» » » ЎЗБЕКИСТОНДА БИОТЕХНОЛОГИЯ СОҲАСИДА ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

ЎЗБЕКИСТОНДА БИОТЕХНОЛОГИЯ СОҲАСИДА ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Nashr ma’lumotlari: //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари//  университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola: To'plam
ЎЗБЕКИСТОНДА БИОТЕХНОЛОГИЯ СОҲАСИДА ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР ВА
ИСТИҚБОЛЛАР


М.А.Сафаров
Тошкент давлат аграр университети


Ўзбекистонда биотехнология молекуляр биология ва генетика соҳалари ривожи билан ўз ифодасини топмоқда. Биотехнологиянинг тараққиёти кўплаб амалий муаммоларни ечимини топиш билан боғлиқдир. Улар орасида тиббиёт учун керакли препаратлар ишлаб чиқариш, одам ирсий касалликларини олдини олиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг қимматли хўжалик аҳамиятига эга бўлган янги навларини яратиш, микроорганизмларнинг янги штаммларидан фойдаланиш асосида атроф-муҳитни зарарли моддалардан тозалаш ва ҳоказо борасида илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда биотехнологияни ўрганиш ва унинг ютуқларидан илмий - тадқиқот ишларида фойдаланиш, соҳада олиб борилаётган изланишларни шакллантириш 70-80-йиллардан бошлаб юборилган.
Бугунги кунга келиб қишлоқ ҳўжалик биотехнологияси соҳасидаги кўплаб ишлар, тадқиқотлар бир қатор олимлар, мутахассисларнинг изланишлари билан изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада ЎзР ФА Микробиология институти Давлат илмий-техникавий ва фундаментал тадқиқотлар дастури доирасида минтақамизда биотехнология, айниқса, микроб биотехнологиясида микроорганизмлар тарқалиши қонуниятларини ўрганиш, улар орасидан халқ хўжалиги учун ўта зарур бўлган турлари ва туркумларини ажратиб олиш орқали микроорганизмлар тўпламини яратиш, энг фаол турларидан янги биотехнологик имкониятялар яратиш, микроблар синтез қиладиган физиологик фаол моддаларни (антибиотиклар, витаминлар, оқсил моддалар, ферментлар, фитогормонлар ва ҳ.к.) соф ҳолда ажратиб олиш, уларнинг физик-кимёвий ҳусусиятларини ўрганиш бўйича чуқур илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Жумладан:
  • пахатачилик ва тупроқ биотехнологияси:
  • озиқа моддалари биотехнологияси;
  • ферментлар ва бошқа физиологик фаол моддалар биотехнологияси;
  • ошқозон - ичак фаолиятини яхшилашга ҳамда касалликларни олдини олиш ва даволашга мўлжалланган биотехнологиялар;
  • ноёб, рангли ва нодир металлар биотехнологияси;
  • атроф- муҳитни микроорганизмлар ёрдамида тозалаш ва унинг ифлосланишини олдини олишга мўлжалланган биотехнологиялар эътиборга лойиқдир.
Пахтачилик ва тупроқшунослик биотехнологияси йўналиши бўйича ҳам бир қатор янги, экологик, импорт ўрнини боса оладиган, экспортга мўлжалланган, рақобатбардош биологик ўғитлар "Ер малҳами", " Биоўғит", "ФМКГ", "Микробли ўғит" каби биопрепаратлар ишлаб чиқариш технологиялари яратилди ва улар мамлакатимизда кенг синовдан ўтказилиб, қатор ижобий натижаларга эришилди.
Бундан ташқари ҳар хил ўсимликларни касаллантирувчи (фитопатоген) микробларга қарши, жумладан ўсимликлар иммун тизимини оширувчи ҳамда ғўзани вилт, илдиз чириш ва гоммоз касалликларидан ҳимоя қилувчи бир қатор биопрепаратлар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Биопрепаратлар Тошкент, Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳўжаликларида синаб кўрилган ва амалиётга кенгроқ тадбиқ қилиш тавсия этилган.
Ўсимликларни зараркунанда ҳашаротлардан асраш бўйича, колорадо қўнғизи, барг ўровчи ҳашаротлар, америка оқ капалаги, ҳар хил куялар, ўтлоқ парвонаси каби ўндан ортиқ ҳашаротларга қарши биоинсектицидлар ишлаб чиқарилган ва синовдан ўтказилган.
Маълумки, мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, чорва маҳсулотлари сифатини ошириш долзарб масалалардан биридир. Шу мақсадда ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, ғўзапоя, сомон, хазон ва бошқа ўсимлик қолдиқлари ва ишлаб-чиқариш чиқиндиларини микробиологик қайта ишлаш ва уларнинг озиқа бирлигини ошириш туфайли чорвачилик учун оқсилга бой, сервитамин маҳсулотлар олиш биотехнологиялари яратилган бўлиб, бу асосида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ва Тошкент вилояти Қибрай туманида махсус цехлар ташкил қилинган.
Институт тажриба ишлаб-чиқариш лабораториясида яратилган озиқ-овқат, ёғ - мой, фармацевтика саноат чиқиндилари асосида юқори сифатли озиқа моддалари ишлаб чиқариш технологияси Республика, Россия , Украина давлат патентлари билан ҳимоя қилиниб чорвачилик ва паррандачилик учун катта самара бериши тажрибаларда тасдиқланган.
Минтақамиз иқлим шароити, овқатланиш маданиятининг ўзига хослиги ва бир қанча бошқа сабаблар ёз ойларида ошқозон-ичак фаолиятининг ўзгаришига олиб келиши мумкин. Бунга ўз вақтида эътибор берилмаса, жигар ва қон -темир хасталиклари келиб чиқиши маълум. Шунинг учун ҳам олимларимиз олдига қўйилган асосий вазифалар олдини олиш ёки ўз вақтида ва сифатли даволашга шароит яратиш йўлларини излаб топишга кўмаклашишдан иборат. Бу мақсадда бир қатор янги биотехнологиялар яратилган бўлиб, улар асосида "Лактобактерин", "Колибактерин", "Ором"-1", "Ором- 2", "Ором-3", "Биофикол", "Биофикол-М" каби ўндан зиёд биопрепаратлар ва 20 дан ортиқ ачитқи препаратлари тайёрланиб, ҳаридорларга етказиб берилмоқда.
Жумладан, даволашда парҳезга мўлжалланган "Ором-1" биопрепарати Олмония ва Буюк Британия патентларига эга. Бу биопрепаратнинг чақалоқлар ва кекса кишилар организмида яхши фаолият кўрсатиши ҳамда минтақамиздаги экологик вазиятга қулай ва чидамлилиги бошқа биопрепаратлардан устундир. Қолаверса, бу препаратларнинг арзонлиги ҳориждан валютага келтирилаётган хиллари ўрнини боса олиши уларнинг бир қатор афзал томонларини белгилайди.
Академик М.Э.Мавлоний раҳбарлигида нон ва нон маҳсулотлари сифатини ошириш буйича бир қатор илмий ишлар амалга оширилмоқда. Унинг илмий таклифлари асосида ачитқи замбуруғлари сифатли, хушбуй таъмли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кенг кўламда қўлланилмоқда.
Ҳозирги вақтда экология муаммоларига боғлиқ бўлган бир қатор рақобатбардош биотехнологиялар яратилган. Нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланган тупроқ ва оқова сувларини тозалаш, гербицидлар, пестицидлар, дефолиантлар ва бошқа заҳарли кимёвий препаратлар ва ўсимликлар қолдиқлари (масалан, хазон) ва бошқа чиқиндиларни микробиологик йўл билан парчалаш бўйича олиб берилаётган ишлар шулар жумласидандир.
Биотехнология ўсимликлар селекциясининг асосий усуллари билан бирга замонавий усуллар, ген муҳандислиги, молекуляр ҳариталаш, хўжалик қимматли генларни ажратиб олиш, ҳужайра ва тўқималар культураси каби соҳалар асосида ривож топмоқда.
Ўзбекистонда олиб борилаётган биотехнологияга оид тадқиқотларда ғўза ўсимлиги асосий ўринни эгаллайди. Бу борада мазкур ўсимликнинг уруғмуртак ва ҳужайралар культурасидан фойдаланиб in vitro шароитида янги самарадор навларини олишда фундаментал, амалий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Ғўза ўсимлигига хўжалик аҳамиятига молик қимматли белгиларини киритиш орқали қуйидаги вазифаларни ечиш масаласи қўйилган:
  1. Ғўзанинг     алоҳида ҳужайралари ва каллус тўқималарини олиш учун ген муҳандислигидаги реципиент тизимларини яратиш.
  2. Регулятор элементларни аниқлаш учун ғўза геномининг молекуляр генетик тизимини тадқиқ этиш. Бу мақсадда ғўзанинг бир неча минг алоҳида генлар банки олинган. Ғўза геномининг клонлардан иборат муайян ДНК бўлакларининг нуклеин кислоталари кетма-кетлиги аниқланган.
  3. Қимматли хўжалик аҳамиятига эга белгиларни кодирлайдиган нишон белгиларни молекуляр клонлаш борасида ҳам бир қанча ютуқларга эришилган.
  4. Ғўза ўсимлигига трансформация қилиш учун бир қатор вектор молекулалари конструкцияси тузилиши ва Т^-бактерия транспозонини клонлаш. (У ўсимликлар трансформациясида маркер сифатида фойдаланилади, шунингдек баъзи генларнинг терминатор ва промотор қисмлари учун ҳам маркер бўлиб хизмат қилади).
Шунингдек, ғўза ўсимлигига А.Ште^аиешнинг канамицинга чидамлилик генини сақловчи Ti плазмидаси асосидаги векторлар трансформация қилинган.
Ҳозирги вақтда трансформация қилинган каллус тўқимасини ва ҳужайра суспензиясини селектив шароитларда ўстириш борасида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўсимликлар экспрементал биологияси ва генетикаси институтида ғўзанинг турли навлари геноми фрагментларига тегишли ДНК бўлакларини киритиш мақсадида рекомбинант молекулаларнинг бир қанча вариантлари конструкцияси тузилди ва тузилмоқда.
Бир неча йиллардан бери ғўзанинг трансформант ҳужайраларини етук даврига қадар ўстириш борасида изланишлар олиб борилмоқда.
Ғўза ўсимлиги геномидан микросаттелитларни ажратиб олиш, уларнинг тузилишини ўрганиш ва клонлаш борасида ҳам замонавий селекцияга асосланган илмий тадқиқот ишлари устида изланилмоқда. Шунинг учун кейинги ўн йиллар давомида ғўзанинг ассоциатив селекцияси учун маркер сифатида микросателитларнинг янги коллекциясини яратиш амалга оширишга эътибор қаратилмоқда..
Бу борада ғўзанинг G/hirsutum L. геномидан ажратиб олинган янги микросаттелитлар, уларнинг нуклеотид кетма кетликлари аниқланган, уни молекуляр клонлаш ишлари амалга оширилган.
Ғўза янги микросаттелитларининг нуклеотид кетма-кетликлари модел ўсимлик Arahidopsis thaliana нинг илгари тўлиқ ўрганилган геноми билан таққослаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек ғўза геномини таҳлил қилиш учун ҳар бир микросаттелит учун ПЗР специфик жуфт праймерларни тузиш борасида ҳам изланилмоқда.
Энг йирик ютуқлар сифатида ғўза геномидан ўн мингдан ортиқ фрагментларни ажратиб олинганлиги, уларнинг баъзилари махсус векторларда клонланганлигини кўрсатиш мумкин.
Биотехнологияда бир қатор қишлоқ хўжалиги экинлари: буғдой, шоли, помидор, сабзи, сабзавот- полиз экинларининг янги навларини яратиш борасида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон биотехнологиясининг олдида турган истиқболли муаммолар асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг генофондини тузиш, уларни сақлаш усулларини ишлаб чиқариш, турли хил касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга чидамлилик ташқи муҳитнинг турли хил стресс омиллари : қурғоқчилик, шўрланиш, юқори ва паст ҳароратга чидамлилик каби комплекс белгиларга эга трансген навларни яратишдан иборат.
Аннотация. "Ўзбекистонда биотехнология соҳасида эришилган ютуқлар ва истиқболлар" номли мақолада Ўзбекистонда биотехнология молекуляр биология ва генетика соҳалари ривожи билан богликлиги ва қишлоқ хўжалик биотехнологиясига оид маълумотлар берилган.
скачать dle 11.3
Kalit so'zlar:

26-04-2018, 14:17 318 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив