» » » ТОК ТУПЛАРИГА ЖАДАЛ ШАКЛ БЕРИШ

ТОК ТУПЛАРИГА ЖАДАЛ ШАКЛ БЕРИШ

Nashr ma’lumotlari: //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари//  университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola: To'plam
ТОК ТУПЛАРИГА ЖАДАЛ ШАКЛ БЕРИШ


Ж.Н.Файзиев, А.Н.Маликов, С.С.Махмарасулов
Тошкент давлат аграр университети


Токка тўғри шакл бериш ва ўстириш тизими тупдан узоқ вақт юқори ҳосил олишни таъминлайди, ёруғлик, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларни тўлароқ фойдаланишга, шунингдек механизацияни кенг қўллашга иконият яратади.
Ток қишда кўмиладиган минтақада кўп зангли елпиғичсимон шакл бериш кўп қўлланилади, бу ток тупини кўмишни осонлаштиради, мўл ҳосил берадиган куртаклар қолдиришга имкон беради.
Маълумки, ҳозирги даврда етиштириладиган ялпи узум ҳосили анча кўпайиб, 2012 йилда 975 минг тоннага етади.
Бу миқдордаги ҳосилни мавжуд токзорлар унумдорлигини кескин ошириш, шунингдек ёш токзорлар майдонини кенгайтириш йўли билан қўлга киритилади. Токзорларнинг майдони 2014 йилга бориб 137.5 минг гектарга етказилади.
Кўп фермер хўжаликларининг тажрибасида ёш токзорлар кўчати ўтқазилгандан кейин 4 ва 5- йилдан ҳосилга киради ва булардан олинадиган ҳосил катта токзорлар ҳосилига қараганда 50-75% кам бўлади.
МДҲ даги кўпгина токзорчилик районларида ва боғдорчилик, токзорчилик ва виночилик илмий текшириш иниститутига қарашли Самарқанд филиалининг шунингдек, Ўзбекистондаги бошқа илмий текшириш муассасаларини махсус тажрибалари ёш токларни анча барвақт ҳосилга киритиб, кўчати ўтқазилишининг иккинчи йилиёқ айрим туплардан анчагина ҳосил олиш, учинчи йилда гектаридан 80 ц, тўртинчи йилда эса гектаридан 200 ц гача ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатди.
Ток тупларини бақувват ўстириб, кўчат ўтказилишининг учинчи ва тўртинчи йилидаёқ ҳосил ола билиш учун токзор қилишда бақувват ўсган, соғлом кўчатларни танлаш керак.
Ток тупларини жадал шакллаш иши уни токзор ерига ўтқазиш билан бошланади. Ток кўчати экилгандан кейин ундаги энг яхши ўсган 2-3 новда танланиб, бошқалари олиб ташланади. Танлаб қолдирилган новдалар ҳам 2-3 куртагидан юқориси кесилади.
Ўтқазилган кўчатларнинг яхши тутиб кетиши, бақувват ўсиб, барвақт ҳосилга кириши учун токзор илғор агротехника усулида парвариш қилиниши, жумладан, ток кўчати ўтқазиш олдидан ер чуқур ҳайдалиши, кўчатлар ўз вақтида сифатли қилиб ўтқазилиши, тупроқ турига қараб ёз бўйи 8-12 марта суғорилиши зарур.
Токзор парваришининг энг муҳим тадбирларидан бири ток тупини симбағазга кўтариб, ерини яхшилаб ишлаш, ўғитлаш, токларни зараркунанда, касаллик ва совуқ уришдан сақлаш ҳисобланади.
Ток тупларини жадал шаклланишдаги махсус агротехника тадбирларидан яна бири хомток қилишдир. Бунда бақувват қўлтиқ новдалари вужудга келтириш мақсадида асосий новда учи чимтиб ташланади, ҳамда кераксиз новдалари кесилади. Кўчат ўтқазишнинг биринчи йили охирида ток тупини кесишда ҳар тупда 4 дан 6 гача бақувват новда қолдирилади. Буларнинг ҳам қандай ўсганлигига қараб ҳар бири 8-12 куртагидан юқориси кесиб ташланади. Кучсиз новдалар симбағазга кўтариш учун қулай томонда бўлса, уларнинг 2-3 куртагидан юқориси кесилади. Келгуси йили бу куртаклардан чиққан новда қўшимча занг бўлади.
Кўчат ўтқазилишини иккинчи йилида кўкариб чиққан ортиқча новдаларни олиб ташлаш, жуда кучли ўсаётган новда учини чилпиш йўли билан занг ва ўринбосар новдалар яратилади.
Икки ёшли ток тупларини кесишда зангга айлантириш учун унда 4-6 новда қолдирилади; ток тупи елпиғич шаклда ўстирилса, новдани узунлиги 110-120 см қилинади ёки буларни ҳар бирида 15-20 куртак қолдириб, ортиқчаси олиб ташланади.
Елпиғичсимон шаклда ўстириладиган ток занглари тупининг ҳар икки томонига жойланади. Кўчат ўтқазилгандан кейин бутун йил давомида (баҳор ва ёз пайтларида) кераксиз ёш новдалар олиб ташланади ва бақувват ўсган новдаларни учи чимтилиб кўпчилик тупларини учинчи йилиёқ тўла шаклланишига эришилади.
Елпиғичсимон шаклида ўстирилаётган уч ёшли ток тупларини кесишда унга 4-6 занг ҳосил этиб, буларнинг ҳар бирида узум бошлари пайдо бўлиш учун 3-4 тадан новда ва ўрин алмашиниши учун яна 2-3 тадан новда қолдирилади. Шундай қилиб, ҳар бир тупда, унинг ўсиш кучига қараб, ўртача 200-250 куртак бўлиши керак бўлади.
Агар бир гектар ерда 1600 туп ток бўлса буларнинг ҳаммасида қолдирилган куртак ўртача 350-400 минга етади.
Самарқанд вилоятидаги илғор фермер хўжаликларини тажрибаси шуни кўрсатдики ток тупларини жадал шакл бериш йўли билан уларни барвақт ҳосилга киритиш мумкин. Масалан, Самарқанд вилоятидаги Кўрагон номли фермер хўжалигида 100 га майдонда ташкил этилган ёш токзорда кўчат ўтқазилишининг иккинчи йилиёқ айрим туплардан ҳосил олинган. 3 йили эса бу токзорнинг ҳар гектаридан 30-40 ц ва кўпроқ ҳосил қўлга киритилган. Тўртинчи йили эса айрим ток новдалари экилган майдоннинг гектаридан 100 ц ва кўпроқ ҳосил олинган. "Булунғур" фермер хўжалигининг плантаж плугида чуқур ағдариб ҳайдаб, кўчат ўтқазилган токзонинг ҳар гектаридан, узум навига қараб учинчи йилда 20-60 ц дан ҳосил олинган.
Шундай қилиб, ток туплари жадал усулда шакл берилганда ёш токзорнинг ҳар бир гектаридан ҳосилга киришини 3 йили 2 т дан 4 т гача, 4 йили эса 8-10 т га етқазиб қўшимча ҳосил олиш мумкин.
Аннотация. Мақолада ток тупларини жадал шакл бериш технологияси баён қилинган. Бунда асосий новдани учи чилпиб ташланиб, қўлтиқ новда шакллантирилади ва кераксиз новдалари олиб ташланади. Кўчат ўтқазилган ҳар тупда 4 дан 6 гача бақувват новда қолдирилиб, ҳар бирида 8-12 куртак қолдирилади. Кучсиз новдада 2-3 куртак қлодирилиб кесилади. Келгуси йили бу куртаклардан чиққан новда қўшимча занг бўлади.
Бутун йил давомида кераксиз ёш новдалар олиб ташланади ҳамда новдаларни учи чилпилиб учинчи йилиёқ тўла шаклланишига эришилади.
Адабиётлар
  1. Каримов И.А, "Қишлоқ хўжалига тараққиёти тўкин ҳаёт манбаи Ҳалқ сўзи" газетаси 1997 йил 25 декабр шанба №152
  2. Темуров Ш. Узумчилик (Маъруза матнлари). Тошент, 2000.
  3. Темуров Ш. «Узумчилик», Узбекитон миллий энцеклопедияси. Тошкент 2002.

скачать dle 11.3

14-05-2018, 14:35 158 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив