» » » БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ХЎЖАЛИКЛАРДА ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ

БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ХЎЖАЛИКЛАРДА ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ


Muallif(lar
):Ғайбуллаев О.Б., Алиева Н.А.  
Nashr ma`lumotlari: // Meva  - sabzavotchilik majmuida iqtisodiy munosabatlar tizimini va menejmentning axborot – tahlil ta’minotini takomillashtirish -Тошкент: 2017. 
To‘plamni yuklash uchun havola:To’plam





БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ХЎЖАЛИКЛАРДА ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛЛАРИ


Ғайбуллаев О.Б., Алиева Н.А.
Тошкент давлат аграр университети


Республика аҳолисини витаминларга бой, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва аграр тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишда катта имкониятларга эга бўлган боғдорчилик соҳасининг ўрни беқиёс. Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш боғдорчилик соҳасини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятларини билишни ва улардан самарали фойдаланиш тадбирларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Бу кўп жиҳатдан соҳадаги иқтисодий муносабатлар тизими, яни маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш, моддий манфаатдорлик масаласи ва моддий-техник таъминот, маҳсулот сотиш, борасидаги муаммоларни ҳал этишга ҳам боғлиқдир. Ушбу соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш ўз ўрнида боғдорчилик тармоғи қандай ўзига хосликлар билан боғлиқ ҳолда ривожланиб бориши лозимлиги ўрганилган ва бу тармоқни самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар берилган.

Калит сўзлар:резавор мевалар, боғдорчилик, ҳосилдорлик, самарадорлик, хусусий мулк, инновацион технология, менежмент.

Кириш.Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришга алохида эътибор берилмоқда, соҳани ривожлантириш, маҳсулот сифати ва кўламини оширишга доир амалий ишлар қилинмоқда. Мева ва сабзавотчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уни сотишнинг юқори самарадорлигини ҳисобга олиб, уни истиқболда кўпайтириш имкониятларидан тўлароқ ва тезроқ фойдаланиш долзарб масалалардан биридир.Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш боғдорчилик соҳасини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятларини билишни ва улардан самарали фойдаланиш тадбирларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Бу кўп жиҳатдан соҳадаги иқтисодий муносабатлар тизими, яни маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш, моддий манфаатдорлик масаласи ва моддий-техник таъминот, маҳсулот сотиш, борасидаги муаммоларни ҳал этишга ҳам боғлиқдир.
Услублар ва материаллар. Мева-сабзавотчиликни ривожлантиришда республикадаги мавжуд имкониятлардан самаралироқ фойдаланиш, ички бозорни тўлдириш, экспортни ошириш мақсадида 2006 йил 9 январда “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик сохасида иқтисодий ислохотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 3709-сонли Фармони хамда 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ва қарори қабул қилинди.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишлар кўламини оширди. Мазкур қарор асосида қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорига йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизим шакллантирилмоқда. 2016 йилги ҳосилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилди. Бу эса ўз навбатида боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш самарадорлигини оширишга замин яратади.
Маълумотлардан кўриниб турибдики, Республикада 2016 йилда 4,7 миллион тоннадан ортиқ боғдорчилик маҳсулотлари етиштирилган бўлиб, ундан 3,0 млн тонна мева ва 1,7 млн тонна узум маҳсулотлари ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган 2015 йилга нисбатан мева 10,8 фоиз, узум маҳсулотлари эса 9,9 фоизга кўпайган.
Айни пайтда юқорида тилга олинган ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мева етиштириш соҳасида ҳақиқий мулкдорларнинг фаолият юритиши республикамиз бозорларининг ўзимизда етиштирилган мевалар билан тўйинишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди, ҳамда боғдорчилик маҳсулотлари нобудгарчилигининг олдини олиш ва уларни экспорт қилиш жараёнидаги муаммолар ечимларини топишда ҳам муҳим асос бўлди.
Республикада аҳоли жон бошига боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш миқдорининг ўзгариши
Кўрсаткичлар
Йиллар
2016 йил 2014
йилга нисбатан
2005
2010
2012
2014
2016
Республика аҳоли сони, минг киши
26167,0
29123,1
29559,1
31005,4
32500,8
104,82
Ялпи хосил, минг тонна
949,3
1710,3
1871,1
2261,1
4704,6
208,0
Аҳоли жон бошига, к
36,28
58,73
63,30
72,93
144,75
198,48
Аҳоли жон бошига тиббий меёрга нисбатан, % да
64,0
95,8
98,7
101,0
189,4
-
Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси расмий маълумотлари
Боғдорчилик соҳасидаги агросаноат фирмаларига мева етиштириш, қайта ишлаш саноати, маҳсулотни сотиш бўғинлари ва ушбу соҳаларга хизмат кўрсатувчи тармоқлар ўртасидаги ўзаро самарали иқтисодий муносабатлар мажмуи сифати қараш лозим. Агросаноат фирмалари ўз фаолиятлари давомида боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга турли кўринишларда етказиб бериш билан боғлиқ бўлган ташкилий, иқтисодий ва технологик масалаларни ягона тизим доирасида мувофиқлаштиради. Аммо, бу тузилмалар фаолияти кооперация жараёни иштирокчилари бўлган барча субъектларнинг, яъни, мева етиштирувчи хўжаликлар, қайта ишлаш, сақлаш ва савдо соҳаси корхоналари манфаатлари уйғунлигини таъминлаган тақдирдагина самарали ва барқарор бўлиши мумкин.
Агарда масалага боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари доирасида ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашиладиган бўлса, ушбу тизимда фермер хўжаликларини фаолиятини такомиллаштириш ҳамда боғдорчилик соҳасини ривожлантиришга битта масала сифатида қаралиши лозим. Шу боис ҳам боғдорчилик соҳасидаги фермер хўжаликларини ривожлантиришда фермер хўжаликларида боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришни ривожлантиришда ҳам битта мақсад сари йўналтирилган ташкилий-иқтисодий, агротехнологик тадбирлар мажмуи шакллантириш талаб этилади. Мақсад эса бозор талаби доирасидаги (миқдор), сифати юқорироқ, нисбатан арзонроқ маҳсулотларни етиштириш орқали умумий ҳолда микроиқтисодиёт даражасида фермер хўжаликлари оладиган даромадлари миқдорини ошириб бориш, макроиқтисодий даражада эса мамлакат ички бозорини боғдорчилик маҳсулотлари билан тўйинтириш, маҳсулотларнинг ташқи бозорларда эгаллаган ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборат бўлади.
Боғдорчилик соҳасини ривожлантириш ишлаб чиқариш соҳаси орқали ёки мажмуа доирасида агросаноат фирмалари фаолияти орқали амалга оширилишидан қатъий назар тармоқдаги ўзига хосликлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш талаб этилади.
Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантиришда ҳисобга олиниши лозим бўлган ўзига хос жиҳатлари икки гуруҳдан иборатдир.Биринчи гуруҳга бевосита боғдорчилик соҳасида ишлаб чиқариш фаолиятини юритиш билан боғлиқ бўлган ўзига хос хусусиятларни киритиш лозим бўлади. Ушбу хусусиятларга:
Боғдорчилик маҳсулотлари таркибининг хилма-хиллиги ва турли кўриниш, тавсиф ва тузилишдаги ҳамда маҳсулотлар етиштирилиши билан боғлиқ омилларни ўзига хослигини ҳисобга олиниши лозим. Боғдорчиликда кўплаб турдаги маҳсулотлар етиштирилиши билан биргаликда маҳсулотлар хусусиятлари ташқи кўриниши, товарлилик хусусиятлари, истемолчиларнинг сотиб олишдаги мақсадлари доирасидаги фарқлар билан бир-биридан кескин ажралиб туради.
Шунингдек, фермер хўжаликларида боғ яратиш жараёни ва яратилган боғда ҳосил етиштириш маълум муддатни талаб этиши сабабли боғларни тез ўзгартириш мумкин эмас (иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайди). Боғ эгасининг ортиқча мол-мулки ва меҳнати самарасиз сарф этилишига олиб келади. Шунинг учун ҳам фермер хўжаликлари янгидан боғ яратишда ёки эски боғларни қайта тиклашда етиштириладиган мевалар турлари бозорларини яхшилаб ўрганишлари талаб этилади.
Тадқиқот натижалари. Боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш соҳасида фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг муҳим ташкилий асосларидан бири сифатида, ихтисослашган боғдорчилик фермер хўжаликлари шаклланиши жараёнини ажратиб кўрсатиш мумкин. Ушбу жараёнда фермер хўжаликлари фаолиятида мулкий муносабатлар шаклланиб, қарор топмоқда.
Фермер хўжаликлари фаолиятининг ташкилий асосларини иккита катта гуруҳга бўлган ҳолда қараб чиқиш мумкин. Бунда биринчи гуруҳдан, фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйишга дахлдор ташкилий масалалар, иккинчи гуруҳдан эса фермер хўжаликларининг боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш ва турли хизматлардан фойдаланиши билан боғлиқ бўлган фаолиятининг замонавий технологияси ишлаб чиқиш, янги техникалардан фойдаланишни йўлга қўйиш борасидаги ташкилий масалалар жой олиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, биринчи гуруҳга кирувчи масалаларни қуйидагича келтириш мумкин:
●фермер хўжаликлари томонидан ер майдонларини ижарага олиш, мавжуд боғларга (ширкат хўжаликлари ўрнида ташкил этилган ҳолатда, ширкат хўжаликлари аъзолари томонидан хусусий мулк сифатида танлов асосида фермер хўжаликларини ташкил этиш мақсадида сотиб олинган боғлар) эгалик қилиш ва мевали боғлардан фойда келтирувчи мулк сифатида фойдаланиш муаммоларини самарали ҳал этиш;
●инфратузилма объектларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ ташкилий ва ҳуқуқий масалалар, яни фермер хўжаликларининг хизмат кўрсатувчи ишлаб чиқариш инфратузилма объектларига биргаликдаги таъсисчи сифатидаги эгалиги;
● моддий-техник воситалар, бино ва иншоотларга эгалик қилиш (биргаликда таъсисчи сифатида) ва улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;
● фермер хўжаликларидаги ишлаб чиқариш жараёнини замонавий техника-технологиялари билан таъминлаш тадбирларини ҳамда малакали персонални жалб этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ишлаб чиқиш;
● фермер хўжаликларини ташкил этишда хўжаликнинг Низоми ва иқтисодий-хўжалик фаолиятини белгиловчи турли Низомларини ишлаб чиқиши ва уларни тегишли тарзда тасдиқлаш;
● фермер хўжаликларини замонавий      менежмент усуллари асосида бошқариш, уларнинг фаолият юргазиш самарасининг мониторингини олиб бориш, мувофиқлаштириш ва хўжаликда ишлаб чиқариш жараёнини йўлга қўйиш, ташкилий тузилмаларни замонавий бозор талаблари асосида шакллантириш;
●фермер хўжаликларининг фаолиятига дахлдор меъёрий ҳужжатларни расмийлаштириш, бу тоифадаги хўжаликларга банкларда ҳисоб рақамлари очиш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган ташкилий масалаларни ҳал этиш каби масалалар.
Юқоридаги ташкилий масалаларга фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйишнинг дастлабки давридаги ташкилий муаммолар сифатида қараладиган бўлинса, фермер хўжаликларининг кейинги фаолияти билан, яъни маҳсулотлар етиштириш ва уни истеъмолчиларга етказиб беришнинг янги ва тежамкор технологиясини яратиш билан боғлиқ бўлган ташкилий масалаларга қуйидагиларни киритиш мумкин:
●ишлаб чиқариш жараёнида меҳнатни ташкил этишнинг (доимий ва мавсумий меҳнат ресурсларидан фойдаланишни ташкил этиш) самарали шакл ва усулларидан фойдаланиш;
●ерга ишлов бериш тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш, хўжаликларнинг махсус моддий-техник базасини шакллантириш;
●мевали дарахтларни парваришлашнинг янги ва тежамкор технологиясини яратишни амалга ошириш;
●ҳосилни турли зарарли ҳашоратлар ва касалликлардан ҳимоялашнинг замонавий технолгияларини ишлаб чиқиш;
●ҳосилни йиғиштириб олиш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва унинг бозор “нишаси”ни аниқлашнинг маркетинг элементларидан фойдаланиш, савдо тизимига чиқариш тадбирларини ташкил этиш каби йирик ташкилий тадбирларга бўлиш мумкин.
Фермер хўжаликларининг боғдорчилик соҳасидаги фаолияти эркин ишбилармонлик ва тадбиркорликнинг қишлоқ хўжалигидаги шакли бўлганлиги боис, фермернинг ўз мол-мулкига тўлиқ эгалик қилишини, етиштирилган маҳсулотини кимга, қаерда ва қанчадан сотиши масаласини бозор қонуниятлари асосида эркин ҳал қилишини таъмин этмасдан туриб соҳанинг кутилгандек ривожланиши юз бериши мумкин эмас.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар. Фермернинг эркин иқтисодий фаолиятини йўлга қўйиш масаласи иқтисодий дастаклар, самарали ва эркин бозорга хос бўлган механизмлар орқали ҳал этилиши лозим. Шу жиҳатдан ҳам боғдорчилик соҳасидаги фермер хўжаликлари фаолиятининг иқтисодий асослари сифатида қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
●боғдорчилик маҳсулотини етиштиришдан тортиб то охирги истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни самарали йўлга қўйишни режалаштириш;
●фермер хўжаликларининг боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш, истеъмолчиларга етказиб бериш ва турли хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жараёнлардаги фаолиятида эркин бозор тамойиллари асосидаги шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш;
●етиштирилган маҳсулотларга нарх-навони шакллантириш сиёсатини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш;
●фермер хўжалигида меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий манфаатдорлик механизмини оптимал варианларини ишлаб чиқиш;
●солиқ ва суғурта муносабатларини фермер хўжалиги манфаатлари ва мақсадлари доирасида йўлга қўйишни самарали ташкил этиш;
●фермер хўжаликларида сифатли ва экспортбоп боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш ва сотиш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган молия-кредит механизмини самарали йўналишларини аниқлаш;
●фермер хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойида қайта ишлаш ва сотишни ташкил қилиш ҳисобига ялпи даромадни кўпайтириш ҳамда қишлоқларда янги иш жойларини очиш;
●фермер хўжаликлари мутахассислари малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш билан боғлиқ фаолиятни йўлга қўйиш каби йирик масалаларга ажратиш мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Саматов Ғ.А, Рустамова И.Б. Шерипбаева У.А “Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва менежменти” -Т. “Чўлпон”, 2012.
  2.  С.Турдиев, М.Қосимов, Н.С.Хушматов “Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантиришни ташкилий иқтисодий асослари ҳамда ҳудудий хусусиятлари” маърузаси. 2013 йил
скачать dle 11.3

7-02-2018, 15:13 174 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив