базаси, битта ёки чекланган миқдордаги тармоқларда қўлланиладиган бошқа омиллардир. Уларга ҳозирда шартнома бўйича ишлаб чиқиладиган махсус дастурий таъминотни мисол қилиш мумкин.
Умумий омиллар рақобат жиҳатидан чекланган ҳусусиятдаги устунликларни беради. Улар кўпгина мамлакатларда мавжуд.
Махсус омиллар эса баъзан умумийларига асосланган ҳолда рақобатбардошликни таъминлаш учун салмоқлироқ, узоқ муддатли негизни ҳосил қилади. Ушбу омилларнинг яратилишини молиялаштириш мақсадга йўналтирилган ҳамда таҳликаси кўпинча юқорироқ бўлгани ҳолда давлатнинг бундай молиялаштиришдаги иштирокини рад этмайди.
Ва ниҳоят, рақобатбардошлик омилларини таснифлашнинг яна бир тамойили - омилларни табиий (табиий ресурслар, географик жойлашув) ва сунъий яратилган омилларга бўлишдир. Иккинчиси юқорироқ ва барқарор рақобатбардошликни таъминловчи юқори тартибли омилларни англатиши равшан.
Юқорида кўриб чиқилган корхонанинг рақобатбардошлик концепциясидан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчилар хўжалик юритувчи субъектга ва унинг маҳсулоти ёки хизматига бўлган муносабатини белгилаб берувчи барча омилларни ички ва ташқи омилларга бўлиш таклиф этилади.
Бунда ташқи омиллар деганда биринчидан, давлатнинг ҳам иқтисодий ҳусусиятдаги (амортизация сиёсати, солиқ, молия-кредит сиёсати, жумладан давлат ва давлатлараро дотация ҳамда субсидиялар; божхона сиёсати ва у билан боғлиқ бўлган импорт учун бож тўловлари; давлатнинг суғурта тизими; корхонанинг рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича миллий дастурларни молиялаштириш), ҳам маъмурий ҳусусиятга эга (бозор муносабатларини ривожлантиришга кўмаклашувчи қонунчилик хужжатларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва амалга ошириш, иқтисодиётни монополиядан чиқариш; маҳсулотни ва уни яратиш тизимларини стандартлаш ва сертификатлашнинг давлат тизимини, стандатларнинг мажбурий талабларига, маҳсулот ва тизимларни мажбурий талабларга, маҳсулот ва тизимларни мажбурий сертификатлаш қоидаларига риоя қилинишини назорат этиш, метрологик назорат; истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш) таъсир чораларини тушуниш лозим. Яъни хўжалик юритувчи субъектнинг ушбу миллий ёки жаҳон бозоридаги фаолиятини белгиловчи расмий қонун-қоидалари тушунилади.
Иккинчидан, мазкур корхона фаолият юритадиган бозорнинг асосий тавсифлари; унинг тури ва сигими; рақобатчиларнинг мавжудлиги ва имкониятлари; меҳнат ресурслари билан таъминланганлик ва уларнинг таркиби ҳамда тузилиши кабилар ҳам рақобатбардошлик омиллари ҳисобланади.
Омилларнинг учинчи гуруҳига жамиятчилик ва нодавлат муассасаларининг фаолияти киритилади. Бир томондан, улар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича турли ташкилотлар орқали корхона рақобатбардошлигининг ўсишини секинлатувчи омилдирлар. Бошқа томондан эса, нодавлат инвестиция муассасалари фаолиятнинг энг истиқболли йўналишларига инвестицияларнинг киритилишини таъминлаб, корхона рақобатбардошлигининг ўсишига кўмаклашади.
Мазкур корхонанинг рақобатбардошлигини таъминловчи ички омилларга маркетинг хизматларининг салоҳиятини, илмий - техникавий, ишлаб чиқариш технологик, молиявий - иқтисодий, кадрлар, экологик салоҳиятларни; рекламанинг самарадорлигини; моддий - техник таъминот, сақлаш, ўраш ва ташиш даражаси; ишлаб чиқариш жараенларини тайерлаш ва ишлаб чиқиш даражаси; ишлаб чиқариш назорати, синов ва текширувларнинг самарадорлиги; йўлга қўйиш, ишга тушириш ва монтаж ишларини таъминлаш даражаси; ишлаб чиқаришдан кейинги техник хизмат кўрсатиш даражаси; сервис ва кафолатли хизмат кўрсатиш даражасини киритиш лозим. Яъни сўз корхонанинг ўз рақобатбардошлигини таъминлаш бўйича ўзининг салоҳиятли имконлари ҳақида боряпти.
Шундай қилиб, омиллар корхонанинг рақобатбардошлигини оширишга ҳам, уни туширишга ҳам хизмат қилиши мумкин. Омиллар бу имкониятларни рўебга чиқарувчи воситалардир. Аммо омиллар мавжудлигининг ўзи рақобатбардошликни таъминлаш учун етарли эмас, омиллар асосида рақобат жиҳатидан устунликларга эришиш ушбу омиллардан қанчалик самарали фойдаланишга ҳамда уларнинг қайси соҳада қўлланилишига боғлиқ.
Аннотация. Мақолада фермер хўжаликлари рақобатбардошлигига таъсир этувчи омиллар таҳлили натижасида корхона ўз фаолиятидаги ҳамда рақобатчиларининг ишидаги кучли ва ожиз томонларини аниқлашдан иборат бўлиб, бу биринчидан рақобатнинг энг кескин шаклларидан қочиш учун, иккинчидан эса ўзининг устунликлари варақобатчисининг ожизликларидан фойдаланиб қолиш учун имкон яратади.
скачать dle 11.3

15-05-2018, 14:06 303 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив