» » » МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ТАННАРХ ҲИСОБЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ТАННАРХ ҲИСОБЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Nashr ma`lumotlari: // Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти // мавзусидахалқаро илмий-амалий анжуман. –Тошкент - 2017
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam


МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИКДА ХАРАЖАТЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ТАННАРХ ҲИСОБЛАШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ

Г.Б.Турсункулова, Н.Б.Алиқулова
Тошкент давлат аграр университети

Мақола мева-сабзавотчиликда харажатларни ҳисобга олиш ва таннарх ҳисоблашни такомиллаштириш масалаларига багишланган. Харажат моддалари ва объектларига харажатларни тўгри тақсимлаш, ҳисоб регистрларини такомиллаштириш, тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини ҳисобда аниқ акс эттириш ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари таннархини тўгри ҳисоблаш масалалари ёритилган. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида харажатлар ҳисоби ва маҳсулот таннархини ҳисоблашни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилган.
Калит сўзлар: мева-сабзавотчилик, фермер хўжаликлари, харажат, таннарх, маҳсулот, ишлаб чиқариш, бухгалтерия ҳисоби, ҳисобрегистрлари.

Кириш. Мева-сабзавотчиликда харажатларни ҳисобга олиш ва маҳсулот таннархини ҳисоблаш хўжалик субъекти бухгалтерия ҳисобининг муҳим бўлимларидан бири ҳисобланади. Бозор муносабатлари шароитида хўжалик юритувчи субъектларда ишлаб чиқариш харажатларининг кам бўлиши ва таннархнинг паст бўлиши талаб этилади. Шу боисдан, хўжалик субъектларида, жумладан мева- сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида харажатларни камайтириш ва таннархни пасайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, хўжаликларда харажатларни ҳисобга олиш ва таннарх ҳисоблашни такомиллаштиришга алоҳида эътибор бериш лозимлигини билдиради. Мева-сабзавотчиликда юқоридаги масала бўйича қуйидаги таклифларни айтиб ўтиш мумкин: харажатлар ҳисоби объектларининг номенклатураларини такомиллаштириш; харажатлар моддалари номенклатурасини; айрим харажат турларини ҳисобга олиш ва тақсимлаш; айрим маҳсулот турларининг таннархини ҳисоблаш бўйича гуруҳларга тизимлаштириш ва ҳ.к.
Услублар ва материаллар. Мева-сабзавотчиликдаги харажатлар ҳисоби объектларининг номенклатураларини такомиллаштириш мақсадларида адабиётларда харажатлар ҳисоби объектларини майдалаштириш, ҳисобни қатъий тарзда ҳар бир экин тури бўйича олиб бориш ва бошқа таклифлар берилган. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган хўжаликларда харажатларни ҳисобга олиш объектлари ва таннархни ҳисоблашни ажратишда ягона бошланғич услубий принциплар зарур бўлади. Шу билан бирга ягона тавсиялар республикамизнинг турли ҳудудларида ишлаб чиқариш шароитларининг ўта хилма- хиллигини назарда тутиб мослашувчан бўлиши, ишлаб чиқаришнинг ҳудудий хусусиятларини, шунингдек фермер хўжаликларининг ихтисослашганлик хусусиятларини ҳисобга олишга имкон бериши лозим.
Тадқиқот натижалари. Мева-сабзавотчиликда умумий ишлаб чиқаришдаги салмоғининг жиддийлигига кўра ёки ишлаб чиқариш технологиясидаги жиддий фарқларга кўра айрим экинлар бўйича харажатларни ҳисобга олиш учун алоҳида аналитик счётлар очилиши лозим. Умумий ишлаб чиқаришда салмоғи унчалик катта бўлмаган бир-бирига яқин экинлар ҳисобнинг бир объектига бирлаштирилиши керак.
Боғдорчилик-узумчиликда харажатларнинг асосий қисмини товар ишловини бериш (меваларни саралаш, идишларга жойлаштириш, яшикларни тахлаш ва шу кабилар) харажатлари эгаллаши туфайли ҳар бир экинлар гуруҳи бўйича икки аналитик счётни очиш лозим: «Меваларни ўстириш харажатлари» ва «Маҳсулотга товар ишловини бериш харажатлари». Биринчи аналитик счётдаги харажатлар асосий ва қўшимча маҳсулотлар ўртасида тақсимланади, иккинчи аналитик счётдаги харажатлар асосий маҳсулот таннархига тўлиқ ўтказилади.
Мева-сабзавотчилик соҳасида харажатлар ҳисоби моддаларини қуйидаги номенклатурага кўра юритиш лозим:
  • меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари, ижтимоий ажратмалар билан бирга;
  • уруғлик ва кўчатлар;
  • ўғитлар;
  • ёқилғи;
  • мева-сабзавот экинларини турли зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш воситалари;
  • асосий воситалар амортизацияси харажатлари;
  • бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар;
  • суғурта тўловлари;
  • ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш харажатлари;
  • бошқа харажатлар.
Харажат моддаларини ажратишда ҳам харажатнинг мазкур тури умумий харажатда сезиларли салмоққа эга бўлса, яъни камида 5-10 % салмоғини ташкил этса, у алоҳида харажат модда сифатида ажратилиши лозим. Умумий харажатларда салмоғи кам бўлган, яъни 5 %дан кам харажатлар “Бошқа харажатлар” моддасида ҳисобга олиниши керак. Бу тавсиялар мазкур ҳудуд ва хўжаликлар ихтисослашганлигини ҳисобга олиб қўлланилиши лозим.
Ҳисоб объектлари ва харажатлар моддаларини такомиллаштириш масалалари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши технологиясини такомиллаштириш талабларидан ҳам келиб чиқади. Жумладан, мелиорация ишларининг кенг миқёсда олиб борилиши ёки томчилатиб суғориш йўлга қўйилган хўжаликларда «Мелиорация харажатлари» харажат моддасини киритиш мумкин.
Мева-сабзавотчиликда харажатларни ҳисобга олиш регистрлари тизими ҳам такомиллаштирилиши лозим. Жумладан, «Ишлаб чиқариш ҳисоботлари» регистрида ишлаб чиқариш ҳисоботи кўрсаткичлари тизимини максимал «бир хил шаклга келтириш» зарур. Бу техник-иқтисодий кўрсаткичлар, харажатлар моддалари, маҳсулотнинг чиқишига тааллуқлидир. Шунингдек, ҳисоб регистрларида олинаётган маҳсулотларнинг сифатини акс эттириш учун бир қатор моддаларни майдалаш керак.
«Маълумки, ўғит харажатлари тўлиқ ҳисобот йилидаги харажатга ёзилади, лекин ўғитларнинг айрим турлари маҳсулотни бир неча йил олишга таъсир кўрсатади. Шу сабабдан, ўғитлар бўйича харажатларни бир ишлаб чиқариш даврига киритиш тартибини ўзгартириш лозим» [1]. Ўғитлар бўйича харажатларни келгуси даврлар харажатларига ўтказиш ва уларни ҳар бир ўғит турининг таъсир этиш муддатларига мувофиқ бир неча йил давомида харажатларга ёзиб бориш керак. Бунинг учун ҳар хил ўғитлар турларининг тупроқ турлари ва бошқа шароитларга кўра таъсир этиш муддатларининг аниқ тизими олдиндан ишлаб чиқилиши зарур.
«Тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини бухгалтерия ҳисоби счётларида иш турлари бўйича ҳисобга олиш ва сўнгра улар майдонининг у ёки бу экинга тааллуқлилиги аниқлангач тақсимланиши лозим. Тугалланмаган ишлаб чиқариш бўйича харажатларни ҳисобга олишнинг энг тўғри усулларидан бири харажатларни келгуси йилнинг ҳисоб объектларига бевосита ўтказилишидир. Буни амалга оширишдаги муҳим шарт агротехника тадбирларининг яхшиланишидир. Келгуси йил ҳосили учун тегишли ишларни қилиш пайтида бу иш қайси экин учун қилинаётганлиги маълум бўлиши керак» [2]. Тугалланмаган ишлаб чиқариш харажатларини тақсимлашдаги ҳар қандай нотўғри ҳисобга олиш оқибатида айрим маҳсулот турларининг таннархини аниқлашда ноаниқликларга олиб келади.
Мева-сабзавотчиликда маҳсулот таннархини ҳисоблашни такомиллаштириш масалалари ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Маҳсулот таннархини ҳисоблашни такомиллаштиришдаги муҳим масалалардан бири харажатларни асосий, ёрдамчи ва қўшимча маҳсулотлар ўртасида иқтисодий асосланган ҳолда тақсимланишидир. Бу ўринда мева-сабзавотчиликда харажатларни юқоридаги маҳсулот турлари ўртасида тақсимлашнинг турли методларини коэффициентлар бўйича бунда ҳам коэффициентларни аниқлаш асосида турли тамойиллар ётиши мумкин, маҳсулотни харид нархларидаги қийматига кўра, ёрдамчи маҳсулот қийматини қатъий баҳода чегириб масалан, режа таннархи бўйича, харажатларни ҳар бир маҳсулот таркибидаги озиқ бирликларига мутаносиб тақсимлаш ва шу кабиларни қўллаш мумкин. Бу методларнинг ҳеч қайси бирини қўллаш доимо тўғри бўлавермайди. Шунинг учун ҳар бир аниқ ҳолатда харажатларни чеклашнинг шундай методи танланиши керакки, у мазкур экинни етиштириш технологик жараёнларининг хусусиятларига асосан энг яхши аниқликни таъминласин.
Мева-сабзавотчиликда маҳсулот таннархини ҳисоблашни такомиллаштиришнинг муҳим шарти таннарх объектларига бевосита ўтказиладиган харажатлар доирасининг кенгайтирилишидир. Бу йўналишда мева-сабзавотчилик соҳасида анча захиралар мавжуд. Харажатларни бевосита ўтказишда айниқса ёпиқ ердаги сабзавотчилик катта резервларга эга. Маълумки, бу ердаги таннарх ҳисоблашда деярли барча харажатлар айрим маҳсулот турлари ўртасида ҳар бир экин эгаллаган метр-кунларга мутаносиб тақсимланади. Бундай тартибда бевосита харажатларнинг кўпгина турлари: ходимларнинг экиш, экишга тайёрлаш, экинни парваришлаш, маҳсулотни йиғиш бўйича меҳнатларига ҳақ тўлаш, ўғит, касаллик ва зараркунандаларга қарши дори-дармонлар қўллаш, озиқлантириш харажатлари сунъий тарзда воситалига айлантирилади. Шунинг учун ёпиқ ердаги сабзавотчиликда ўстирилаётган ҳар бир экинга қилинган барча бевосита харажатларни алоҳида ҳисобга олишни ташкил этиш лозим. Йил охирида экинлар ўртасида тақсимланадиган харажатларнинг умумий ҳисобини ҳақиқий воситали харажатлар: асосий воситалар амортизацияси, иссиқхонанинг ремонти, иситиш ва шу каби харажатлар бўйича юритилиши керак.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар. Мева-сабзавотчиликда харажатлар ҳисоби ва таннарх ҳисоблашни тадқиқ қилиш натижасида қуйидаги хулосалар шакллантирилди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:
  • боғдорчилик-узумчиликда ҳар бир экинлар гуруҳи бўйича икки аналитик счётни очиш керак: «Меваларни ўстириш харажатлари» ва «Маҳсулотга товар ишловини бериш харажатлари»;
  • харажат моддаларини ажратишда харажатнинг мазкур тури умумий харажатнинг камида 5-10 % салмоғини ташкил этса, у алоҳида харажат модда сифатида ажратиб ҳисоб ташкил қилиниши лозим;
  • мелиорация ишлари кенг миқёсда олиб бориладиган ёки томчилатиб суғориш йўлга қўйилган фермер хўжаликларида «Мелиорация харажатлари» харажат моддасини киритиш тавсия этилади;
  • ҳисоб регистрларида олинаётган маҳсулотларнинг сифатини акс эттириш учун бир қатор умумий моддаларни алоҳида майда-майда моддаларга ажратиб ҳисобни ташкил этиш тавсия этилади;
  • маҳсулот таннархини ҳисоблашда ҳар бир аниқ ҳолатда харажатларни чеклашнинг шундай методи танланиши керакки, у мазкур экинни етиштириш технологик жараёнларининг хусусиятларига асосан энг яхши аниқликни таъминлаши лозим;
  • ёпиқ ердаги сабзавотчиликда ўстирилаётган ҳар бир экинга қилинган барча бевосита харажатларни алоҳида ҳисобга олишни ташкил этиш таклиф қилинади.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Б.Ю.Менгликулов, Т.Жандуллаев, Ш.Ҳакимов. Боғдорчиликда харажатларни ҳисобга олишнинг хусусиятлари. «Аграр соҳа корхоналарининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашда бухгалтерия ҳисоби, аудит ва молия-кредит механизмининг ролини ошириш» мавзусидаги илмий-амалий конференцияси маъруза тезислари тўплами. Тошкент, 2015. -Б 22-24.
А.Сотиволдиев. Қишлоқ хўжалигида бухгалтерия ҳисоби. -Тошкент, «Меҳнат», 1995. -432 б.
скачать dle 11.3

10-11-2017, 16:21 272 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив