» » » БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ

БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ

Nashr ma`lumotlari: // Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти // мавзусидахалқаро илмий-амалий анжуман. –Тошкент - 2017
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam






БОҒДОРЧИЛИККА ИХТИСОСЛАШГАН ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНИШ МАСАЛАЛАРИ

Б.О.Мўминов, И.А.Холмирзаев*
ТДАУ, ҚСХВ*

Ўзбекистонда богдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини кейинги даврларда ривожланиш ҳолати таҳлил этилган. Бунда, богдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларида эришилаётган ижобий натижалар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбирлари билан бир қаторда тармоқда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклиф ва мулоҳазалар баён этилган.
Калит сўзлар: мулк, бозор, фермер, молия, ихтисослашув, мулкчилик.

Республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, иқтисодиётда содир бўлаётган ўзгаришлар, авваламбор, унинг барча жабҳаларида бозор муносабатларини шаклланиши ва ривожланишига боғлиқ.
Маълумки, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида бозор муносабатларини жорий этиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга йўналтирилган иқтисодий ислоҳотлар бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Фермерликни ривожлантириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ва молиявий мустақиллиги учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар ва кафолатларни яратиб берувчи қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликларини шаклланиши ва ривожланишини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳаётга татбиқ этилиши бир томондан рентабеллик даражаси паст ва зарар билан ишлаётган хўжаликларни таркибий қайта тузиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва ихтисослаштиришга қаратилган бўлса, иккинчи томондан, ерга, мулкка ва етиштирилаётган маҳсулотга эгалик масаласини ва меҳнатни ташкил қилишнинг (мотивациянинг) тубдан ўзгаришига олиб келди.
Фермер хўжаликларининг ер, сув ва моддий-техника ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажмлари муттасил ошиб боришини, самарадорлиги ва рентабеллиги ўсишини таъминлаш имконини берадиган моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ер майдонларини мақбуллаштириш борасидаги комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Қишлоқда ихтисослашган

фермер хўжаликларига барча зарур хизматларни кўрсатаётган замонавий ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси шакллантирилмоқда. Натижада, фермер хўжаликлари томонидан етиштирилаётган маҳсулотларнинг ҳажми ва сифати йилдан йилга яхшиланиб, ресурслар самарадорлигини кўтариш имконияти яратилмоқда.
Ер сув ресурслари чекланган шароитда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини оптималлаштириш тадбирларини амалга ошириш натижасида 2009 йилдан бошлаб, интенсив, юқори самарали кўчатлар экиш ҳисобига янги боғларнинг ташкил этилиши, ўз навбатида, уларнинг майдонларини кенгайтириш имкониятини берди.
“2009-2016 йилларда 36,8 минг гектар янги боғлар ва 40,5 минг гектар токзорлар барпо этиш ҳамда 63,7 минг гектар боғларни ва 40,8 минг гектар токзорларни реконструкция қилиш ҳисобига 60 фоиздан ортиқ боғлар ва 50 фоиздан ортиқ токзорлар янгиланди. Шунингдек, илғор хорижий тажрибалар асосида томчилатиб суғориш технологиясини ва бошқа инновацияларни қўллаган ҳолда 31,4 минг гектар (жами боғ майдоннинг 12 фоизи) юқори ҳосилли, пакана ва ярим пакана интенсив боғлар ташкил этилди .
Республикада боғдорчилик тармоғини ривожланишига ҳукумат томонидан амалга оширилаётган комплекс ташкилий-иқтисодий омиллар, хусусан:
  1. қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга тизимли равишда эътибор берилаётганлиги;
  2. тармоқни ривожлантириш учун давлатнинг юқори самарали сиёсати ва дастурларини амалга оширилаётганлиги;
  3. ишлаб чиқаришни тартибга солишда мувозанатлашган бозор тизимининг мавжудлиги;
  4. зарурий материаллар (ёқилғи, минерал ўғит, кимёвий препаратлар) ва маблағ (кредит, бўнак) билан таъминлаш тизимини йўлга қўйилганлиги ва бошқалар ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, тадқиқотлар натижаларига таянган ҳолда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда боғдорчилик тармоғида олиб борилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқлар билан бирга, тармоқни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар мавжуд. Бу муаммоларни ҳал қилиш боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг ривожини таъминлабгина қолмай, балки, бутун мамлакат иқтисодиётининг муваффақиятли ривожланишига, аҳолини мева ва узум маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга бевосита таъсир қилади.
Боғдорчилик соҳасини ривожлантириш, ўз навбатида, фермер хўжаликларидан катта миқдордаги маблағни йўналтиришни талаб этади ва уни қайтиши узоқ муддатда (интенсив боғларда дастлабки қисми энг камида 3 йилдан сўнг) амалга ошади. Сўнгги вақтларда фермер хўжаликларининг ер майдонларини мақбуллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар фермерлар томонидан ижарага олинган ер майдонида узоқ муддат фаолият юритиши кафолатини сусайтириб, фермерда ишончсизлик кайфиятини юзага чиқишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, фермер ва деҳқонларда узоқ муддатда қайтим берувчи соҳа ҳисобланган боғдорчилик йўналишига катта миқдордаги инвестиция йўналтиришга маълум даражада тўсиқ бўлмоқда.
Шунингдек, фермер хўжаликларида боғдорчилик тармоғини ривожланиши бевосита қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши хусусиятларига, чунончи, боғдорчиликда етиштириладиган маҳсулотларнинг мавсумийлиги, йиғиб олиш, сақлаш, етказиб беришдаги муаммоларга бориб тақалади. Бу муаммоларни ҳал этишда мева етиштиришнинг узулуксизлигини ва бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнларини чуқурлаштиришнинг аҳамияти ортиб бормоқда.
Боғдорчилик тармоғини ривожлаштириш юзасидан республикада амалга оширилган чора- тадбирлар натижасида мустақиллик йилларининг бошланишида, яъни 1991 йилда боғ майдонлари 166,3 минг гектарни, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб, 266,4 минг гектарни ташкил этиб, қарийб 100 минг гектардан зиёдга ортди. Натижада ҳосилга кирган боғлар майдони 214,3 минг гектарни ташкил этиб, улардан олинаётган ҳосил миқдори 1 гектар майдондан ўртача 128,1 центнерга, ялпи ҳосил 2746,1 минг тоннага тенг бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги “2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2460-сонли қарори асосида пахта ва бошоқли дон экинлари майдонларини оптималлаштириш ҳисобига ҳудудларнинг ихтисослашганлиги, аҳоли сони, иш билан таъминланганлик даражаси, табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олиб, бошқа турдаги озиқ-овқат экинлари билан бир қаторда, боғ-токзорлар майдонларининг кенгайтириш натижасида 2020 йилга бориб боғ майдонлари 279,9 минг гектарни ташкил этиб, 2015 йилга нисбатан 1,1 баробарга, токзорлар 155,2 минг гектарга тенг бўлиб, 1,1 баробарга ўсиши, ўз навбатида, мева ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 20-25 фоизга ортиши, интенсив технологиялар асосида пакана ва ярим пакана мевали боғлар эса 50 минг гектардан ортиқ майдонларни ташкил этиши белгилаб берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947- сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастурида жорий йилда “Замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдорликка эга бўлган, эртапишар ҳамда ширин таъмга эга пакана ва ярим пакана дарахтларни экиш орқали интенсив боғ ва узумчиликни ривожлантириш ва дунё бозорларида харидоргир экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, жумладан:
13 минг гектар майдонда янги интенсив боғ ва 7,3 минг гектар токзорлар ташкил қилиш ҳамда 15,4 минг гектар боғ ва 9 минг гектар токзорларни реконструкция қилиш;
мавжуд паст рентабелли боғ ва токзорларни босқичма-босқич, йилига 10 фоиздан ёки 26,4 минг боғ ва 14,1 минг токзорларни интенсив усулга ўтказиш;
янги ташкил этилаётган ва мавжуд интенсив боғ ва токзорларга босқичма-босқич йилига 5,7 минг гектардан томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш;
республика тупроқ-иқлим шароитига мос пакана ва ярим пакана дарахт кўчатлари ва пайвантакларини етиштириш ҳажмини камида 7000 мингтага ошириш;
бевосита мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш учун ажратилган қишлоқ хўжалиги экин майдонларида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш учун сув ҳавзалари, йирик сув ўлчаш сиғимлари, бирламчи совутиш тизимлари ва совутгич камералари ҳамда технологик жараёнларни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа объектлар қуриш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш;
истиқболли ва дунё бозорларида талаб юқори бўлган экспортбоп интенсив боғ мевалари кўчатларининг навларини синаш ва уларни республика ҳудудида экишга тавсия этиладиган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритиш;
ташкил этилаётган интенсив боғларда замонавий минерал ва органик ўғитлардан ҳамда касаллик, зараркунандалар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилувчи кимёвий воситалардан фойдаланиш тизимини, уларни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатилиши рухсат этилган пестицидлар ва агрохимикатлар рўйхатига киритиш орқали ташкил қилиш”2 асосий вазифалардан сифатида белгиланган.
Белгиланган истиқбол кўрсаткичларига эришиш ва қўйилган вазифаларни тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун бизнингча, қуйидаги чора тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:
  • ерга нисбатан давлат мулкчилиги сақланиб турган бугунги шароитда боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжаликларида ижарага олинган ер майдонидан узоқ муддатли кафолатли фойдаланишини таъминлаш, яъни мавжуд боғзорларни мулк сифатида фермер хўжаликларини ер майдонларини мақбуллаштириш тадбирларни амалга оширишда инобатга олиш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш;
  • боғдорчилик тармоғининг мавсумий хусусиятига, табиий-иқлим шароитларига боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда иқлимнинг глобал ўзгариши шароитларига мослаштириш тадбирларини ташкил этиш;
  • иқтисодий самарасиз ва эскирган маҳаллий боғларни реконструкция қилиш ва мавжуд боғлардан самарали фойдаланиш, аксарият фермер хўжаликлари раҳбарларининг янги ташкил этилган интенсив боғларга ишлов бериш бўйича билим ва малакаларини ошириш ишларини кучайтириш;
  • боғдорчиликда агротехник тадбирларни илмий асосланган ҳолда амалга оширишни ва унга тўлиқ амал қилинишини, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишда биологик усуллардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
  • боғдорчилик тармоғига хизмат кўрсатувчи инфратузилмаларнинг (кичик ҳажмли техникалар ва янги технологияларни қўллаш, консалтинг хизматлари кўрсатиш ва ахборотлар билан таъминлаш, етиштирилган маҳсулотлар маркетинга ва ҳ.к.) самарали фаолият юритишини таъминлаш;
  • мева маҳсулотларини сотиш тизимини янада ривожлантириш, ҳудудий улгуржи бозорларни ташкил этиш, нархларнинг барқарорлиги таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш.
Хулоса қилиб айтганда, республикада боғдорчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг юқорида келтириб ўтилган устувор йўналишларини амалга ошириш асосида маҳсулот ишлаб чиқаришини
2 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармони.
янада кўпайтириб аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан кенг ассортиментда тўлақонли таъминлашга, тармоқ самарадорлигини ва даромадларни оширишга, аҳоли бандлигини таъминлашга, қайта ишлаш саноатини янада ривожлантиришга, мамлакат экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш орқали валюта тушумининг ўсишига эришилади.

скачать dle 11.3

10-11-2017, 15:53 860 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив