» » » Фермер хўжаликларини ташкил этишни такомиллаштириш йўналишлари

Фермер хўжаликларини ташкил этишни такомиллаштириш йўналишлари

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
 Фермер хўжаликларини ташкил этишни такомиллаштириш йўналишлари


Д.Шерматова, О.О.Рахматов, С.Қўзибеков
ГулДУ


Қишлоқда бозор механизмини ривожлантириш, деҳқонда соҳиблик ҳиссини уйғотиш, мулкчилик муносабатларини такомиллаштириш - жамоа хўжаликларини қайта тузиб, улар  мол-мулкининг бир қисмини деҳқонларга бириктириб қўйишга асосланган хўжаликларга айлантириш, хўжаликларнинг ўзида ижара муносабатларини чуқурлаштириш, ерни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан умрбод фойдаланишга бериб қўйиш орқали, шунингдек, деҳқон (фермер) ҳамда шахсий ёрдамчи хўжаликларни кенг ривожлантириш асосида рўй бериши лозим1.
            Хўжалик юритишнинг янги шакллари 1993-1994 йиллардан ривожлана бошланди. Бу деҳқончилик-саноат мажмуида бозор муносабатларининг муҳим асоси сифатида рўй берди. Республикамиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш кўп укладли аграр иқтисодиётни барпо этиш асосида бозор муносабатларини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш орқали ишлаб чиқариш омилларидан самарали фойдаланиш йўналишида амалга оширилмоқда. Бу жараёнда фермер хўжаликларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Негаки, фермер хўжаликлари ўз ижтимоий-иқтисодий моҳияти ва хўжалик юритиш тамойиллари жиҳатидан бозор иқтисодиёти талабларига тўлиқ мувофиқ келади ва ўз аксини қуйидагиларда топади:
фермер хўжаликларининг хусусий мулк асосида фаолият юритиши уларга мустақил равишда барча иқтисодий ва молиявий хавф-хатарларни ўз бўйинларига олган ҳолда бозорларни танлаш имкониятини беради;
фермер хўжаликларининг бозордаги талаб ва таклифни ҳисобга олган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаришни режалаштириши, кимга ва қанча миқдорда маҳсулот сотишни мустақил ҳал этиши бозорда рақобат муҳитини ривожлантиришга ва шу орқали бутун иқтисодиётнинг самарали фаолият кўрсатишига асос яратади;
фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш натижаларини мажбурий тўловлар (солиқлар) тўлангандан сўнг мустақил ўзлаштириши ва тасарруф этиши ишлаб чиқаришни ривожлантиришга кучли иқтисодий манфаатдорлик пайдо қилади ва бозор механизмининг жорий этилишига олиб келади.
Юқоридагилардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, фермер хўжалиги тадбиркорлик фаолиятининг муҳим шакли сифатида иқтисодий тараққиётга туртки берувчи муҳим омил ҳисобланади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда фермер хўжаликларини ривожлантиришга аграр соҳада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида қаралмоқда. Бунинг натижасида хўжалик юритиш шакллари орасида фермер хўжаликларининг мавқеи йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Фермер хўжаликларини ташкил этилиши жараёнини таҳлил қилар эканмиз, шуни таъкидлаш лозимки, 1992-1998 йиллар мобайнида фермер хўжаликлари икки тоифага: мустақил ва ички деҳқон (фермер) хўжаликларига бўлинган ҳолда ўрганиб келинди. Фақат 1998 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XI сессиясида “Деҳқон хўжалиги тўғрисида” ва “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши бу масалага аниқлик киритди. Бугунги кунда хўжалик юритишнинг ҳар иккала шакли ҳам ҳуқуқий шахс мақомига эга бўлиб, тўлақонли бозор субъекти сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ фермер хўжаликларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил этиш жараёнида қуйидаги принципиал қоидаларга амал қилиниши лозимлиги таъкидланган:
фермер хўжаликлари, қоида тариқасида, тугатиладиган зарар билан ишлаётган, паст рентабелли ва истиқболсиз ширкатлар негизида барпо этилади;
фермер хўжалиги юридик шахс сифатида, асосан хусусий корхона шаклида, кейинчалик улар турли шаклдаги кооперацияларга бирлашиш ҳуқуқи билан барпо қилинади;
ер майдонлари фермерларга танлов асосида эллик йилгача узоқ муддатли асосда, ижара муддати давомида мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан ижарага фойдаланиш учун берилади;
фермер хўжаликларига берилган ер майдонлари ширкат хўжаликларининг балансидан чиқарилади;
етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда моддий-техника ресурслари ва хизматларни олиш учун шартномаларни фақат фермер хўжаликларининг ўзлари тайёрлов, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш корхоналари ва ташкилотлари билан тўғридан тўғри тузадилар;
фермер билан ёлланма ходимлар, шу жумладан оила аъзолари ўртасидаги меҳнат муносабатлари амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат шартномаларига асосланади.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда республикамизда фермер хўжаликлари сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
Таъкидлаш лозимки, фермер хўжаликлари сонининг ўсиши улар фаолияти самарадорлиги даражаси тўғрисида тўлиқ тасаввур бермайди. Фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш учун уларнинг ихтисослашув даражаси муҳим аҳамиятга эга. Хуллас, бугунги кунда фермер хўжаликлари республикамиз қишлоқ хўжалигининг асосий экин турлари ҳисобланган пахта ва дон маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчилари ҳисобланадилар.
скачать dle 11.3

29-05-2018, 14:07 158 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив