» » » фермер хўжаликлари, бизнес режа, таркибий бўлим, резюме,маҳсулот, ишлаб чиқариш, маркетинг, молиявий режа.

фермер хўжаликлари, бизнес режа, таркибий бўлим, резюме,маҳсулот, ишлаб чиқариш, маркетинг, молиявий режа.

Muallif(lar): Б.Ю.Менгликулов, Х.Х.Тухтабоев
Nashr ma`lumotlari:// “Agrar sohani barqaror rivojlantirishda fan, ta’lim va ishlab chiqarish integratsiyasi” mavzusidagi professor-o‘qituvchi va yosh olimlarning I ilmiy-amaliy konferentsiyasi materiallari to‘plami. Toshkent, 2017 yil, 30-31 may.
To‘plamni yuklash uchun havola: yuklash


ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ УЧУН БИЗНЕС РЕЖАНИНГ ТАРКИБИЙ БЎЛИМЛАРИ ВА УНИ ТАЙЁРЛАШ МАСАЛАЛАРИ





Б.Ю.Менгликулов, Х.Х.Тухтабоев
Тошкент давлат аграр университети


Ушбу мақолада фермер хўжаликлари учун бизнес режанинг мақсади, таркибий бўлимлари ва уларда акс эттирилиши лозим бўлган масалалар баён қилинган. Фермер хўжаликларида бизнес режаниишлаб чиқиш масалалари ёритилган.Бизнес режани тайёрлаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилган.

Калит сўзлар: фермер хўжаликлари, бизнес режа, таркибий бўлим, резюме,маҳсулот, ишлаб чиқариш, маркетинг, молиявий режа.

Кириш. Фермер хўжаликлари самарали фаолият юритиш мақсадида ўз бизнес режасини тузиши зарур. Бизнес режа аввалдан фаолият кўрсатаётган ҳамда янгидан ташкил этилаётган хўжаликларнинг барчасида тузилади. У хўжаликнинг бир йиллик фаолияти бўйича ёки айрим йўналишлари бўйича алоҳида тузилиши мумкин. Бугунги кунда самарали иш юритиш ва кўзланган мақсадга эришиш мақсадида бизнес режа тузиш жуда муҳим масалалардан бири ҳисобланади, шу боисдан ҳам қўйилган мавзу шубҳасиз долзарбдир.
Услублар ва материаллар. Бизнес режанинг асосий мақсади хўжаликдаги барча воситалардан оқилона фойдаланиш натижасида унинг ривожланишини ҳамда самарадорлигини таъминлашдир. Мақсадга етишиш учун режада ички ва ташқи талабларни эътиборга олган ҳолда қандай маҳсулот ишлаб чиқариш кераклигини аниқлаб олиш тадбирлари тузилади, жумладан:
  • қанча меҳнат, маблағ ва бошқа воситалар талаб этилишини режалаштириш, уларни олиш манбалари ва йўллари;
  • мавжуд бўлган барча воситалардан тўла ва самарали фойдаланиш тадбирлари;
  • ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни қаерда, кимларга, қачон ва қандай тартибда сотиш ва тақсимлаш тадбирлари;
  • амалга ошириладиган барча харажатлар (йўналишлари бўйича), маҳсулот сотишдан, хизмат кўрсатишдан олинадиган пул даромадларини, фойдани, унинг тақсимланишини аниқ ифодаловчи ҳисоб – китоблар бўлиши керак.
Тадқиқот натижалари. Тадқиқот натижаларидан ҳамда бизнес режа олдига қўйилган талабдан келиб чиққан ҳолда, унинг таркиби қуйидаги қисмлардан ташкил топган бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
Резюме (қисқа хулоса) қисмида фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва ғоялар тушунарли, кўзланган мақсадга эришиш йўлларини бир ўқишда тушунишга имкон берадиган ҳолда ёритилиши керак. Қисқа хулосанинг охирида молиявий натижалар, яқин давр ичида сотилиши мумкин бўлган маҳсулотлар ҳажми, сотишдан тушадиган нақд пул даромади, ишлаб чиқаришга қилинадиган харажатлар, даромад, фойдалилик даражаси ва ниҳоят сармоядорлардан олган қарзни узиш муддатлари ҳақида ахборот берилиши лозим.
Бизнес режанинг хўжалик ҳақидаги маълумотлар қисмида хўжаликнинг номи, манзили, таъсисчиларнинг исми-шарифи, манзили, телефони, факси бир бетда жойлаштирилиши зарур.
Маҳсулот (товар)лар тавсифи қисмида маҳсулот ишлаб чиқариш технологияси, маҳсулотлар ассортименти, уларнинг миқдори, сотилиши, умумий мулки ва маблағи, ишчи-хизматчиларнинг умумий сони ҳамда рақобатчилар тўғрисидаги маълумотлар ўз аксини топиши керак. Бу қисмнинг мазмуни ишончли бўлиши керак. Чунки у сармоячилар эътиборини ўзига жалб эта билиши лозим[1].
Маҳсулот(товар)лар бозори қисмида, ҳудудда, хўжаликда сотилган, келажакда сотилиши мумкин бўлган маҳсулот турлари, миқдори, сифати, баҳоси тўғрисидаги маълумотлар батафсил кўрсатилиши лозим. Шу ўринда хўжаликнинг бозордаги ўрни кўрсатилса, янада яхши бўлади. У хўжаликда сотилган маҳсулот миқдорини шу ҳудудда ёки туманда сотилган шундай маҳсулот миқдорига тақсимлаб, 100 га кўпайтириш йўли билан аниқланади. Агарда бу кўрсаткич ортиб борса унда, хўжаликнинг бозордаги ўрни ривожланаётганлигидан далолат беради. Ундан хўжаликнинг бозордаги мавқеи қандай ўзгараётганлигини кўриш мумкин. Бу эркин бозор шароитидаги энг муҳим шартлардан биридир. Чунки бозорда ўрни юксалаётган хўжалик рақобатбардош ҳисобланади ва у келажакда самарали ривожланади. Шу қисмда рақобатчилар тўғрисида батафсил маълумотлар, хўжаликнинг ташқи бозорга чиқиш имкониятлари, масалан, сабзавот ҳамда боғдорчилик маҳсулотларини сотиш бўйича имкониятлар ҳам асосланган ҳолда кўрсатилса фойдадан ҳоли бўлмайди.
Маркетинг режаси қисмида хўжалик ишлаб чиқариши мумкин бўлган маҳсулотларнинг ички ва ташқи рақобатчилар маҳсулотларидан фарқлари, афзалликлари (сифати, баҳоси, харажати ва бошқа), товарларнинг белгилари, уларни сотиш бўйича мавжуд бўлган лицензиялари ҳамда маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятлари бўйича маълумотлар тўлиқ келтирилиши лозим. Масалан, хўжалик мева-сабзавотнинг маълум бир навини етиштириш билан шуғулланса, уни юқоридаги кўрсаткичлар бўйича бошқа навлар билан бир жадвалда таққослаб бериш керак. Шунда уларнинг фарқлари, афзалликлари яққол кўринади. Бизнес режани тармоқ маҳсулотлари бозори қисмидаги маълумотларга асосланган ҳолда маҳсулотларни истеъмолчиларга сотишнинг асосланганлиги тадбирлари белгиланади. Шу қисмда корхона маҳсулотларини истеъмол этувчилар тўғрисида, улар томонидан қўйиладиган талабларнинг барқарорлигини аниқ рақамлар билан исботлаш лозим. Хўжалик маҳсулотига бўлган талаб даражасига таъсир этувчи омиллар кўрсатилади. Масалан, хўжалик маҳсулоти сифатининг яхшилиги, экологик жиҳатидан тозалиги, баҳосининг нисбатан арзонлиги, транспорт йўлларига яқинлиги ва бошқалар. Хўжаликнинг бошқа рақобатчилар билан рақобатлашишида ютиб чиқиш стратегияси имкони борича рақамлар ёрдамида асосланиши зарур. Ниҳоят, сотиладиган маҳсулотларнинг баҳолари белгиланади, маҳсулотларни қандай тартибда сотиш тафсилотлари батафсил ёритилади ҳамда реклама харажатлари келтирилади[2].
Ишлаб чиқариш режаси қисмидамаҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари бўйича сарфланиши мумкин бўлган меҳнат, моддий ҳамда молиявий ресурслар, харажатлар (миқдори, суммаси) кўрсатилиши лозим. Ҳисоб-китоблар натижасида хўжалик қанча маҳсулот ишлаб чиқариши ва унга қанча меҳнат, моддий ва молиявий ресурслар сарфланиши аниқланади. Бу қисмда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш билан боғлиқ бўлган масалалар ҳам режалаштирилади. Масалан, янги техника ва технология ишлатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ҳисоб-китоблар асосида кўрсатилиши лозим. Фермерлар шу қисмни тузишда технологик жараёнларини бажариш учун белгиланган нормативларни, чунончи, экинларни экишда уруғ, ёқилғиларни, ўғитларни сарфлаш, меҳнат сарфи меъёрларини, шунингдек барча материалларнинг баҳоларини ва бошқаларни билишлари лозим. Ушбу қисмда ишлаб чиқаришнинг қандай жойлашганлиги, маҳсулотларни сотишга чиқариш имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилиши керак. Масалан, мева-сабзавотқаердаетиштириладива у қаерда қайтаи шланади. У жойнинг темирйўл, автомобил йўли, ҳаво ҳамда сув йўлига яқин-узоқлиги, қулайлиги кўрсатилиши зарур. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг чакана ва улгуржи савдо дўконларига яқинлиги ҳам кўрсатилиши керак. Режанинг шу қисмида хўжаликни келажакда ривожлантириш учун талаб этиладиган капитал қўйилмалар ваш улар эвазига барпо этиладиган барча турдагио бъектлар, уларнинг афзаллиги ва самарадорлигини ифодаловчи маълумотлар ҳам келтирилиши лозим. Ниҳоят, бу қисмда режанин гбажарилишини таъминловчи асосий омиллар ва йўллар кўрсатилади.
Ташкилий режа қисмида хўжалик юритиш фаолиятининг ҳуқуқий асослари, қайси қонунлар, фармонлар ҳамда қарорлар асосида фаолият кўрсатиши, мулк шакли, мулк эгалари, хусусиятлари қайд этилади. Бу қисмда молиявий ҳужжатларга кимлар қўл қўя олиши, уларнинг ҳуқуқлари кўрсатилади. Улар хўжаликнинг устави (низоми) га мос келиши шарт[3].
Молиявий режа қисмида аввалги қисмларда маҳсулот турлари бўйича аниқланган ишлаб чиқариш харажатлари, уларнинг таннархлари ҳамда баҳоларига асосланган ҳолда ҳар бир маҳсулот тури бўйича олиниши лозим бўлган пул тушуми режалаштирилади. Ишлаб чиқариш харажатларини доимий ҳамда ўзгарувчан харажатларга бўлган ҳолда аниқлаш мақсадга мувофиқдир. Доимий харажатларга ишлаб чиқариш мумкин бўлган маҳсулот миқдорининг ўзгариши билан боғлиқ бўлмаган харажатлар, яъни асосий воситаларнинг ижара ҳақи, амортизиция суммалари, солиқ суммалари ва бошқалар киритилади.Ўзгарувчан харажатларга эса маҳсулот миқдорининг кўпайиши билан боғлиқ бўлган харажатлар, яъни маҳсулот етиштиришда сарфланган иш ҳақи суммаси, ёқилғи, ўғитлар қиймати ва бошқалар киради.
Шунингдек, хўжалик бўйича сарфланган ишлаб чиқариш харажатларининг умумий миқдори, даврий харажатлар, молиявий сарфлар ҳамда кўзда тутилмаган харажатлар суммаси аниқланади. Шу харажатларни режалаштириладиган даврда камайтириш йўллари, имкониятлари аниқланиб ҳисоб-китоб қилинади. Ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда уларни камайтириш режалари ишлаб чиқилади.
Бизнес-режанинг рентабеллиги (фойдалилиги) қисмида барча харажатлар, даромадлар ҳамда фойда суммаси аниқланганидан сўнг, хўжаликнинг рентабеллик даражаси аниқланиши керак. Шунингдек, айрим ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳамда хўжалик бўйича харажатларни қоплаш даражаси ҳам аниқланади. Шу кўрсаткич ёрдамида маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш зарурми ёки тўхтатиш керакми, деган масала ҳал этилади. Агарда олинадиган даромад унга қилинадиган харажатдан кам бўлса, маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш керак эмас. Шу қисмда олиниши мумкин бўлган соф фойданинг тақсимланиши ҳам режалаштирилиши лозим.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, бизнес режада юқоридаги масалалардан ташқари хўжаликка турли ҳолатларнинг таъсир кўрсатиши ҳам аниқланиши лозим. Улар техникавий, экологик, бошқариш, молиявий-сиёсий ҳамда халқаро миқёсдаги ҳолатлардан иборат бўлиши мумкин. Уларни айрим сабабларга (хўжаликка боғлиқ бўлмаган) кўра амалга оширилмаслиги хўжалик фаолиятига қандай салбий таъсир этиши мумкинлигини кўрсатиш керак. Масалан, хўжалик синалмаган истеъмолчига маҳсулот сотишда, экологиянинг ўзгаришида, маҳсулотларни транспорт воситаларида ташилиши, иқтисодий ва сиёсий барқарорлик шаклланмаган ҳудудларга маҳсулот сотиш натижасида тавакалчиликка йўл қўйиши оқибатида юз берадиган ҳолатлар ёритилиши лозим. Юқоридаги омиллар таъсирини махсус ишлаб чиқилган балл қўйиш тизими ёрдамида аниқлаш мумкин.
Бизнес режа тузишда фермер ва мутахассислар қуйида кўрсатилган масалаларга асосий эътиборни қаратишлари лозим:
  • аниқ бозордаги маҳсулот турларига бўлган талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда фойда келтирувчи экин турини экишни режалаштириш, сотиш шаклларини аниқ билиш;
  • режалаштирилган йилда экиладиган экин турларини, ердан тўғри фойдаланган ҳолда жойлаштириш;
  • экиладиган ҳар бир экин тури бўйича хўжаликда технологик хариталарни тузишда мавжуд меъёрлардан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ҳудуднинг ва хўжаликнинг иқтисодий географик хусусиятларини ҳисобга олиш;
  • меҳнат ва моддий харажатлар меъёрларига қатъий риоя қилиш;
  • экиладиган экинни ҳосилдорлигини тўғри белгилаш;
  • чорвачиликда пода ҳаракатинитузиш;
  • моллар маҳсулдорлигини тўғри белгилаш;
  • моллар ва паррандаларнинг озиқага бўлган талабининг ҳисоб-китобини қилиш;
  • 100 бош урғочи моллардан бузоқ, қўзи олиш ҳисоб-китоби, хўжаликнинг йўналишини ҳисобга олган ҳолда белгиланади;
  • Экин экиш ёки чорва молларини парвариш қилиш билан боғлиқ барча сарф-харажатларни аниқ ҳисоб-китоб қилиш;
  • Йил бошида мавжуд қолдиқни, маҳсулотларни сақлаш харажатлари ҳисоб-китобини тўғри йўлгақўйиш;
  • Эркин ва шартнома асосида сотиладиган маҳсулотларга бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда нарх белгилаш ва йил давомида бозор баҳоларининг ўзгаришига қараб маҳсулот сотишнинг шартнома баҳосини тўғрилаб борилишини шартномада кўзда тутиш;
  • Тайёрлов ташкилотлари томонидан шартнома асосида оладиган маҳсулотларни ташиш харажатларини қоплаш манбаларини, миқдорини аниқлашни шартномада аниқ кўрсатиш;
  • Ишлаб чиқаришда ишлатилмай фойдасиз ётган инвентар, машина ва техникаларни сотишни йўлга қўйиш;
  • Хўжаликдаги ҳар бир тармоқнинг фойда билан ишлашини таъмин этиш;
  • Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга қилинадиган меҳнат ва моддий ресурслар меъёри (киши-соат, уруғ, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитлар ва бошқалар) ваколатли органлар томонидан тасдиқланган, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда талаб этиладиган меъёрдан, маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш;
  • Экиладиган экинларнинг технологик хариталарда кўрсатилган даврлар бўйича иш миқдорини бажарилиши ва харажатлар давр тугаши билан таҳлил қилиб борилиши шарт.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-жилд. Бешик-Гидрофизика. Таҳрир ҳайъати: Б.Аминов, Б.Ахмедов, Ҳ.Бобоева ва б. –Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2001.
2. А.Абдуллаев, Х.Айбешов. Бизнес режа. Ўқув қўлланма. –Т.: Молия, 2002. -72 б.
3. Ф.Жўраев. Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этиш. Дарслик. Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг «Истиқлол» нашриёти, 2004. -418 б.
скачать dle 11.3

21-10-2017, 15:39 769 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив