» » » ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОХАСИДАГИ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ МУАССАСАЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОХАСИДАГИ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА ИЛМИЙ МУАССАСАЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ

Nashr ma`lumotlari: // Ишлаб чиқариш интеграцияси ва инновацион ривожланиш  истиқболлари //Тошкент-2011 .
To‘plamni yuklash uchun havola:
 To"plam


ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ СОХАСИДАГИ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВА
ИЛМИЙ МУАССАСАЛАР ИНТЕГРАЦИЯСИДА ТАШКИЛ ЭТИШ



Ш.Нурматов, М. Тошболтаев ТошДАУ, ЎзМЭИ



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Тошкент давлат аграр университети (ТошДАУ), Андижон қишлоқ хўжалик институти (АндҚХИ), Самарқанд қишлоқ хўжалик институти (СамҚХИ) ва Тошкент ирригация ва мелиорация институти (ТИМИ) да қишлоқ ва сув хўжалиги ишлаб чиқаришининг барча йўналишлари учун бакалавр ва магистрлар тайёрланади.
Мазкур олий таълим муассасаларда ўқув-тарбия жараёни интенсив илмий-тадқиқот фаолияти билан органик боғлангандагина фан ва техника тараққиётининг муҳим масалаларини сифатли бажаришга қодир мутахассисларни тайёрлашга эришилади.
Вазирлик тизимидаги олий ўқув юртларида нафақат қишлоқ ва сув хўжалиги, балки фаннинг турли соҳаларида илмий тадқиқотларни бажариш тарихан шаклланган. Чунки кафедраларда тупроқшунос, агроном, муҳандис, ветеринар, ирригатор, мелиоратор каби соф соҳа олим-педагоглари билан бир қаторда тилшунос, математик, физик, кимё, иқтисодчи каби бошқа бир қатор мутахассисликка эга бўлган ўқитувчи-олимлар жамланган.
Демак, бундай олий ўқув юртларини кўп профилли илмий жамоалар қаторига киритса бўлади. Шу тамойилдан келиб чиқиб, биз вазирлик тизимидаги олий ўқув юртларида илмий тадқиқотларни қўйидаги тизим асосида ташкил этишни тавсия қиламиз. Мисол тариқасида Тошкент давлат аграр университетини оламиз ва уни бош олий ўқув юрти деб атаймиз (1-расм).
Кафедранинг вақтинчалик ижодий жамоаси. ТошДАУда 26 та, шу жумладан 7 та факултетлараро кафедра фаолият кўрсатмоқда. Бу кафедралар дехқончилик, чорвачилик, иқтисодиёт ижтимоий, табиий ва техника фанларининг деярли ҳамма йўналишларини қамраб олган. Шу боис кафедраларнинг олим-ўқитувчилари томонидан фундаментал, амалий ва тажриба-конструкторлик, яъни илмий тадқиқотларнинг барча турлари бажарилиши мумкин. Масалан, айтайлик, "Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги" кафедрасининг ўқитувчилари "Ўзгарувчан табиий шароитларга бардошли ғўза навларини яратишнинг назарий асосларини ишлаб чиқиш" мавзусидаги фундаментал лойиҳа билан Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан эълон қилинган танловларда қатнашдилар ва грант соҳиби бўлдилар. Ғолиб лойиҳани бажариш учун таркиби кафедра аъзолари ва магистрлардан иборат вақтинчалик ижодий жамоа (ВИЖ) тузилади ва тадқиқотларга киришилади. Лойиҳа ижрочиларининг бир жойда ишлашлари - кафедра вақтинчалик ижодий жамоасининг қимматли ижобий белгисидир.
Кафедралараро вақтинчалик ижодий жамоа. Комплекс характерга эга бўлган илмий муаммоларни кафедралараро ВИЖ кучи билан бажариш мақсадга мувофиқдир.
Масалан, "Қайта ишлашга мос помидор навини яратиш" мавзусидаги илмий лойиҳани "Мева- сабзавотчилик ва узумчилик" факултетига қарашли "Мевачилик, сабзавотчилик ва узумчилик" ҳамда "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш ташкил этиш" кафедралари олимлари биргаликда бажарсалар кутилган илмий натижалар олинади.
Факултетнинг вақтинчалик ижодий жамоаси. Бундай ВИЖ бир факултет таркибидаги икки ёки ундан ортиқ кафедра аъзоларидан ташкил топади. Масалан, "Тут ипак қуртини хавфли касалликлардан профилактика қилган ҳолда парваришлашнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш" мавзусидаги амалий лойиҳани "Зоотехния" факултетининг "Ипакчилик", "Ветеринария" ва "Зоотехния" кафедралари томонидан биргаликда бажариш кутилаётган самарани бериши мумкин.
Факултетлараро вақтинчалик ижодий жамоа. Илмий-техник лойиҳада ечилиши мўлжалланган муаммо битта факултет кафедраларидан ташқари бошқа факултетлар кафедралари олимларининг бажарувчи сифатида иштирокини талаб қилганда факултетлараро ВИЖни ташкил этиш лозим. Масалан, "Тупроққа минимал ишлов беришнинг энергия-ресурстежамкор технологиясини ишлаб чиқиш ва унинг самарасини асослаш" мавзусидаги лойиҳа ижрочиларини "Агрономия" факултетининг "Ўсимликшунослик" (1-кафедра), "Селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш" факултетининг "Агрокимё ва тупроқшунослик" (2-кафедра), "Қишлоқ хўжалигини механизациялаш" факултетининг "Қишлоқ хўжалиги машиналари, фойдаланиш ва таъмирлаш" (3-кафедра) ва "Агроиқтисодиёт" факултетининг "Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти" (4-кафедра) кафедраларининг малакали профессор- ўқитувчилари орасидан танлаш керак.
ВИЖнинг 1-кафедрадан олинган аъзолари тупроққа минимал ишлов бериш технологияси элементларини асослайдилар. 3-кафедра олимлари тупроққа минимал ишлов берувчи техника воситасининг параметрларини аниқлайдилар ва унинг тажриба нусхасини ясайдилар. 2-кафедра олимлари минимал ишлов берилган тупроқнинг физик-механик хоссаларини ўрганадилар. 4-кафедра олимлари тупроққа минимал ишлов бериш технологиясини анъанавий (чуқур ағдариб ҳайдаш) технология билан солиштириб, техник-иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблайдилар ва самарасини узил-кесил баҳолайдилар.
Илмий лойиҳалар факултетлараро ВИЖ томонидан тадқиқ этилганда нафақат назарий ва амалий масалалар ҳал этилади, балки тадқиқот натижалари ишлаб чиқаришга жорий этилади ва уларнинг иқтисодий самараси аниқланади.


  1. "Мева-сабзавотчилик ва узумчилик" факултетининг "Мевачилик, сабзавотчилик ва узумчилик" кафедраси - картошка дурагайларини яратишнинг назарий ва амалий масалалари.
  2. "Селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш" факултетининг "Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси ва фитопатологияси" ҳамда "Ўсимликларни ҳимоя қилиш" кафедралари - картошка дурагайларини яратишда биотехнология усулларидан фойдаланиш ҳамда дурагайларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш.
  3. "Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш" факултетининг "Қишлоқ хўжалиги машиналари, фойдаланиш ва таъмирлаш" кафедраси - картошка дурагайларини экадиган ва ҳосилини йиғиштириб оладиган машиналарнинг конструктив, кинематик ва технологик параметрларини асослаш.
  4. "Зоотехния" факултетининг "Зоотехния" кафедраси - картошка ўсимлигини палаклари асосида тўйимли озиқа турлари ишлаб чиқиш.
  5. "Агроиқтисодиёт" факултетининг "Маркетинг, маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш" ҳамда "Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти" кафедралари - картошка уруғчилигининг маркетинг хусусиятлари, картошка уруғи ва маҳсулотининг стандартлаштириш ва сертификациялаш масалалари.
  6. "Фермер хўжалигини бошқариш" факултети ва кафедраси - картошка уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжалиги ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш ва оптималлаштириш.
Соҳавий илмий-тадқиқот лаборатория (ИТЛ). Бундай тадқиқот субъекти барча факултетлар таркибида ташкил этилиши мумкин. Соҳавий ИТЛда бажариладиган илмий ишларнинг буюртмачилари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, бошқа идора ва ташкилотлар ҳисобланади. Унинг фаолияти буюртмачилар билан тузиладиган узоқ муддатли генерал хўжалик шартномалари асосида юритилади.
Биз "Зоотехния" факултети қошида "Чорва ҳайвонларини юқумли касалликлардан профилактика қилиш" ИТЛни очишни таклиф қиламиз. Унинг намунавий ташкилий тузилмаси 2-расмда келтирилган.
Лаборатория Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Давлат ветеринария бош бошқармаси маблағлари ҳисобидан ташкил этилиши мумкин.
ИТЛнинг асосий вазифалари - чорва ҳайвонларини юқумли касалликлардан профилактика қилишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш; усулларни чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида жорий этиш; чорвадорлар ва ветеринарларга услубий ёрдам кўрсатиш.
Лабораторияга жалб этиладиган ходимлар - "Зоотехния" ва "Ветеринария" кафедраларининг профессор - ўқитувчилари, катта илмий ходим - изланувчилар, стажер-тадқиқотчи-изланувчилар, магистрлар ва бакалаврлар. Зарур ҳолларда Ветеринария ИТИ ва СамҚХИнинг турдош кафедралари ўқитувчилари ҳам тадқиқотчилар сафига киритилиши мумкин.
Лабораториянинг моддий-техника базаси "Зоотехния" факултетининг асбоб-ускуналари, Давлат ветеринария бош бошқармаси ва буюртмачилар (вилоят ветеринария бошқармалари, ветеринария пунктлари, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари, чорвадор деҳқон хўжаликлари) маблағлари ҳисобига сотиб олинадиган технологик линиялар ва қурилмалардан ташкил топади.
Муаммовий илмий-тадқиқот лаборатория. Муаммовий ИТЛ долзарб илмий муаммоларни ҳал этиш, тасдиқланган муаммовий йўналиш соҳасида назарий ва экспериментал тадқиқотларни бажариш мақсадида Университет ректори томонидан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишган ҳолда ташкил қилинади.
Пахта толасининг чиқимага путур етказмаган ҳолда микронейр кўрсаткичини яхшилаш; нонбоплик хусусияти юқори бўлган тезпишар буғдой навларини яратиш; помидорнинг ташишга яроқлилигини ошириш; чорва ҳайвонларининг оқсил касаллигига қарши курашишнинг арзон усулларини яратиш; деҳқон хўжаликлари учун кичик техника воситалари комплексини ишлаб чиқиш каби мавзуларни муаммовий илмий йўналишлар қаторига киритиш мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, муаммовий илмий масалаларни юқори аниқликда сифатли бажариш учун ИТЛ жамоаси малакали ва истеъдодли олимлардан ташкил топиши зарур.
Илмий марказлар. Ҳозирги пайтда ТошДАУнинг "Агрономия" ва "Селекция, уруғчилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш" факултетлари қошида "Биотехнология" ва "Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш", Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг "Гидромелиорация" факултети таркибида "Сув тежовчи суғориш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш" илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Мазкур Илмий марказлар номларининг ўзиёқ уларнинг вазифаларини яққол ифодалаб турибди: биология фани ютуқлари ҳамда ген ва хужайра инженерияси усулларини қўллаб ўсимликларнинг вируссиз навларини яратиш, селекцион фондни бойитиш ва янги навларни етиштириш; ўсимликлар зараркунандаларига қарши паразитлар, йиртқич ҳашаротлар, микроорганизмлар ва антибиотикларни қўллашнинг, яъни биологик ҳимоянинг самарали усулларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш; экинлар ва дарахтларни суғориш учун сувтежовчи технологияларни ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва фермер хўжаликлари амалиётига кенг жорий этиш.
Илмий марказларни қишлоқ хўжалиги амалиётида юзага келган аниқ муаммо ечимини топиш ва натижаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва вазифаларини бажариш учун ташкил қилиш мақсадга мувофиқдир.
Институтлараро илмий марказ. Бундай тадқиқот субъекти комплекс илмий муаммолар ечимлари билан шуғулланиш мақсадида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий муассасалар, Фанлар Академияси ва бошқа вазирликлар тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтлари иштирокида таъсис этилиши мумкин.
Масалан, ҳозир қишлоқ хўжалигини механизациялаш фани ва амалиётида "Фермер хўжаликларида бақувват тракторлар ва комбинациялашган ҳамда кенг қамровли машиналардан тузилган машина-трактор агрегатларидан фойдаланиш даражасини оширишнинг назарий - методолик асосларини ишлаб чиқиш" мавзусидаги фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳасини бажаришга катта эҳтиёж пайдо бўлди.
Мазкур лойиҳани ТошДАУнинг "Қишлоқ хўжалиги машиналари, фойдаланиш ва таъмирлаш", "Умумтехника фанлари" ва "Олий математика, физика ва кимё" кафедралари профессор - ўқитувчилари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш ИТИ, "Трактор" махсус конструкторлик бюроси муҳандис-конструкторлари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги технологиялари ва техникаларини сертификациялаш ва синаш давлат маркази (ЎзҚХТТССДМ)нинг муҳандис-синовчилари ўзаро ҳамкорликда бажарсалар яхши илмий самарага эришилади.
Илмий тадқиқотларга хизмат кўрсатувчи институтлараро марказ. Яхши маълумки, комплекс илмий муаммоларни чуқур тадқиқ этиш ва ишончли натижалар олиш учун замонавий лаборатория жиҳозлари, ўлчов асбоблари, компьютер, оргтехника воситалари, ҳисоблаш, трактор ва қишлоқ хўжалиги машиналари каби хилма-хил моддий-техника ресурслари талаб этилади. Бу ресурсларнинг замонавий намуналари арзон эмас. Шу боис бир илмий ёки олий таълим муассаси уларнинг ҳаммасини сотиб ололмайди. Шундай ҳолларда илмий қурилмалардан биргаликда фойдаланиш жуда қўл келади. Биргаликда фойдаланишнинг энг қулай усули - бу илмий тадқиқотларга хизмат кўрсатувчи институтлараро марказни ташкил этишдир. Бизнинг фикримизча, Марказда қуйидаги бўлимларни ташкил этиш ва уларнинг ҳар бирига аниқ вазифаларни юклаш мақсадга мувофиқдир (3- расм).
Махсус тадқиқотлар лабораторияси. Олий таълим ва илмий муассасаларда бажарилаётган илмий лойиҳалар учун умумий бўлган масалаларни ечади. Масалан, тупроқ ёки ўсимликнинг физик-механик хоссаларини ўрганиш; уругларнинг унувчанлигини аниқлаш; фенологик кузатувларни олиб бориш; толанинг хўжалик хусусиятлари, дефолиантларнинг таъсир даржаси, машина-трактор агрегатларидаги қувват сарфини аниқлаш; илмий-тадқиқот натижаларининг самарасини баҳолаш.
Конструкторлик бўлими: тадқиқотлар учун зарур бўладиган лаборатория асбоб-ускуналари, машина ва механизмларнинг тажриба нусхалари учун конструктив-техник ҳужжатларни тайёрлаш
Тажриба-ишлаб чиқариш базаси: лаборатория жиҳозлари, оддий ўлчов асбоблари, машина ва механизмларнинг тажриба нусхаларини ясаш.
Машина-технологик станцияси: дала тажрибаларини трактор, қишлоқ хўжалиги машиналари, транспорт воситалари, кўчма устахоналар, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш асбоблари билан таъминлаш.
Синаш ва метрология бўлими: ўсимликларни етиштириш технологиялари, янги машина ва механизмлар, дефолиантлар ва ўстирувчи моддалар каби тадқиқотлар натижаларини лаборатория ва дала шароитларида синовлардан ўтказиш; турли параметрлар ва кўрсаткичларни ўлчаш ва баҳолаш.
Ҳисоблаш маркази: тадқиқотлар учун зарур бўлган компьютер дастурларини тузиш; рақамли натижаларага математик статистика усуллари ёрдамида ишлов бериш; натижаларни жадвал, график ва диаграмма шаклларида расмийлаштириш.
Патент бўлими: тадқиқот объектларини (ўсимлик, машина, кимёвий препарат, технология, техника ва бошқаларни) патент тозалигини аниқлаш; лойиҳа ижрочиларини патент адабиётлари билан таъминлаш; ёш олимлар томонидан яратилган янгиликларни патентлаштиришда уларга услубий ёрдам кўрсатиш.
Ноширлик бўлими: лойиҳалар бўйича оралиқ ва якуний ҳисоботларни давлат стандартлари талаблари асосида расмийлаштиришда олимларга ёрдамлашиш; олим, тадқиқотчи ва магистрларнинг монография, китоб, рисола, қўлланма ва илмий мақолаларини чоп этиш; ёш олимларга илмий тадқиқот ишлари натижаларини диссертация шаклига келтиришда услубий ёрдам кўрсатиш.
Илмий кутубхона: тадқиқотчиларни замонавий илмий адабиётлар билан таъминлаш; ёш олимларни бундай нашрлардан фойдаланиш қоидаларига ўргатиш; соҳага доир илмий журналлар, каталоглар, буклетларнинг кўргазмаларини ташкил этиш.
Прокат пункти: тадқиқотчиларга лаборатория жиҳозлари, асбоб-ускуналар, ўлчов воситалари, кино- ва видеоаппаратураларни ижарага бериш.

2- расм. "Чорва ҳайвонларини юқумли касалликлардан профилактика қилиш" соҳа ИТЛ
фаолиятининг ташкилий тузилмаси

3 - расм. Илмий-тадқиқотларга хизмат кўрсатувчи институтлараро марказнинг ташкилий
тузилмаси
Хулосалар
1. Қишлоқ хўжалиги фанлари сохасидаги фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқот лойихаларини олий ўқув юртлари ва илмий муассасаларининг ўзаро интеграциялаш орқали расмийлаштириш ва бажариш олинган натижаларни фермер хўжаликлари ишлаб чиқаришига кенг жорий этиш, истеъдодли магистр ва бакалаврларни фанга жалб этиш, юқори малакали фан докторлари ва номзодлари тайёрлаш салмоғи ва сифатини оширишга хизмат қилади.
2. Ҳар бир олий ўқув юрти илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш усулларини профессор- ўқитувчиларнинг салоҳияти, кафедралардаги, мавжуд моддий-техника базаларининг ҳолати каби омиллардан келиб чиқиб танлаши лозим.
скачать dle 11.3

10-04-2018, 16:45 168 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив