» » » МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИДА БИЗНЕС РЕЖА ТУЗИШНИНГ АҲАМИЯТИ

МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИДА БИЗНЕС РЕЖА ТУЗИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Nashr ma`lumotlari: // Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти // мавзусидахалқаро илмий-амалий анжуман. –Тошкент - 2017
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam



МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИДА БИЗНЕС РЕЖА ТУЗИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Х.Х.Тухтабоев, Х.Ҳ.Назаров
Тошкент давлат аграр университети

Ушбу мақолада бизнес режанинг мазмуни, фермер хўжаликларида бизнес режа тузишнинг мақсади, вазифалари ва аҳамияти ёритилган. Бизнес режа тузишнинг бозор муносабатлари шароитида долзарблиги ва уни асословчи омиллар баён қилинган. Фермер хўжаликлари учун бизнес режанинг намунавий таркибий бўлимлари тавсия этилган.
Калит сўзлар: бизнес режа, фермер хўжалиги, бозор муносабатлари, инфляция, баҳо, товар, маҳсулот.

Кириш. Бозор муносабатлари шароитида аграр соҳа корхоналари, хусусан фермер хўжаликлари бозор талабидан келиб чиқиб, нарх-наво ўзгариши ва инфляцияни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бизнес режа тузишлари муҳим аҳамият касб этади. Аввало, бизнес режанинг мазмунига тўхталиб ўтсак, Ўзбекистон миллий энциклопедиясида бизнес режа тўғрисида қуйидаги маълумотлар берилган: «Бизнес режа - аниқ танланган тадбиркорлик ишининг барча босқичлари тавсифланган ва тахминий ҳисоб- китоб қилинган лойиҳа» [1].
Бизнес режада аниқ танланган тадбиркорлик ишининг ҳамма томонлари ўз аксини топиши лозим. Бизнес режа ўз таркиби жиҳатидан лойиҳанинг афзалликлари ва уни амалга оширишдан кутиладиган молиявий натижалар баён этилган якуний хулоса ҳамда асосан 10 бўлимдан иборат асосий қисмга бўлиниши мақсадга муавофиқ бўлади. Бизнес режада лойиҳа бўйича ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг тавсифи ҳамда унинг харидоргирлиги ва рақобатбардошлигини таъминлайдиган омиллар; бозор ҳажмини баҳолаш асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш бозори, фермер хўжалиги бозорнинг қайси сегментида иш юритиши, маҳсулот ҳажми, товарлар нархи прогнозлари; эҳтимоли бўлган рақобатчилар (уларнинг маҳсулотлари сифати ва харидоргирлиги, нархи тўғрисида ахборот); маркетинг хизматининг асосий унсурлари (мева-сабзавот маҳсулотларининг қандай йўл билан сотилиши, товар нархининг шаклланиши, сотишни рағбатлантириш, рекламанинг қайси усулларини танлаш ва бошқалар); маҳсулот иишлаб чиқариш режаси (ишлаб чиқариш алоқалари, мева-сабзавотчилик маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, ишлаб чиқариш харажатлари ва бошқалар); умуман ишни, ходимлар ишини ташкил этиш; лойиҳанинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини белгилайдиган юридик режа; лойиҳа бўйича барча маълумотларни умумлаштирадиган ҳамда уларнинг қиймат ифодалари кўрсатилган молиявий режа; лойиҳани молиялаш стратегияси (воситаларни қаердан ва қандай шаклда олиш, жами қанча пул кераклиги, унинг қаердан олиниши ва харажатларнинг қопланиши, инвесторларнинг даромад олиш вақти ва бошқалар) ўз ифодасини топиши керак. Бизнес режани ишлаб чиқишда фермер хўжалиги раҳбари, хўжаликнинг мутахассислари иштирок этиши, ташқаридан маслаҳат ва тавсиялар олиниши лозим. Бизнес режа экспертлар кўригидан ўтказилиши ва олинган хулосаларга таянган ҳолда, бизнес режа янада мукаммаллаштирилиши керак.
Услублар ва материаллар. Фермер хўжалиги бизнес режаси фермернинг аниқ ғояга асосланган ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бошқариш ва тижорат билан шугулланиш истиқболлари ёки ҳисоб- китоблар мажмуаси акс этган ҳужжат бўлиши лозим.
Бизнес-режа тузишнинг мақсади тўғрисида иқтисодчи олимлар томонидан мазмунан бир-бирига яқин бўлган турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, иқтисодчи олимлар А.Абдуллаев ва Х.Айбешовлар шундай фикр-мулоҳазалар билдиришган «Бизнес режа тузишдан асосий мақсад фирма фаолиятини келгуси давр ва айрим олинган даврдаги бозор эҳтиёжлари ва зарурий манбалар олиш имкониятларидан келиб чиқишидир» [2].
Иқтисодчи олим Ф.Жўраев фикрича «Бизнес режани тузишдан мақсад:
  • биринчидан, сармоядор ва банкирларнинг пул маблагларини ишлаб чиқаришга жалб этиш;
  • иккинчидан, ўз ходимларини мақсад, вазифа ва истиқболга ишонтириш ва қизиқтириш;
  • учинчидан, ўз гояларининг фойда келтиришига ишониб, режали ва самарали бошқаришни ташкил этишдир» [3].
Аграр соҳа корхоналарида, жумладан, фермер хўжаликларида бизнес режанинг бозор муносабатлари шароитида долзарблиги қуйидаги омиллар таъсирида шаклланади:
  • биринчидан, иқтисодиётга қишлоқ хўжалик корхоналарининг янги мулк шакллари ҳамда ишлаб чиқариш муносабатлари кириб келиши билан фермерларнинг янги авлодлари шаклланмоқда. Фермер хўжаликларининг ер майдонлари оптималлаштирилмоқда. Шу боисдан, улар учун бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқаришни бошқариш, ташкил этиш ва иқтисодиёт билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этиш бизнес- режасиз мумкин эмас;
  • иккинчидан, фермерлар учун ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришда тамоман янгича муносабат - таваккалчилик, рақобат, рақобатга чидаш ва унда енгиб чиқиш сир-синоати ҳам бизнес режа орқали ҳал этилади;
  • учинчидан, хорижий ва маҳаллий инвестицияларини жалб этмасдан ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янгилаш ва самарадорлигини кўтариш жуда катта муаммога айланмоқда. Шундай бир даврда хорижий мамлакатлар инвесторларига буюртмаларнинг долзарб ва самарадорлигини исботлаб бериш ва уларга сарфланадиган маблағларнинг юксак даражада фойда беришини ҳар жиҳатдан кўрсата билиш учун ҳам бизнес-режа зарурдир.
Юқорида қайд этилган муаммоларни турли шаклдаги қишлоқ хўжалик корхоналарида, хусусан мева-сабзавотчилик фермер хўжаликларида ечимини топишда, бизнес режанинг ўзи кифоя қилмайди. Бизнес режа мева-сабзавотчилик тармоғида ишлаб чиқаришни режалаштириш учун зарур бўлган технологик хариталар, меъёрий ҳужжатлар ва бирламчи агрономия ҳамда бухгалтерия ҳисоб-китоблари билан тўлдирилиши шарт.
Мева-сабзавотчилик фермер хўжаликлари бизнес режаси қуйидаги вазифаларни ечишга қаратилиши лозим:
  • фермер хўжаликлари ўз ишларини қандай бошлаши;
  • қандай қилиб ишлаб чиқаришни самарали юргизиш ва товарни бозорга олиб чиқиш;
  • янги ишлаб чиқаришни кимлар билан ташкил этиш ва қачон дастлабки даромадларни олиш;
  • таваккалчилик хавф-хатарини қандай камайтириш;
  • оёққа туриб олиш ҳамда рақобат курашида ютиб чиқиш.
Тадиқиқот натижалари. Бизнес режа тузиш ёрдамида фермер хўжаликлари ўзлари учун қуйидагиларни билиб оладилар:
  • бизнес режани тузиш жараёнида ўз ишлаб чиқариш молия фаолиятини ҳар тамонлама ташкилий-иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан таҳлил қилиш, ўзи бошлаётган ишни пухта билишга, келажакда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ва холисона баҳолашга олиб келинишини;
  • бизнес режа бу - фермер бажарадиган фаолиятнинг тайёр режаси эканлигини. Уни фермер хўжалиги раҳбарининг ўз хўжалигини самарали бошқаришга ҳамда ўйлаган ишларини муваффақиятли ўтишига ёрдамлашадиган ишчи дастур сифатида хизмат қилишини;
  • бизнес режа фермернинг ўз ғоясини бошқа сармоядорларга ва банкирларга етказадиган энг яхши синалган усул ва шунингдек, молиявий фаолиятни аниқ режалаштириш эканлигини ва ҳ.к.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар. Бугунги кунда фермер хўжалиги бозор иқтисодиёти талабидан келиб чиққан ҳолда, нарх ва баҳо ўзгариши ҳамда инфляцияни ҳисобга олиб ишлаб чиқилган бизнес режа тузишлари ҳамда ушбу бизнес режа асосида ишни ташкил этиш натижасида кўзланган мақсадга эришишлари талаб этилади.
Шу боисдан, бизнес режа тузишда фермер ва мутахассислар шахсан қатнашишлари, экспертлар ишидан фойдалнишлари ҳам муҳимдир. Мукаммал бизнес режа тузиш ва шу асосда ишни ташкил этиш мўлжалланган фойдани олишни таъминлайди.
Фермер хўжаликлари учун бизнес режани тайёрлашда қуйидаги намунавий таркибий бўлимлар тавсия этилади:
  1. Резюме (қисқа хулоса)
  2. Фермер хўжалиги ҳақида маълумотлар
  3. Маҳсулот тавсифи
  4. Маҳсулот ларни сотиш бозори
  5. Маркетинг режаси
  6. Ишлаб чиқариш режаси
  7. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш
  8. Ташкилий режа (менежмент)
  9. Молиявий режа
  10. Лойиҳанинг рентабеллиги (фойдалилиги)
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 2-жилд. Бешик-Гидрофизика. Таҳрир ҳайъати: Б. Аминов, Б.Ахмедов, Ҳ.Бобоева ва б. —Т.: «Узбекистан миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2001. .
  2. А.Абдуллаев, Х.Айбешов. Бизнес режа. Уқув қўлланма. -Т.: Молия, 2002. -72 б.
  3. Ф.Жўраев. Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этиш. Дарслик. Узбекистан Журналистлар ижодий уюшмасининг «Истиқлол» нашриёти, 2004. -418 б.

скачать dle 11.3

11-11-2017, 14:34 670 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив