» » » БОҒДОРЧИЛИК СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

БОҒДОРЧИЛИК СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


Muallif(lar
):.Файзуллаева Т.Р. Дадарбаев М.А.
Nashr ma`lumotlari: // 
Meva  - sabzavotchilik majmuida iqtisodiy munosabatlar tizimini va menejmentning axborot – tahlil ta’minotini takomillashtirish -Тошкент: 2017. 
To‘plamni yuklash uchun havola:To’plam






БОҒДОРЧИЛИК СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


Файзуллаева Т.Р., и.ф.н.,
Дадарбаев М.А., мустақил изланувчи,
ТИҚХММИ


Ушбу мақолада боғдорчилик соҳасидаги агросаноат фирмаларига мева етиштириш, қайта ишлаш саноати, маҳсулотни сотиш бўғинлари ва ушбу соҳаларга хизмат кўрсатувчи тармоқлар ўртасидаги ўзаро самарали иқтисодий муносабатлар мажмуига доир масалалар кўриб чиқилган.

Кириш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 11 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-255-сонли қарорига мувофиқ мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида фаолият юритувчи ширкат хўжаликлари ўрнида хусусий мулкдор ҳисобланган фермер хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш механизми жорий этилди. Натижада 2006 йилга келиб, деҳқон хўжаликлари салмоғи мева етиштиришда 2005 йилдаги 59,6 фоиздан 50,7 фоизга камайиб, фермер хўжаликлари салмоғи эса 18,5 фоиздан 41,3 фоизга ортган. Мева етиштириш соҳасида ҳақиқий мулкдорларнинг фаолият юритиши республикамиз бозорларининг ўзимизда етиштирилган мевалар билан тўйинишида муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, боғдорчилик маҳсулотлари нобудгарчилигининг олдини олиш ва уларни экспорт қилиш жараёнидаги муаммолар ечимларини топишда ҳам муҳим асос бўлади.
Боғдорчилик соҳасидаги агросаноат фирмаларига мева етиштириш, қайта ишлаш саноати, маҳсулотни сотиш бўғинлари ва ушбу соҳаларга хизмат кўрсатувчи тармоқлар ўртасидаги ўзаро самарали иқтисодий муносабатлар мажмуи сифатида қараш лозим.
Агросаноат фирмалари ўз фаолиятлари давомида боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, қайта ишлаш ва истеъмолчиларга турли кўринишларда етказиб бериш билан боғлиқ ташкилий, иқтисодий ва технологик масалаларни ягона тизим доирасида мувофиқлаштиради. Аммо, бу тузилмалар фаолияти кооперация жараёни иштирокчилари бўлган барча субъектлар, яъни мева етиштирувчи хўжаликлар, қайта ишлаш, сақлаш ва савдо соҳаси корхоналари манфаатлари уйғунлигини таъминлаган тақдирдагина самарали ва барқарор бўлади.
Агар масалага боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари доирасида ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашсак, фикримизча, ушбу тизимда фермер хўжаликларини ривожлантириш ёки боғдорчилик соҳасини ривожлантиришга бир масала сифатида қараш лозим. Чунки боғдорчилик соҳасидаги фермер хўжаликларини ривожлантиришда ҳам, фермер хўжаликларида боғдорчилик маҳсулотларини етиштиришни ривожлантиришда ҳам бир мақсад сари йўналтирилган ташкилий-иқтисодий, агротехнологик тадбирлар мажмуи талаб этилади.
Мақсад эса бозор талаби доирасидаги (миқдор), яхшироқ сифатдаги арзонроқ маҳсулотларни етиштириш орқали умумий ҳолда микроиқтисодиёт даражасида фермер хўжаликлари оладиган даромадлари миқдорини ошириб бориш, макроиқтисодий даражада эса мамлакат ички бозорини боғдорчилик маҳсулотлари билан тўйинтириш, аграр тармоқ маҳсулотларининг ташқи бозорларда эгаллаган ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборат.
Боғдорчилик соҳасини ривожлантириш ишлаб чиқариш соҳаси орқали ёки мажмуа доирасида агросаноат фирмалари фаолияти орқали амалга оширилишидан қатъий назар тармоқдаги ўзига хосликлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш талаб этилади. Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантиришда ҳисобга олиниши лозим бўлган ўзига хос жиҳатлари, фикримизча,икки гуруҳлардан иборат бўлиши лозим.
 Боғдорчилик соҳасида ишлаб чиқариш фаолиятини юритиш билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларни киритиш лозим. Ушбу хусусиятларга:
Боғдорчилик маҳсулотлари таркибининг хилма-хиллиги ва турли кўриниш, тавсиф ва тузилишдаги маҳсулотлар етиштирилиши билан боғлиқ масала ҳисобга олиниши лозим. Боғдорчиликда кўплаб турдаги маҳсулотлар етиштирилиши билан бирга маҳсулотлар хусусиятлари ташқи кўриниши, товарлилик хусусиятлари, истемолчиларнинг сотиб олишдаги мақсадлари доирасидаги (истеъмол учун) фарқлар билан ўзаро кескин ажралиб туради.
Республика аҳолисини витаминларга бой, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва аграр тармоқнинг экспорт салоҳиятини оширишда катта имкониятларга эга боғдорчилик соҳасининг ўрни беқиёс. Ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш боғдорчилик соҳасини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятларини билиш ва улардан самарали фойдаланиш тадбирларини ишлаб чиқишни тақозо этади.
Бу кўп жиҳатдан маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш, моддий манфаатдорлик масаласи ва моддий-техник таъминот, маҳсулот сотиш, борасидаги муаммоларни ҳал этишга ҳам боғлиқ бўлиб қолади. Ушбу соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш яна ўз ўрнида боғдорчилик тармоғи қандай ўзига хосликлар билан боғлиқ ҳолда ривожланиб бориши лозимлигини билишни талаб этади.
Услублар ва материаллар. 2016 йилда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга ошириш қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотларини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,6 фоизга ошириш имконини берди.
Пахта майдонларини 30,5 минг гектарга қисқартириш ва бўшаган ерларга ички ҳамда ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотларни замонавий қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этган ҳолда экиш ҳисобидан экин майдонлари тузилмаси оптималлаштирилди.
Натижада қарийб 3 миллион тонна пахта, 8,3 миллион тонна буғдой, 21 миллион тоннадан зиёд мева-сабзавотлар, жумладан қарийб 3 миллион тонна картошка, 11,3 миллион тонна мева, 2 миллион тонна полиз маҳсулотлари, 1,7 миллион тоннадан ортиқ узум, 3 миллион тонна мева ва резаворлар етиштирилди ва йиғиб олинди.
Мева-сабзавотларни ишлаб чиқариш ва уларни сақлашга қаратилган ҳажми ошиши, мазкур маҳсулотларни сақлаш учун махсус совуткичларни қуриш ва сақлаш технологиясини такомиллаштиришга мустаҳкам замин яратди. Хусусан, 2016 йилда 93,1 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун 204 янги совутиш камераси ташкил этилди ҳамда 12,7 минг тонна маҳсулотни сақлайдиган 26 совутиш камераси модернизация қилинди.
Қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини янада ошириш мақсадида 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш давлат дастурини амалга ошириш доирасида 2016 йилда узунлиги 856,3 километрлик коллектор, 322,6 километр ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 233 вертикал дренаж қудуғи, 12 та мелиоратив насос станцияси, 357,4 километр канал, 70,8 километр суғориш латок тизими барпо этилди ва реконструкция қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Прездентининг“Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш борасида қуйидаги вазифалар белгилаб берилди:
таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш;
пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинларни экиш, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш ҳисобига экин майдонларини янада оптималлаштириш;
фермер хўжаликлари, энг аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бир қаторда, қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, яримтайёр ва тайёр озиқ-овқат ҳамда қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ва бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини янада кенгайтириш;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектлари тармоқларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасига интенсив усулларни, энг аввало, сув ва ресурсларни тежайдиган замонавий агротехнологияларни жорий этиш, унумдорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш.
Тадқиқот натижалари. Замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдорликка эга эртапишар ҳамда ширин таъмга эга пакана ва ярим пакана дарахтларни экиш орқали интенсив боғ ва узумчиликни ривожлантириш ва дунё бозорларида харидоргир экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, жумладан:
13 минг гектар майдонда янги интенсив боғ ва 7,3 минг гектар токзорлар ташкил қилиш ҳамда 15,4 минг гектар боғ ва 9 минг гектар токзорларни реконструкция қилиш;
мавжуд паст рентабелли боғ ва токзорларни босқичма-босқич, йилига 10 фоиздан ёки 26,4 минг боғ ва 14,1 минг токзорларни интенсив усулга ўтказиш;
янги ташкил этилаётган ва мавжуд интенсив боғ ва токзорларга босқичма-босқич йилига 5,7 минг гектардан томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш;
республика тупроқ-иқлим шароитига мос пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари ва пайвантаклари етиштириш ҳажмини камида 7000 мингтага ошириш лозим.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар.Демак, боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларини ривожлантириш тадбирлари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши пайтида соҳанинг ўзига хос, юқорида қайд этилган, шунингдек, ҳар бир ҳудуд шароити билан боғлиқ хусусиятларини ҳисобга олиб, улардан унумли фойдаланиш бундай хўжаликларнинг иқтисодий барқарорлиги гарови ҳисобланади. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, яримтайёр ва тайёр озиқ-овқат ҳамда қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш талаб этилади.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 11 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-255-сонли қарори.
  2. Собиров М. Томорқа боғдорчилиги. – Тошкент: Меҳнат, -1991. -7-9 б.
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони. – Т.: Халқ сўзи, 2017 йил 8 февраль.
скачать dle 11.3

8-02-2018, 14:28 420 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив