» » » МАҲАЛЛИЙ МЕВАЛИ ЭКИНЛАРИНИНГ БИОХИЛМА-ХИЛЛИГИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

МАҲАЛЛИЙ МЕВАЛИ ЭКИНЛАРИНИНГ БИОХИЛМА-ХИЛЛИГИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Nashr ma`lumotlari: // Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти // мавзусидахалқаро илмий-амалий анжуман. –Тошкент - 2017
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam


МАҲАЛЛИЙ МЕВАЛИ ЭКИНЛАРИНИНГ БИОХИЛМА-ХИЛЛИГИ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

А.Қайимов, М.Турдиева*
Тошкент давлат аграр университети, Биоверсити интернатионал*

Мевали ўсимликларнинг турлар ичидаги хилма-хиллик юқори бўлиб, маҳаллий аҳоли улардан озиқ- овқат сифатида фойдаланиб келмоқда. Экспедициялар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг барча худудларида мевали экинларнинг маҳаллий навлари ўрганиб чиқилди. Натижада 8 хил мевали ўсимликнинг 264 та маҳаллий навлари аниқланди. Уларнинг сифат кўрсаткичлари тадқиқ қилиниб, 150 таси ишлаб чиқаришга тавсия қилинди.
Калит сўзлар: биохилма-хиллик, in situ, ex situ, генетик материал, нав, шакл, тур.

Кириш. Давлатимиз рахбари шу йил 14-январ куни Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалик соҳасидаги муҳим вазифаларини белгилаб берди. Бунда экин майдонлари ва экинлар таркибини оптималлаштириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш ва ҳосилдорликни ошириш, мева-сабзавот ва узум етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Биргина 2016-йилда мамлакатимизда 3 млн тонна (2015-йилга нисбатан 10,8 фоиз кўп) мева, 1,7 млн тонна (9,9 фоиз кўп) узум етиштирилди. Мамлакатимизда бугун 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунёнинг 80 давлатига экспорт қилинмоқда. Бироқ серқуёш ва саҳоватли Ватанимиз заминида бундан ҳам катта, бой имкониятлар мавжуд. Бу тажрибани мамлакатимизнинг бошқа худудларида ҳам кенг оммалаштириш жахон мева-сабзавот бозорида янада мустаҳкам ўрин эгаллашимизни таъминлайди.
Услублар ва материаллар. Узбекистан айрим маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказларидан бири ҳисобланади. Унинг тоғ олди ва тоғ худудларида мевали ўсимликларнинг 30 дан ортиқ табиий ҳолда ўсувчи ёввойи тури мавжуд. Улардан айниқса олма (Malus Mill.), ёнғоқ (Juglans L.), бодом (Amygdalus L.), дўлана (CrataegusL.), олча (Prunus Sogdiana Vass.), узум (Vitis vinifera) каби турлари анча кенг тарқалган. Улар эволюция жараёнида аждодлари заминида ўзлари шаклланган шароитга мослашган ва табиий ҳолда сақланган. Барқарор экотизимларни яратишда уларнинг аҳамияти жуда катта.
Илмий экспедициялар услубида барча худудлардаги мевали экинларнинг маҳаллий навлари ўрганилди. Турлар ичидаги хилма-хиллик юқори бўлиб, маҳаллий аҳоли улардан озиқ-овқат мақсадида асрлар давомида фойдаланиб келмоқда. Улар боғдорчилик учун зарур бўлган муҳим белги ва хусусиятларга эга. Шунингдек қурғоқчиликка, касалликларга, об-хавонинг ноқулай шароитларига чидамли. Мевасининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган шакллари эса селекцияда янги навлар яратишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Натижалар ва уларнинг таҳлили. Халқимизнинг турмуш даражаси кўп жихатдан биологик хилма-хилликка боғлиқ. Бу хилма-хиллик эса табиатга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш ва эътиборсизлик туфайли хавф остида қолмоқда ва генетик эрозияга учрамоқда. Биологик хилма- хилликнинг камайиб бораётганлигини, яъни генетик эрозияга учраётганлигини ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларида, фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилаётган экинларда кузатиш мумкин. Ушбу ҳолат иқтисодий ва экологик муаммо бўлиб, халқнинг турмуш тарзи ва табиатга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.
Маҳаллий навларнинг йўқолиб кетишининг олдини олиш учун минтақавий ва миллий ташкилотлар ўзаро хамкорликда бирлашиб, фаол харакат қила бошладилар.
Республикамизда UNEP GEF томонидан молиялаштирилган Bioversity International кўмагидаги “Марказий Осиёда агробиохилма-хилликни (мевали экинлар ва уларнинг ёввойи аждодлари) In situ/On farm шароитида сақлаш ва ундан фойдаланиш” минтақавий лойиҳаси амалга оширилди.
Лойиҳа бўйича олиб борилган ишлар шуни кўрсатадики, халқимиз учун боғдорчилик ва узумчилик ҳар доим қишлоқ хўжалигининг анъанавий соҳаси бўлиб келган. Фарғона водийси, Зарафшон, Хоразм ва Тошкент воҳаларида боғдорчилик юқори даражада ривожланган бўлиб, халқ селекционерлари томонидан кўплаб маҳаллий навлари яратилган. Уларнинг кўпчилиги сифат кўрсаткичлари бўйича жахонда тенги йўқ ҳисобланади. Ҳозир ҳам давлат реестрида маҳаллий навларнинг ўз ўрни бор. Анорнинг “Қозоқи анор”, “Қизил анор”; ўрикнинг “Арзами”, “Субхони”, “Хурмойи”, “Кўрсодиқ”, “Зубайдуллахон”; нокнинг “Кулола”, “Қиш нашвати”, “Китоб нашвати”; гилоснинг “Қора гилос”; узумнинг “Андижон қора узуми”, “Каттақўрғон”, “Қора жанжал”, “Қизил хурмойи”, “Кишмиш”, “Сояки”, “Паркент гули”, “Тойфи”, “Султони”, “Хусайни” ва бошқа маҳаллий навлари республикамизнинг кенг майдонларида экиш учун тавсия қилинган.
Маҳаллий навлар ҳозирги пайтда фермер хўжаликлари, аҳоли томорқаларида етиштирилиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини кўпайтириш, хўжаликларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиб келмоқда. Аммо авлоддан-авлодга ўтиб келаётган айрим маҳаллий навлар ўз-ўзидан камайиб бормоқда. Бу жараён мевали ўсимликларнинг ёввойи ҳолда ўсувчи аждодларида ҳам учрамоқда. Табиатга ва ўсимлик ресурсларига истеъмолчилик нуқтаи назарида муносабатда бўлиш, яъни уларни ўтин учун кесиш, меъёридан ортиқча чорва молларини боқиш, меваларни тартибсиз териш ва шунга ўхшаш инсон фаолиятининг натижасида уларнинг хилма-хиллигининг камайиши юзага келмоқда.
Мевали ўсиликларнинг генофонди республикамизда in situ ва ex situ шароитида сақланади. Ex situ усулида генетик материал ўзи шаклланган жойдан бошқа жойга кўчирилади. Бошқа худудлардан олиб келинган ва интродукция қилинган материаллар шу усулда илмий тадқиқот институтларининг коллекцияларида сақланиб ўрганилади.
Бу усулнинг афзаллиги шундаки, мавжуд генетик хилма-хиллик назорат остида бўлиб, уларга баҳо бериш, хужжатлаштириш, сақлаш ва фойдаланиш анча қулай.
In situ усулида генетик материаллар ўзи шаклланган табиий жойда сақланади. Республикада ўсимликларнинг ёввойи турлари қўриқхоналар, миллий боғлар, ўрмон хўжаликларида шу усулда сақланмоқда. In situ/On farm шу усулнинг бир кўриниши бўлиб, ундан фарқли равишда агроэкотизимларда (фермер хўжаликларида) сақланади. In situ шароитида сақлаш стратегияси ex situ усулидан кескин фарқ қилади. Шуни эътиборга олган ҳолда генетик материалларнинг бир қисмини In situ, бошқасини ex situ усулида сақлаш мақсадга мувофиқдир.
Лойиҳа доирасида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, маҳаллий навларнинг камайиб кетишига кўп жихатдан фермерлар, маҳаллий аҳоли, турли тоифадаги мутахассисларнинг генетик хилма- хиллик тўғрисидаги билимлари етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари мевали экинларнинг генетик ресурслари тўғрисидаги билим ва маълумотлар анча кам. Бунда фермерлар орасида, фермерлар билан институтлар ва ташкилотлар орасидаги алоқанинг йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Мевали ўсимликларнинг хилма-хиллигини сақлаш нафақат бугунги кунда, келажакда ҳам барча фойдаланувчилар, шу жумладан, тадқиқотчилар ва селекционер олимлар учун катта аҳамиятга эга.
Юқорида кўрсатилган лойиҳанинг асосий мақсади фермерларни мевали ўсимликларнинг маҳаллий навларини ва уларнинг ёввойи аждодларини сақлаш имкониятларини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш стратегиясини ишлаб чиқишдан иборат. Бунинг учун фермерлар ва нодавлат ташкилотлар, илмий тадқиқот институтлари, маҳаллий хокимият ва аҳолини мевали экинларнинг хилма- хиллигини сақлашга тааллуқли маълумотлар, қўлланмалар ва тавсияномалар билан таъминлаш лозим. Фермерларни қўллаб-қувватлаш учун хўжаликларда биологик хилма-хилликка ижобий таъсир этувчи барча омилларни ўрганиш, уларга баҳо бериш ва сақлашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш зарур. Бу омилларга фермерларнинг ижтимоий-маданий ва ижтимоий-иқтисодий холати, фермер хўжалигининг жойлашуви, тавсифи, бозор, қайта ишлаш корхоналарининг инфратузилмаси ва уларнинг талаблари, имкониятлари ва бошқалар киради.
Фермер хўжаликларидаги мевали ўсимликлар генетик ресурсларининг ҳажми, сифати, тарқалиши, улардан фойдаланиш ва сақлаш бўйича маълумотлар тўплаш муҳим аҳамиятга эга.
Лойиҳа доирасида 5 та илмий экспедициялар ташкил этилди ва улар томонидан республикамизнинг барча худудларида мева экинларининг маҳаллий навлари ўрганиб чиқилди. Натижада 8 хил мевали ўсимликнинг 264 та маҳаллий навлари аниқланди. Жумладан, олманинг 40, нокнинг 15, ўрикнинг 83, ёнғоқнинг 30, узумнинг 43, анорнинг 21, бодомнинг 18, хандон пистанинг 12 та маҳаллий нав ва шакллари топилиб, ўрганилди. Уларнинг сифат кўрсаткичлари тадқиқ қилиниб, 150 таси ишлаб чиқаришга тавсия этилди.
Мевали ўсимликларни сақлаб қолиш мақсадида 21 та кўргазмали боғлар ташкил қилинди, улардан 19 таси фермер хўжаликларида ва 3 таси ўрмон хўжаликларида жойлашган. Кўргазмали боғларда мевали ўсимликларнинг 147 та маҳаллий нав ва шакллари ўстирилмоқда. Улардан 32 хил олма, 11 хил нок, 36 хил ўрик, 9 хил бодом, 14 хил ёнғоқ, 18 хил узум, 15 хил анор ва 12 хил хандон писта етиштирилмоқда. Лойиха доирасида мевали экинларнинг маҳаллий навларини кўпайтириш мақсадида 17 та кўчатхона ташкил қилиниб, олманинг 23, нокнинг 12, ўрикнинг 14, узумнинг 22, бодомнинг 11, анорнинг 13, ёнғоқнинг 4 хил маҳаллий нав кўчатлари етиштирилди.
Республикамизда мевали ўсимликларнинг реестри тузилди ва чоп этилиб тарқатилди. Фермерларга амалий ёрдам сифатида мевали экинларни барпо қилиш технологияси, уларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича 11 та тавсиянома ва қўлланмалар ишлаб чиқилди. Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини олиб бориш, маркетинг, молекуляр маркер бўйича ўқув қўлланмалар яратилди. 300 дан ортиқ фермерлар ўқитилди ва уларнинг малакаси оширилди. Лойихани бажариш борасида қуйидаги натижаларга эришилди:
  • Ўзбекистонда мевали экинларнинг генетик хилма-хиллигини сақлаш ва ундан самарали фойдаланиш имкониятлари яхшиланди;
  • Фермерлар билан хамкорликда маҳаллий навларни бошқариш стратегияси ишлаб чиқилди;
  • Агробиохилма-хилликни сақлаш учун зарур бўлган қонунлар мажмуасига керакли тузатишлар киритиш учун тавсиялар берилди;
  • Фермерларнинг генетик биохилма-хиллик тўғрисидаги ва маҳаллий навларни сақлаш ҳамда кўпайтириш бўйича билимлари оширилди;
  • Тўпланган маълумотлар асосида мевали ўсимликларнинг маҳаллий навлари ва уларнинг ёввойи аждодлари хужжатлаштирилиб, компьютер ахборот базалари яратилди. Бу фермерларга халқаро, минтақавий, миллий ва маҳаллий даражада маълумотлар алмашишга имконият яратди.
Лойиханинг амалга оширилиши фермерларга in situ/on farm шароитида мевали ўсимликларнинг маҳаллий навлари ва ёввойи ҳолда ўсувчи аждодларини самарали сақлашга, фермер хўжаликларини барқарор ривожланишига имконият яратди.
скачать dle 11.3

10-11-2017, 15:39 381 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив