» » » ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ЎРТА МАХСУС КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МУАССАСАЛАРИ ЎРТАСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ЎРТА МАХСУС КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МУАССАСАЛАРИ ЎРТАСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК

Nashr ma’lumotlari: // Oлима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни iлмий-амалий анжуман материаллари //Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ЎРТА МАХСУС КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МУАССАСАЛАРИ ЎРТАСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ҲАМКОРЛИК


Р.Э.Турдибоева
ТошДАУ қошидаги Қибрай академик лицей


Республикамиз Президентининг 1997 йил 29 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг IX сессиясида сўзлаган нутқи, Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялаш дастурини яратишда пойдевор бўлди. Нутқда айтилган фикрлар асосида Республикамизда «Таълим тўғрисидаги» қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» қабул қилинди. «Таълим тўғрисидаги» қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» жахон андозаларига мувофиқ ҳолда тайёрланган бўлиб, истиқболдаги вазифаларни илгари суриш ва ҳал этишга қодир кадрларнинг янги авлодини шакллантиришга йўналтирилгандир. 2010 йилнинг “Баркамол авлод йили” деб номланиши ушбу буюк мақсадларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги ПҚ 1271-сонли қарори билан тасдиқланган “Баркамол авлод йили” Давлат дастурини, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта, махсус таълим Вазирлигининг 2008 йил 18 июндаги 185-сонли “Олий таълим муассасалари томонидан ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш” тўғрисидаги буйруғининг тегишли бандларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб Олий таълим ва ўрта махсус таълим муассасалари ўртасида илмий ва амалий ҳамкорликни оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Таълим тизимида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўзининг янгилиги билан ажралиб туради, шу боис бу тизимда ҳал этилиши, илмий жиҳатдан ўрганилиши лозим бўлган масалалар етарли. Шу мақсадда бу тизимда Олий таълим билан ҳамкорликда илмий ишларни ривожлантирилса биринчидан, таълим тизимида узвийлик таъминланади. Иккинчидан, бу тизимда ечилиши керак бўлган муаммолар ўз ечимини топади. Учинчидан, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини инновацион ривожланиишига эришилади. Шу мақсаддаТошкент давлат аграр университетида эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Фикримиз далили сифатида университетнинг гуманитар фанлар кафедраси “Ҳуқуқшунослик” бўлими ТошДАУ қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамкорлигида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш борасида илмий  тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Ушбу илмий иш доирасида нафақат  лицей, балки Тошкент вилояти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва унинг тасарруфидаги бир-нечта академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик шартномасини тузиб  илмий ишни олиб бормоқда. Қуйида биз ўз тажрибамиз билан фикрлашмоқчимиз.
 Умумий таълим жамият ривожида зарур таянч бўлса, ҳуқуқий таълим-тарбия демократик хуқуқий давлатнинг пойдеворидир. Чунки ҳуқуқий таълим ва маданият ҳар қандай демократик мамлакатда халқнинг эркин яшаши, фаровон турмуш кечириши, хоҳиш -иродасини ҳеч қандай тўсиқларсиз амалга ошиши, эзгу мақсад ва ниятларни амалга оширишида муҳим кафолатдир.
Шу боис ТошДАУ гуманитар фанлар кафедрасининг“Ҳуқуқшунослик” бўлими ўқитувчилари ва ТошДАУ қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамкорликда ИТД-4 “Ёш авлодни тарихий, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида муносиб тарбиялаш, таълим, тарбия тизимини ривожлантириш, узлуксиз таълим тизимида юқори малакали, шунингдек, бошқарув кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш” дастури  доирасида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчи ёшларида ҳуқуқий ва тинчлик маданиятини шакллантириш муаммоларига бағишлаб ҚХА-4-001 сонли шартнома асосида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқдамиз. Ушбу мавзу ҳар томонлама ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради.
Биринчидан, жамият ва давлат тараққиётининг ҳозирги ҳолати ҳуқуқий муносабатлар барча иштирокчиларининг, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ва ҳуқуқий саводхонлигини ҳар томонлама оширишни талаб қилмоқда.
Иккинчидан, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш илмий асосларини тадқиқ этиш бўйича ҳам Миллий дастурда долзарб муаммолар, вазифалар кўрсатилган. Унда ҳуқуқий маданиятнинг моҳияти, мазмуни, таркибий тузилиши ва намоён бўлишининг фалсафий, ижтимоий, иқтисодий, руҳий ва юридик муаммоларини тадқиқ қилиш уни шакиллантириш ва янада юксалтириш усулларини аниқлашга илмий изланишларнинг устивор йўналиши деб қаралмоғи лозимлиги таъкидланган.
Учинчидан, жамиятда етилган ҳуқуқий маданиятни шакиллантирш муаммолари шуни кўрсатмоқдаки юридик соҳа олимлари бу муаммоларни ечишга катта эътибор беришлари лозим. Айниқса, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга катта эътибор бериш керак. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон – ёшлар мамлакатидир. Аҳолининг 64% ни 30 ёшдан ошмаганлар ташкил этади. Бу бошқа мамлакатларнинг кўрсаткичларидан икки ярим баробар кўпдир.
Тўртинчидан, ёшларда аҳлоқий сиёсий ва ҳуқуқий маданиятга асосланган тинчлик маданиятини шакллантириш долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки ҳар қандай маданиятнинг негизида тинчликка етакловчи мақсад ётади. Мамлакатимизнинг, бутун жаҳоннинг эртанги куни ёшлар қўлида. Уларда аҳлоқий, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятга асосоланган тинчлик маданияти шакилланмаган бўлса, ер юзида тинчликни сақлаш муаммоси ўз ечимини топмайди.
Бешинчидан, ҳуқуқий маданият муаммоларини тадқиқ этишнинг социологик негизини ривожлантириш муҳимдир, чунки аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқий маданияти ҳолатининг ҳақиқий манзарасини аниқлаш жуда долзарб хисобланади. Бунинг учун аҳолининг кенг қатлами, шунингдек ёшлар ўртасида сўровлар ўтказиш, ҳуқуқ ва қонунга бўлган жамоатчиликнинг фикрини аниқлаш лозим. Шундай сўровлар ўтказилиб, унинг натижалари нашр этилиб оммага етказилиб туриши мақсадга мувофиқдир.
Олтинчидан, ёшлар аҳолини бошқа ижтимоий гуруҳларидан ўзига хос томонлари билан ажралиб туради, чунки келгусида улар тайёр кадрлар бўлиб, жамият бошқарувининг у ёки бу соҳасида хизмат қиладилар.
Бу гуруҳнинг юксак даражадаги ҳуқуқий маданияти, ташаббускорлиги жамият ривожига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, тадқиқотчиларимиз муаммони тадқиқ этишнинг социологик негизларини ўрганишни лозим топишди. Мазкур тадқиқотни амалга оширишда Тошкент вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ва унинг тасарруфидаги  академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан яқиндан илмий ҳамкорлик шартномаларини тузиб, илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Мазкур социологик сўровларнинг объекти этиб, Тошкент вилоятининг Қибрай, Бўка туманлари ҳамда Чирчиқ, Янгийўл шаҳарларидаги ЎМКҲТ муассасалари олинди. Тадқиқотда ушбу туман ва шаҳарлардан 7 та таълим муассасаси олинди, улардан жами 419 нафар ўқувчилардан социологик сўровномалар ва тестлар олинди. Сўровнома 4 блокда олиб борилди. Биринчи блок саволлари  респондентларнинг ёши, жинси ва  нечанчи курсда ўқишларига бағишланган, 2-блок саволлар ёшларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка бўлган муносабатларига бағишланган, 3-блок саволлар ёшларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига, ҳуқуқий маданиятига дахлдор, 4-блок саволлар эса ўқувчининг ижтимоий келиб чиқиши ва қисман оиласи ҳақида маълумотлар олишга бағишланган. Респондентларнинг 30,1 % 18 ёшли, 43% 17 ёшли, 24,8% 16 ёшли, 2,1% 15 ёшни ташкил этади. Жумладан 17% учинчи босқичда,  34,6 %  иккинчи босқичда, 48,4 % биринчи босқичда ўқишади. Иштирокчиларнинг 45,3% ни ўғил болалар ташкил этади.
Ўқувчилардан “Сиз қонунлар ҳақида маълумотларни қаерлардан оласиз?”-деган саволга респондентларга бир нечта жавоб танлаш ҳуқуқи берилганлиги боис, қуйидагичажавоблар олинган: 87,5 %- ўқитувчилардан, 65,6% - китоб ва газеталардан, 36,5 % -ота-онамдан, 43,9% - оммавий ахборот воситаларидан, 6,6 %- ўртоқларимдан, 12,6%- интернетдан, деб кўрсатишган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкин-ки, демак таълим муассасаларида ҳуқуқий фанларни ўқитишга катта эътибор  қаратиш лозим, чунки, респондентларнинг аксарияти  ҳуқуқий ахборотларни ўқитувчиларидан олишинитаъкидлашган.
Ёшларнингбўш вақтларини қандай ўтказишлари ҳақидаги саволга, респондентларнинг  35.5 % - ўқийман, 31,9% -  мусиқа эшитаман, телевизор, видео кўраман, 28,1%- спорт билан шуғулланаман, 6,4% - пул топишга ҳаракат қиламан, 6,4% - ўртоқларим билан учрашаман, 2,1 % - кинотеатрларга, видеозалга, дискотекага бораман, деб кўрсатишган. Демакёшларимизнинг кўпроқ қисми  китоб, газета ва журналларни ўқиишини ва оммавий ахборот воситаларининг ўрнини юқори кўрсатишган, бундан шундай хулоса қилишимиз мумкин-ки, ёшларга мос ҳуқуқий мавзуларда адабиётлар ва  кўрсатувларни кўпроқ ташкил этиш ва ёшларга тақдим этиш лозим.
Ёшлар ўртасида  ўтказилган сўровларни таҳлил қилар эканмиз, бугунги кунда ўқувчи ёшларимизнинг ҳуқуқий маданияти даражаси  юқори даражада, деб бўлмайди, аммо шу билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқий билимларга қизиқиши, интилиши юқори эканлиги ҳам маълум. Шу сабабли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ҳуқуқий фанларни ўқитилишига, янги педагогик технологияларни кенг жорий этишга катта эътибор бериш лозим. Ҳуқуқий мавзуларда ўсмир ёшларга мос савол-жавоблар тарзида адабиётларни яратиш, чоп эттириш мақсадга мувофиқ.
Фикримиз хулосасида, шуни айтишимиз мумкинки, Олий  ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими  муассасалари ўртасида  илмий ва амалий ҳамкорликни кучайтириш, ЎМКҲТ тизимида инновацион ривожланиш имкониятини беради. Бунинг учун бизда барча шароитлар ва омиллар етарли, яъни  ҳар бир  ЎМКҲТ муассасаси қайсидир бир Олий ўқув юрти  қошида ташкил этилган, шунингдек, барча ОЎЮда академик лицей ва касб-ҳунар  коллежлари бўйича проректор лавозими таъсис этилган. Ушбу шароитлар ўзаро ҳамкорликни кучайтириш учун реал имкониятдир. Қуйида биз Олий  ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими  муассасалари ўртасида  илмий ва амалий ҳамкорликни кучайтириш учун қуйидаги масалаларга эътиборни қаратишни тавсия этамиз  қайсики бумасалалар келажакда ЎМКҲТ тизимини инновацион ривожланишга олиб келади.:
Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари  ҳамкорликда фундаментал ва инновацион  илмий лойиҳалар устида ишлаши, турли халқаро  лойиҳаларда ўз ташаббуслари  билан қатнашиши;
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Илмий ва инновацион Марказлар ташкил этиш;
Олий ўқув юртлари кафедраларининг филиалларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида очиш, мавжудларининг эса фаолиятини жонлантириш;
ОЎЮ олимларини ЎМКҲТ тизими муаммоларини ҳал этишда илмий ва услубий ёрдам кўрсатиш учун кенгроқ жалб этиш;
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларини илмий ишларга жалб этиш, илмий иш билан шуғулланаётган ёш олимлар фаолиятини рағбатлантириш, ишларини оммалаштириш.
Адабиётлар
1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси.-Т.: Ўзбекистон. 2008 й.
2. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури.// Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. 1997. №9.
3. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури. .// Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. 1997. №9.
4. Ўзбекистон Республикасининг Таълим тўғрисидаги Қонуни. .// Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. 1997. №9.
скачать dle 11.3

29-05-2018, 13:23 344 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив