» » КИТОБ ЎҚИШ ХОСИЯТИ

КИТОБ ЎҚИШ ХОСИЯТИ

КИТОБ ЎҚИШ ХОСИЯТИ
                  Сўнгги йилларда кўпчилик одамлар, ҳатто таълим ва бошқарув соҳасидагилар ҳам китоб ўқимай, театр ва музейларга бормай қўйган эди(ихтиёрий-мажбурий тартибда тадбир учун жамоа бўлиб боришдан ташқари).
                  Хўш, нима учун китоб ўқиш зарур? Нима учун китоб ўқишга ва умуман китобга беписандлик ҳолатлари вужудга келган эди? Интернет ва бошқа замонавий ахборот манбаларининг ривожланиб кетганлигими? Йўқ, мутлақо. Бундай манбалар орқали биз гўёки кўп нарсани биламиз(?!), жуда кўп ахборотларни (керакли ва кераксиз) зудлик билан олишимиз мумкин. Лекин, бу билан ўзимизнинг фикрлаш лаёқатимизни, онг-тафаккуримизни, ҳаёт тарзимизни яхши томонга ўзгартира олмаймиз. Аксинча, мураккаблаштирамиз, айрим ҳолларда эса, ҳатто ёмонлаштирамиз. Натижада, кўпчилигимиз фақат ҳаётдан нолиймиз, тафаккуримизни ўзгартира олмасдан, йиллар давомида қандай бўлсак, шундайлигимизча қолиб кетамиз. Дарҳақиқат, «кимки ўзининг дунёқарашини ўзгартира олмаса, у ҳеч нарсани ўзгартира олмайди» (Бернард Шоу). Демак, ҳаммасини, хусусан китоб мутолаа қилишни ҳам, ўзимиздан бошлашимиз керак. Бизнинг атрофимизда содир бўлаётган барча воқеа, ҳодисалар онгимизда акс этади ва тафаккуримиздан ўтади. Қандай акс этиши эса онг-тафаккуримиз даражасига боғлиқ. Халқимизда «башаранг қийшиқ бўлса, кўзгудан ўпкалама» деган мақол бор. Лекин кўзгу қийшиқ бўлса-чи?!...
                     Кимки ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартирмоқчи экан, кўпроқ китоб мутолаа қилиши лозим. Чунки китоб одамнинг бутун ҳаёти мазмунига жиддий таъсир кўрсатади. Агар ҳар куни озгина бўлсада, китоб мутолаа қилсак, қимматли маълумотларга эга бўлиш билан бирга фикрлаш лаёқатимизни ҳам  ривожлантирамиз, билмаганларимизни ўрганамиз. Бунга вақт ажратмасак, ўзимизни интизомга ўргата олмаймиз, натижада, ҳар қандай нарсанинг қарама-қарши томони бўлганидек,  ҳосил бўлган бўшлиқни билим ўрнига билимсизлик, беписандлик ва лоқайдлик каби иллатлар эгаллайди. Бу эса қонуният. Билимсизлик эса ривожланмасликка, ўзининг мустақил фикрига эга бўла олмасликка, мол-дунёга ҳирс қўйишга, маънавий қашшоқликка ва бировларга тобе бўлишга олиб келади.

Кимки билимсизлик зиндонида гум,
Гадодир тиллоси бўлса ҳам юз хум.
(Хусрав Деҳлавий)
Жамиятда эътироф этилишни, мазмунли ҳаёт кечиришни истаган одам, аввало шахс сифатида шаклланган бўлиши лозим. Бунинг учун эса ўзимизда мувозанатлашган ҳаёт фалсафасини шакллантиришимиз ва сўнгра унинг қоидаларга мувофиқ яшаш сари тўхтовсиз интилишимиз зарур.
Китоб ўқиш кўникмасини орттириш эса мазкур ҳаёт фалсафасининг асосини мустаҳкам қуриш учун муҳим восита ҳисобланади. Агар биз, энг бўлмаганда, сўнгги 3-4 ойда битта китоб ўқимасак, бу интизомсизлигимиз ва лоқайдлигимиз ҳаётимизга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаётгандай туюлади. Гўёки ҳаммаси жойида, пул топишимиз яхши, мансабимиз, ишонган одамимиз бор ва ҳ. Демак, гўёки ҳеч қандай «фожеа» содир бўлаётгани йўқ, ҳамма нарсадан кафолатланганмиз, кейинчалик ҳам мана шундай давом эттиравериш мумкин. Аслида, эса фожеа бошланган ва чуқурлашаётган бўлади. Китоб мутолаа қилмасликдан ҳам энг даҳшатли фожеа, умуман китобга, хусусан бадиий адабиётга қизиқмаслик, лоқайдлик. Бундан қутулишнинг ягона ва тўғри йўли ўзимизда китоб мутолаа қилиш кўникмасини қарор топтириш.
Илмий-педагогик фаолиятда мукаммаллашиб бориш учун ҳам бадиий адабиётларни кўпроқ мутолаа қилиш лозим. Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» асарларини ўқиганимизда Отабек билан Кумушнинг, Анвар билан Раънонинг севгиси, садоқати билан бирга халқимизнинг менталитети, одамлар психологияси ва ижтимоий муносабатларнинг бошқа нозик жиҳатлари тўғрисида кенг қамровли чуқур билим оламиз. Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асари асосида саҳналаштирилган пьесада Фармонбибининг келини Сотти билан оила даромадлари ва буромадларини ҳисоб-китоб қилиш эпизодига эътибор берайлик. Бунда биз ўқитаётган «Молия» фанидаги «оилавий хўжалик молияси», «оила бюджети» ёки «бюджетлаштириш» муаммоларининг ҳаётдаги ечимларини кўрамиз. Ҳатто, хорижий тиллардан юксак маҳорат билан таржима қилинган асарлар ҳам инсонни завқлантиради, қувонч бахш этади. Жумладан, А.Орипов томонидан таржима қилинган Дантье Алигерининг «Илоҳий комедия» асари ёки Э.Воҳидов таржимасидаги С.Есениннинг «Форс тароналари» туркумини фикримизнинг далили сифатида келтиришимиз мумкин.
Ҳатто махсус билимлар соҳасидаги фанлар ҳам ўз тадрижий тараққиёти йўлида дастлаб ижтимоий-иқтисодий макондаги эҳтиёжни қондирадиган ҳодиса сифатида вужудга келиб, кейинчалик адабий тилнинг бир бўлагига ва ниҳоят профессионал билимлар соҳасига айланади ҳамда шу тарзда такомиллашиб боради. Шу боис, ҳақиқий, ҳаётий, қомусий бадиий асарларни мутолаа ҳамда мушоҳада қилиш тор ихтисослашган билимлар соҳасини ўрганишнинг зарурий шартларидан бири ҳисобланади. Демак, ёш изланувчилар ва магистрантларда ҳам мумтоз ўзбек бадиий адабиётини ўқиш ва мушоҳада қилиш кўникмасини  ривожлантириш зарур.
Ўзбек адабий тилини мукаммал ўзлаштириш учун А.Қодирий, Ғ.Ас-салом, А.Қаҳҳор, П.Қодиров, Ш.Холмирзаев каби адибларнинг насрий асарларини мунтазам ўқишимиз, «илмий поэзия» тилини эгаллаш учун эса А.Орипов, Э.Воҳидов, О.Матчон, М.Юсуф каби ҳассос шоирлар ижодидан баҳраманд бўлишимиз зарур. Дарҳақиқат, «Фан билан шеърият гўё қарама-қарши икки қутбдир, дея ҳисобланадиган одатий фикр аксари янглиш фикрдир. Ҳаётларини илмий изланишларга бағишлаган кишилар улар ўзлари ўрганаётган нарсанинг поэзиясини бошқа одамлар сингаригина эмас, балки уларга нисбатан анча жонлироқ қабул қила олишларини бизга доимо исботлаб келишяпти» (Г. Спенсер). Бу тафсилотлар ўқувчида биринчидан, тил бойлигини оширса, иккинчидан, фикрни баён қилиш қобилиятини ривожлантиради.
Шундай қилиб, олим бўлишдан олдин фикрларимизни илмий-адабий тилда нафис ва мантиқан изчил баён қилиш лаёқатига эга бўлиш, ёзган  илмий ишимизнинг ҳар бир жумласини ўқувчида муфассал тасаввур шакллантирадиган даражага  етказишнинг муҳим шартларидан энг асосийси китоб мутолаа қилишдир.
                                                                Р.Д.Дусмуратов – ТошДАУ Қишлоқ хўжалигида бухгалтерия ҳисоби ва аудит кафедраси мудири, и.ф.д, профессор, «Ўзбекистон Олий таълим аълочиси»
скачать dle 11.3
Kalit so'zlar:

26-10-2017, 10:08 1 763 2
Brave 31 октября 2017 11:03
Excellent 


LanmazMak 7 мая 2018 20:07
Люди кто желает играть в современные игры на высоких настройках с динамичными теняими даже на самых слабых ПК или ноутах. Без лагов и фризов (Но нужен более менее нормальный интернет). Читайте статья по настройке компа здесь. Видео по установке и настройке смотрите тут. Играю уже пол года на ведре 2005 г. Буду рад кому помог разорить буржуев игровой индустрии!!!


Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив