» » » АГРОИҚТИСОДИЁТ: ФАН, ТАЪЛИМ ВА АМАЛИЁТ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВИНИНГ МУАММОЛАРИ

АГРОИҚТИСОДИЁТ: ФАН, ТАЪЛИМ ВА АМАЛИЁТ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВИНИНГ МУАММОЛАРИ

АГРОИҚТИСОДИЁТ: ФАН, ТАЪЛИМ ВА АМАЛИЁТ ИНТЕГРАЦИЯЛАШУВИНИНГ
МУАММОЛАРИ


Дусмуратов Р.Д.
ТошДАУ


Жамият тараққиётининг xозирги босқичида иқтисодий ўсишга эришиш ва аxоли турмуш сифатини
оширишнинг асосий йўналиши инновация фаолиятини ривожлантириш, инновацион технологиялар,
маxсулотлар ва хизматлар кўламини кенгайтириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов инқироздан кейинги давр учун узоқ муддатга
мўлжалланган дастур ишлаб чиқиш лозим ва у «... иқтисодиётимизнинг асосий тармоқларини
модернизация қилиш ва техник янгилаш, мамлакатимизнинг янги марраларни эгаллаши учун кучли
туртки берадиган ва жаxон бозорида рақобатбардошлигини таъминлайдиган замонавий инновация
технологияларни жорий қилиш бўйича мақсадли лойиҳаларни ўзида мужассам этиши даркор»”[1. 36-
37 б.] деб таъкидлайди.
Дарxақиқат, «xозирги вақтда ривожланган мамлакатлар ялпи ички маxсулоти қўшимча ўсишининг
70-85 фоизи ишлаб чиқариш ва бошқарувнинг янги инновацион технологияларида мужассамлашган
янги билимлар улушига тўғри келади»”[5. –с.7.].
Сўнгги йилларда илмий анжуманларда, даврий нашрларда ва умуман илм-таълим жамоатчилигида
“фан, таълим ва амалиёт интеграциялашуви” кенг кўламда муxокама қилинмоқда. Ушбу мақолада
мазкур масаланинг айрим жиxатлари xали ҳам мантиқий поёнига етмаганлиги ва бу борада қандай
ишлар амалга оширилиши зарурлиги хусусида айрим фикр-мулоxазаларимизни баён қилмоқчимиз.
Тадқиқот услубиёти ва натижалари
“Фан (арабча فَنٌّ - санъат, маxорат; эркин касб; илм, билим; тармоқ) Табиат ва жамиятнинг
тараққиёт қонуниятларини очиб берувчи ҳамда ўзи эришган натижалар билан атроф муҳитга таъсир
кўрсатувчи билимлар тизими”[8. 324 б.].
“Таълим (арабча تَعْ لِيمٌ –ўргатиш, ўқитиш, илм бериш; маълумот) 1 Билим бериш, малака ва
кўникмалар ҳосил қилиш жараёни, кишини xаётга ва меҳнатга тайёрлашнинг асосий воситаси”[8. 27-
28 б.].
“Амалиёт (арабча عَمَلِيَّاتٌ -амалий масалалар) Амалий иш, амалий жараён, кундалик тажриба”[6. 77
б.].
“Интеграция (лот.integratio –тиклаш, қайтадан бошлаш, тўлдириш) Айрим қисмларнинг,
элементларнинг боғлиқлик xолатини, уларни қўшиб бирлаштиришни ифодаловчи тушунча” [7. 216
б.].
Маълумки, амалиёт, кенгроқ маънода xаёт кўплаб муаммоларни вужудга келтиради, таълим эса
ушбу муаммоларни xал этадиган малакали кадрлар тайёрлашни амалга оширади. Ҳар иккаласининг,
яъни таълим ва амалиётнинг тараққиёти эса илм-фан ютуқларига боғлиқ. Демак, юқорида
келтирилган биринчи учта элемент ўртасида доимий, сабаб-оқибатли диалектик алоқадорлик
бўлиши шарт. Таъбир жоиз бўлса, фан, таълим ва амалиёт тушунчалари“эт билан тирноқдай” бир-
биридан ажралмайдиган тушунчалар, уларнинг орасига “хитой девори қуриш” эса тараққиётга
тўсқинлик қилади. Бу оддий xақиқатни рўёбга чиқариш учун фаннинг барча соҳаларида, хусусан,
агроиқтисодиёт соҳасига оид фанлар бўйича сохталикка барҳам бериб, xақиқий илмий-
тадқиқотларни кучайтириш лозим. Бу борада агроиқтисодиёт соҳасидаги диссертация тадқиқотлари,
жумладан, магистрлик диссертациялари ҳам, илмий ишларнинг нафақат асосий турларидан бири,
балки ягона тури ҳисобланади.
Маълумки, 2012 йил 24 июлда кадрлар тайёрлаш миллий тизимининг олий ўқув юртидан кейинги
босқичини янада такомиллаштириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий
малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада
такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонда таъкидланишича, “Илмий кадрларни аттестациядан ўтказишнинг амалдаги икки
босқичли тизими (фан номзоди ва фан доктори) иқтисодий ривожланган демократик мамлакатларда
қабул қилинган олий малакали илмий кадрлар тайёрлашнинг замонавий, халқаро тан олинган
талабларига мос келмайди” [3].
Шунингдек, “Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиш ва фан номзоди илмий даражасини
тасдиқловчи дипломни олиш кўп xолларда фан ва илмий-техникавий ривожлантириш
манфаатларидан йироқ бирдан-бир мақсад бўлиб қолган ҳамда диссертацияни тайёрлаш ва ҳимоя
қилишнинг турли босқичларида суйистеъмолчилик xолатларига олиб келмоқда”[3].
Шубxасиз, мазкур фармоннинг қабул қилиниши ва унинг ижроси илмий фаолиятни янги сифат
босқичига кўтармоқда ҳамда соҳада маълум бир “селекция” амалга оширилмоқда.
Дарxақиқат, Собиқ иттифоқдан мерос, анъанага айланиб қолган тизим асосида ҳимоя қилинган
номзодлик диссертацияларининг айримлари фақат “ҳимоя” учун қилинган ҳимоялар эди. Чунки
сўнгги йилларда диссертация мавзуларининг танланишида муайъян муаммо асос қилиниб
олинмасдан, “мода”га айланган, миллий иқтисодиёт маконида муқим қарор топмаган “жимжимадор”
атамаларни ишлатиш кўпайиб қолган эди. Шу билан бирга, мансаб пиллапоясидан юқорилаш ёки
лавозим курсисида узоқроқ ўтириш мақсадида ёки “ҳар эxтимолга қарши” “олим бўлмасанг
бўлмагин-у, лекин фан номзоди бўлишинг шарт” қабилидаги диссертациялар ҳам ҳимоя қилинди.
Ушбу муаммолар, аниқроғи, бундан кейин уларнинг олдини олиш, жумладан, катта илмий ходим
изланувчилар институти, мустақил тадқиқотчилар ва магистратура фаолиятини ривожлантириш
мақсадида айрим фикр-мулоxазаларимизни баён қиламиз:
Биринчидан, афсуски, xозирги вақтда кўпчилик катта илмий ходим изланувчилар, мустақил
тадқиқотчилар ва магистрантлар, энг ачинарлиси айрим илмий раxбарлар диссертация тадқиқоти
тўғрисида аниқ тасаввурга эга эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири улар томонидан фаннинг
фалсафий масалаларини, умуман фалсафани (барча фанларнинг умумметодологик асоси
сифатида!) ва илмий-тадқиқот методологиясининг чуқур ўрганилмаслигидир. Шунингдек, илмий
маслаxатчи(раxбар)ларнинг айримлари маъмурий-буйруқбозликка асосланган режали иқтисодиёт
даврида шаклланган бўлиб, табиийки, улар xозирги авлодни қачонлардир уларнинг ўзларини
ўқитгандек ўқитадилар.
Иккинчидан, магистрлик диссертацияси ҳам илмий тадқиқот ҳисобланади. Аммо магистрантлар,
уларнинг илмий раxбарлари ва бошқа мутасаддиларда диссертация мавзуларини шакллантириш
даврида “илмий нўноқлик” кузатилмоқда. Кўпинча, диссертация мавзуларида фундаментал назария,
иқтисодиётни модернизациялашнинг туб моxияти ва миллий иқтисодиёт эволюцияси ҳамда унинг
жаxон ҳамжамиятига уйғунлашиш хусусиятлари тўлиқ ўз аксини топмайди.
Эскидан “анъана” бўлиб келаётган мавзуларнинг айримларига “бозор иқтисодиёти шароитида”,
“иқтисодиётни: “модернизациялаш шароитида”, “эркинлаштириш шароитида...”,
“диверсификациялаш шароитида” каби жумлалар қўшилади холос. Аслида эса“мода”га айланган
жумлалардан холи бўлган, xаётий xақиқатни акс эттирувчи долзарб мавзулар зарур.
Учинчидан, мавзуларни шакллантириш, диссертациянинг иш режаси ва дастурини тайёрлашда
мавзунинг долзарблиги ва ўрганилганлигини асослаш, тадқиқот мақсади, вазифалари,предмети,
методи ва объекти каби муҳим жиxатларга жиддий эътибор берилмайди, кўп xолларда улар xеч
қандай мантиқсиз, номигагина ёзиб қўйилади. Аввало, xозирги вақтда иқтисодий маконда қандай
жараёнлар кечмоқда, амалиёт қандай муаммоларни вужулга келтирмоқда ва уларни xал этиш қандай
самара беришини аниқ тасаввур этиш керак. Бунинг учун мамлакат Президенти ва xукумати
томонидан чиқарилган фармон ҳамда қарорларини ўрганиш, статистик маълумотларни таҳлил қилиш
ва бевостиа амалиётни ўрганиш зарур. Мавзунинг ўрганилганлик даражасини асослаш ва қайси
жиxатларни тадқиқ қилиш лозимлигини аниқлаш учун мазкур мавзуга доир илмий, ўқув услубий
адабиётлар, меъёрийxуқуқий xужжатлар ва бошқа тегишли манбаларини чуқур ўрганиш ҳамда
шарxлаш лозим.
Диссертация тадқиқоти дастурида мавзунинг долзарблиги, ўрганилганлик даражаси, тадқиқотнинг
мақсади, вазифалари, методи, объекти ва фараз қилинаётган илмий гипотеза битта фокусда
мужассамлашиши, яъни тадқиқот предмети сифатида қўйилаётган муаммонинг ечимига қаратилиши
лозим. Демак, тадқиқотчилар аниқ илмий муаммони тадқиқ қилишлари ва xал этишлари лозим.
Амалда кўп мавзулар йиллар давомида такрорланиб, тадқиқотнинг асосий қисмида эса
алмисоқдан қолган, режали иқтисодиётга хос бўлган таҳлилий жадваллар “шунча эди, бунча бўлди”
каби “ғайриилмий” тузилган жумлалардан иборат, xеч кимга кераксиз матн тузиш давом этиб
келмоқда.
Тўртинчидан, диссертация мавзуларини қишлоқ хўжалигининг тармоқлари (ўсимликчилик,
чорвачилик, паррандачилик, қўйчилик, балиқчилик ва x.к.) бўйича шакллантириш нотўғри.
Методологик муаммоларни тадқиқ қилишда албатта бирон-бир тармоққа оид маълумотлардан
фойдаланиш мумкин, xатто шарт, аммо, юқорида таъкидлаганимиздек, диссертация тадқиқотининг
предмети-ўрганилиши ва илмий ечими топилиши лозим бўлган муаммодан иборат бўлиши керак.
Илмга ёт бўлган бошқача сохта ёндашувлар эса “ғайриилмий” хулосаларга ва натижада фанни ҳамда
олимларни обрўсизлантиришга олиб келади.
Бешинчидан, яна бир муҳим жиxат илмий буюртма асосида мавзу шакллантириш, яъни илмни
тижоратлаштириш паст даражада. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги
“Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни рағбатлантириш
борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида илмий маxсулот учун буюртмалар
портфелини шакллантириш таъкидлаб кўрсатилган[2]. Бу борада иқтисодиёт тармоқлари бўйича
буюртмаларни шакллантириш ва уларга тендер эълон қилиниб, тадқиқотлар ўтказишни
ривожлантириш зарур.
Шунингдек, мутасадди давлат бошқарув органлари, фермерлар манфаатини ҳимояловчи жамоат
ташкилотлари ва фермер хўжаликларнинг ўзлари томонидан ҳам фан билан ишлаб чиқаришни
боғлаш бўйича ишлар суст олиб борилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти
И.А.Каримовнинг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сонли “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини
ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
фармонида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва туманлар xокимликлари
ҳамда Ўзбекистон Фермерлар кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар
фермерлар кенгашларининг республикада фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада
такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича энг муҳим вазифалари белгиланган[4]. Бу борада
қуйидаги таклифлар ва тавсиялар тақдим этилган эди. Лекин бу ташкилотлардан xеч қандай
муносабат билдирилмади. Бу xолатни икки хил изоxлаш мумкин: ёки бундай муаммолар ишлаб
чиқаришда мавжуд эмас, ёки бефарқлик xукмронлиги давом этиб келмоқда.
Олтинчидан,тадқиқотчи-изланувчилар ва магистрантлар тор ихтисосликдан қочиб, муаммоларни
иқтисодиёт назарияси, меъёрий-xуқуқий таъминот, молия, иқтисодий таҳлил ва статистика,
замонавий ахборот технологиялари каби фанлар билан боғлиқликда тадқиқ қилишлари зарур. Бунда
иқтисодий фанларнинг фундаментал асоси, таъбир жоиз бўлса, “дунёга келтирадиган онаси”
ҳисобланган “Иқтисодиёт назарияси” фанига ва тегишли тармоқ фанининг назарий жиxатларига
етакчи ўрин ажратилиши лозим.
Иқтисодиётдаги муаммолар муxокама қилинадиган давраларда мунозарага киришиб ёки ёзма
фикр билдирганимизда айрим амалдорлардан “фақат назария бўлиб кетибди, буни xеч ким
тушунмайди” деган эътирозлар ҳам эшитганмиз. Сохта илмкашлик билан асл назарияни
аралаштирмаслик керак! Аслида эса “назария-билимнинг бирор соҳасига оид асосий ғоялар
тизими; воқелик қонуниятлари ва ундаги муҳим алоқалар xақида бир бутун тасаввур берадиган
билим шакли” [9. 242 б.] дир. Шундай экан, xақиқий,асл назариядан амалийроқ xеч нарса йўқ. Илмий
тадқиқотларда учрайдиган мантиқсизлик xолати шундаки, xақиқий назария кўп илмий ишларда
етишмайди, айримларида умуман йўқ.
Еттинчидан, агроиқтисодиёт илми ва таълими соҳасида бизни ташвишга солаётган яна бир
муаммо бу диссертациялар ва ўқув адабиётларининг ёзилиш услуби ва тили. Бу соҳа ёки мужмал ва
тушуниш қийин, ёки жуда силлиқ “сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган” тарзда давом этиб келмоқда.
Ҳар иккаласи ҳам ярамайди, албатта. Бунинг устига бундай xолат талаба ва тадқиқотчиларда кўпи
билан “буни ким ёзди экан, нима дейилмоқчи ўзи?” деган мавxумлик, шубxаланишнигина вужудга
келтиради.
Афсуски, бундай тушунарсиз, жимжимадор сўзлар, xеч қандай изоx ва шарxсиз ишлатиладиган,
фан ва таълим ривожи учун xеч наф келтирмайдиган жумлалар кўпинча фан тили (ёки китобий тил)
деб изоxланади. Бундай xолат xозирги кунда кўпчилик эшитиб улгурмаган, “импорт” сўзлар ва
жумлаларни қўллайдиган xаваскорлар учунгина “фан тили” деб ўзларини оқлашга қулай. Аслида
бундай эмас, буни тушуниш учун эса xаётий, илм-фан ва таълим тўғрисидаги xақиқий, қомусий
асарларни кўпроқ мутолаа қилишимиз ҳамда амалиётдан хабардор бўлишимиз зарур.
Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меxробдан чаён” асарларини ўқиганимизда
Отабек билан Кумушнинг, Анвар билан Раънонинг севгиси, садоқати билан бирга халқимизнинг
менталитети, одамлар психологияси ва ижтимоий муносабатларнинг бошқа нозик жиxатлари
тўғрисида кенг қамровли чуқур билим оламиз. Xатто, хорижий тиллардан юксак маxорат билан
таржима қилинган асарлар ҳам инсонни завқлантиради, қувонч бахш этади. Жумладан, А.Орипов
томонидан таржима қилинган Дантье Алигерининг “Илоxий комедия” асари ёки Э.Воxидов
таржимаси билан чоп этилган С.Есениннинг “Форс тароналари” туркумини фикримиз далили
сифатида келтиришимиз мумкин. Чунки баён қилиниши, тили тушунарли, равон, одамнинг онгига ва
қалбига етиб боради.
Дарxақиқат, ўқитувчи ўзи ўқита оладиган эмас, ўқувчи тушунадиган, уни xайратлантирадиган
қилиб ўқитиши лозим. Чунки “билим олиш xайратланишдан бошланади”(Аристотель).
Бунга ўхшаш мисолларни иқтисодиёт, бухгалтерия ҳисоби, молия, иқтисодий таҳлил каби махсус
билимлар соҳасидан ҳам келтиришимиз мумкин. Зеро, махсус билимлар ҳам ўз эволюцияси йўлида
дастлаб ижтимоий-иқтисодий макондаги эxтиёжни қондирадиган xодиса сифатида вужудга келиб,
кейинчалик адабий тилнинг бир бўлагига ва ниxоят профессионал билимлар соҳасига айланади ҳамда
шу тарзда такомиллашиб боради. Шу боис, xақиқий, xаётий, қомусий бадиий асарларни ўқиш ҳамда
мушоxада қилиш ҳам тор ихтисослашган билим соҳасини ўрганишнинг муҳим шартларидан бири
ҳисобланади. Масалан, Саид Аxмаднинг “Келинлар қўзғолони” асари асосида саxналаштирилган
пьесада Фармонбибининг келини Сотти билан оила даромадлари ва буромадларини ҳисоб-китоб
қилиш эпизодига эътибор берайлик. Бунда биз ўқитаётган “Молия” фанидаги “оилавий хўжалик
молияси”, “оила бюджети”ёки “бюджетлаштириш” муаммоларининг xаётдаги ечимларини кўрамиз.
Демак, тадқиқотчи- изланувчилар ва магистрантларда мумтоз ўзбек бадиий адабиётини ўқиш ва
мушоxада қилиш кўникмасини ривожлантириш ҳам зарур.
Шундай қилиб, олим бўлишдан олдин ёзилган илмий ишнинг ҳар бир жумласи ўқилганда
муфассал тасаввур шакллантирадиган даражада, фикрни соф ўзбек тилида баён қилиш лаёқати
шаклланган бўлиши лозим. Ўзбек адабий тилини мукаммал ўзлаштириш учун А.Қодирий, Ғ.Ас-
салом,А.Қаxxор, П.Қодиров, Ш.Холмирзаев каби адибларнинг асарларини мунтазам ўқишимиз,
илмий проза тилини эгаллаш учун эса А.Орипов, Э.Воxидов, О.Матчон, М.Юсуф каби xассос
шоирлар ижодидан баxраманд бўлишимиз зарур. Булар ўқувчида биринчидан, тил бойлигини
оширса, иккинчидан, фикрни баён қилиш қобилиятини ривожлантиради. Албатта, ҳар иккаласи ҳам
тадқиқотчи-изланувчилар учун бир хил даражада муҳим.
Саккизинчидан, шунга эътибор қаратишимиз зарур-ки, тадқиқотчи изланувчилар ва
магистрантларнинг деярли барчаси, xатто айрим илмий раxбарлар ҳам тадқиқотнинг илмий янгилиги
нима ва у қандай шакллантирилишини мутлақо тушунмайдилар. Кўп xолларда бу қандайдир xолатни
яхшиаш учун берилган рационализаторлик таклифлар баёни ёки ўтказилган таҳлил натижалари
тўғрисидаги баёнотлардан нарига ўтмайди.
Фикримизча, бу xолатни ўнглаш учун изланиш мобайнида дастурга мувофиқ тадқиқотнинг ҳар
бир босқичини (параграф, бобни) якунлаганда ва диссертация ишини тўлиқ якунлаганда қилинган
ишларни қайта-қайта мушоxада қилиб, олинган ўз (!) хулосаларини шакллантириши лозим.
Тўққизинчидан, таъкидлаш жоизки, тадқиқот юзасидан илмий хулоса, таклиф ва тавсияларни
шакллантиришда назарий шарxлар ёки таҳлил натижаларининг баёнини келтириш керак эмас.
Масалан “диссертант (ёки муаллиф) у ёки бу xолатларни таҳлил қилди”, “муаммога ундай ёки бундай
ёндашди” шаклда эмас, балки олинган аниқ натижа, яратилган янги услуб, унинг афзаллиги, фан,
таълим ва амалиёт учун қандай наф келтириши муфассал баён қилиниши лозим.
Шунингдек, олинган натижалар илмий жамоатчилик (кафедра, факультети илмий кенгаши ва б.)
олдида муxокама қилиниб, натижаларини (илмий маъруза, тезис, илмий мақола, тавсиянома,
монография шаклида) эълон қилиш зарур.
Ўнинчидан, тадқиқотчи изланувчилар ҳамда уларнинг илмий раxбар(маслаxатчи)лари шуни
унутмаслиги керак-ки, илмий ишда энг ёмон нарса кўчирмачилик (плагиат), маълумотларни
сохталаштириш ва ёлғон цитаталар келтириш. Бу нафақат муаллифлик xуқуқини бузиш, жиноят
ҳисобланади, балки илмдаги элементар ахлоқсизликдир.
Хулоса
Умумий хулоса шундан иборатки, миллий иқтисодиёни модернизациялаш механизмларини
xозирги кун талабларига мувофиқлаштириш учун илм-фан, таълим ва энг аввало амалиётга
баландпарвоз чақириқлар ва гулчамбарга ўралган иқтисодий фан эмас, балки xаётдаги муҳим ва
долзарб муаммоларни xал эта оладиган, илмий асосланган, xаётда ўз инъикосини топадиган илмий
ишланмалар зарур.
Фойдаланилган адабиётлар
1.Каримов И.А. Жаxон молиявий иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф
этишнинг йўллари ва чоралари. – Т.:Ўзбекистон, 2009. – 56 б.
2.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва
технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-
тадбирлар тўғрисида”
3.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги “Олий малакали ва илмий-
педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”
Фармони. Халқ сўзи 22.05.2012й.№145(5565).
4.Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг 2012 йил 22 октябрдаги ПФ-4478-сонли
“Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни
ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”
5. Инновацинный менежмент: Учебник для вузов / Абрамешин А.Е., Воронина Т.П., Молчанова
О.П., Тихонова Е.А., Шленов Ю.В., Под редакцией д-ра экон. Наук, проф, О.П.Молчановой. –
М.:Вита-Пресс, 2001. -272с.: ил.
6.Ўзбек тилининг изоxли луғати. Ж I ЎзР ФА Тил ва адабиёт ин-ти.-Т.: “Ўзбекистон миллий
энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006.-680 б.
7.Ўзбек тилининг изоxли луғати. Ж II ЎзР ФА Тил ва адабиёт ин-ти.-Т.: “Ўзбекистон миллий
энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2006.-672 б.
8.Ўзбек тилининг изоxли луғати. Ж IV ЎзР ФА Тил ва адабиёт ин-ти.-Т.: “Ўзбекистон миллий
энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2008.-608 б.
9. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 6-жилд. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат
илмий нашриёти, 2003. -704 б.скачать dle 11.3

15-04-2018, 01:56 316 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив