» » » МЕВАЧИЛИК ВА САБЗАВОТЧИЛИККА ДОИР ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР САМАРАСИНИ ОШИРИШ ОМИЛЛАРИ

МЕВАЧИЛИК ВА САБЗАВОТЧИЛИККА ДОИР ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР САМАРАСИНИ ОШИРИШ ОМИЛЛАРИ

Nashr ma`lumotlari: // Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда мева-сабзавот ҳамда узумчилик соҳасининг роли ва аҳамияти // мавзусидахалқаро илмий-амалий анжуман. –Тошкент - 2017
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam










МЕВАЧИЛИК ВА САБЗАВОТЧИЛИККА ДОИР ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР САМАРАСИНИ ОШИРИШ ОМИЛЛАРИ

М.Т.Тошболтаев
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш илмий тадқиқот нститути

Мақолада мевачилик ва сабзавотчиликка доир илмий тадқиқотлар самарасини оширишнинг илмий, амалий, мантиқий ва ташкилий омиллари келтирилган.
Калит сўзлар: фан, илмий тадкицот, олим, мавзу, кашфиёт, халқаро илмий ҳамкорлик, самара.
Кирши. Илмий тадқиқотлар, шу жумладан мевачилик, сабзавотчилик ва узумчилик соҳасидаги изланишлар самарасини ошириш олимлар, буюртмачилар ва фан ташкилотчиларининг доимо диққат марказида бўлиб келган. Аммо бу самарага таъсир этувчи умумий омиллар ҳозиргача етарлича асосланмаган. Мазкур ишнинг мақсади - соҳа илмий тадқиқотлари самарасини оширишнинг комплекс омилларини асослашдир.
Услублар ва материаллар. Тадқиқотни ўтказишда систематик ёндашув, монографик кузатув, анализ ва синтез усулларидан, муаллифлар томонидан бажарилган илмий лойиҳа материалларидан фойдаланилди.
Тадқиқот натижалари. Маълумки, илмий ижодда «фан ва ёш олим» муаммоси мураккаб ва серқирра. Шулардан бири: олийгоҳни эндигина тугатган ва фанга қизиқиши бор магистр қуруқ жойга эмас, мевачилик, сабзавотчилик ва узумчилик соҳаларининг катта авлод олимлари томонидан яратилган илмий мактабга келади. Ёш тадқиқотчи фан қасрига қадам қўяр экан, энг аввало, бу ерда мева, узум, сабзавот ва полиз экинларининг селекцияси ва агротехникаси, уларда учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари, мазкур экинларни етиштириш ва ҳосилни йиғиштириш машиналари бўйича илмий тадқиқотлар қай йўсинда ташкил этилгани масаласи билан юзма-юз келади. У шуни эсда тутиши лозимки, илмий мактабда ҳам, бошқа илмий жамоаларда ҳам олим ҳозирги пайтларда жамиятга нима зарурлигини билмасдан ва унинг эртанги эҳтиёжини ҳисобга олмасдан, фан билан фақатгина “ички импульсига” бўйсуниб, ўзигагина қизиқарли масалалар билан шуғулланадиган давр ўтиб кетиб бўлди. Чунки фан бугун ижтимоий ишлаб чиқариш соҳасига айланган. Шу боис нафақат ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ва уларни бажарувчи олимлар сони, балки фанга ажратиладиган маблағлар ва моддий-техника воситалари ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Табиийки, бундай “олтин ёмғир” илм “даласининг” “сув”га бўлган эҳтиёжини доимий равишда “қондира” олмайди. Шу билан бирга мутлақо ҳақиқатки, ҳар қандай замонавий жамият фансиз, аниқроғи, унинг натижаларисиз яшай олмайди. Бу қарама-қаршиликни қандай ҳал этса бўлади? Менимча, бунинг йўли битта - илмий тадқиқотлар самарадорлигини кескин ошириш. Бунинг учун бир қатор масалаларни ечиш талаб этилади. Биринчи масала - бу мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқлари бўйича энг истиқболли тадқиқотлар йўналишларини асослаш ва танлашдир. Шуни таъкидлаш лозимки, бу долзарб масала академиклар, йирик олимлар, илмий муассасалар раҳбарлари, илмий марказлар, фанлар академияси, фанни ташкил этувчи ва мувофиқлаштирувчи идораларнинг доимий диққат - эътиборида бўлишига қарамасдан ўзининг узил-кесил ечимини дарҳол топмайди. Чунки,биринчидан, истиқболли йўналишлар мавзуларини наинки асослаш, ҳаттоки танлаш ҳам осон иш эмас - бугун долзарб деб тан олинган мавзу икки - уч йил ўтмасдан жамият талаблари ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларини ўзгариши билан бу статусни йўқотиши ёки аксинча, умуман долзарб бўлмаслиги мумкин. Масалан, ҳозирги кунларда анъанавий боғдорчилик эмас, балки интенсив боғдорчиликка доир тадқиқотлар қимматлидир. Иккинчидан, истиқболли йўналишлар амал қиладиган муддат қанча бўлиши керак, 5 йилми, 10 йилми ёки 20 йил? Бу муддатни асослашда фундаментал, амалий ва инновация тадқиқотлари лойиҳаларининг бажарилиш даврларини (2-5 йил) ҳисобга олиш зарурми, йўқми? Учинчидан, аксарият ҳолларда тадқиқот мавзулари олинадиган илмий натижаларнинг бевосита истеъмолчилари - боғдорчиликка ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда шакллантирилмайди. Бунга чек қўйиш учун тадқиқот мавзуларини амалиёт талабларидан келиб чиқиб белгилаш зарур. Масалан, фермер хўжаликлари ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишга қаратилган мавзулар “фермер - туман фермерлар уюшмаси - вилоят фермерлар уюшмаси - республика фермерлар кенгаши - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (унинг қошидаги Кенгашлар) - Фан ва технологиялар агентлиги система доирасида тўпланиши, танланиши, расмийлаштирилиши, муҳокама этилиши, баҳоланиши, тасдиқланиши ва молиялаштирилиши лозим. Тўртинчидан, долзарб мавзуларни аниқлашда жаҳон фани ва техникасида эришилган (эришилаётган) энг янги ютуқлар, натижалар етарлича ҳисобга олинмайди - мавзу ёки кутилаётган натижаларни такрорланиши эҳтимоллиги катталигича қолади. Бешинчидан, долзарб мавзуларни шакллантириш ва улар бўйича тадқиқотларни бажаришга хориждаги илмий марказлар ва етакчи олимлар онда-сонда жалб қилинади - олинган натижаларни жаҳонга танитишнинг реал имкониятлари бой берилади.
Иккинчи масала - бу фандаги у ёки бу ҳодисани, айниқса, мевачилик ва сабзавотчиликдаги фундаментал муаммони ўрганиш келажакда бизга нима беришини олдиндан аниқ башоратлаб бўлмаслигидир. Фан тарихи кўрсатмоқдаки, истиқболда фан ва техника тараққиётини таъминлайдиган илмий кашфиётлар ҳақида ҳам худди шундай гапни айтиш мумкин. Қизиғи шундаки, янгилик ижодкорларининг ўзлари ҳам баъзан уларнинг аҳамиятини дарҳол англаб, баҳолай олмайдилар. Масалан, немис физиги Герц ўзи яратган радиотўлқинларни (1888 йил) амалиётга жорий этиш имконияти йўқ деб ҳисоблаган (атоқли рус физиги ва муҳандиси Попов орадан 8 йил ўтмасданоқ радиотўлқинларни қидирадиган ва қайд қиладиган асбобни-радиоприёмникни ихтиро қилган), машҳур Резерфорд иккинчи жаҳон уруши бошланиши олдидан (1940 йилда) атом энергиясидан амалиётда фойдаланиш фақатгина XXI-асрда бошланади деган (лекин орадан 5 йилгина ўтиб атом бомбаси яратилган, 15 йилдан кейин атом электростанцияси ишга туширилган, 20 йилдан сўнг атом музёрар кемаси қурилган; ҳар учала кашфиёт ҳам атом назариялари яратилган XX-асрнинг ўзида дунёга келган). Нафақат бу илмий-техник кашфиётлар, балки космик тадқиқотларнинг гуриллаб ўсиши, Қуёш системаси планеталари, космик радиоалоқалар ёки лазер нурларига оид қимматли фундаментал натижаларни олиниши, улар асосида ракеталар, ер йўлдошлари, космик кемалар, лазер техникаларини ихтиро этилиши ҳам шу асрнинг ўзида рўй берди.
Учинчи масала - бу фан ва техникада улкан ютуқларга эришиш, оламшумул илмий кашфиётларни яратиш учун тадқиқотларни фан ва халқ хўжалигининг барча “фронтлари”да бирдай олиб борилишини таъминлаш чораларини кўришдир. Масалан, мева ва сабзавот экинлари селекцияси ва агротехникаси, ҳосилни йиғиштириш ва унга дастлабки ишлов бериш масалалари бир даврда, бир-бирини тўлдирган ҳолда тадқиқ этилиши керак. Акс ҳолда бугун “ниш” отган, эртага энг муҳим, энг аҳамиятли деб баҳоланиш эҳтимоли юқори бўлган янгиликларни илғамасдан қоламиз. Афсуски, илмий изланишларни ташкил этишнинг бундай стратегиясини баъзи давлатларнинг “чўнтаги кўтармайди” - маблағда ҳам, энциклопедик билимга эга бўлган олимларда ҳам тақчиллик сезилади. Натижада бундай мамлакат қимматли илмий натижаларни олишда, янги илмий кашфиётларни яратишда, ҳаттоки, тайёр кашфиётларни амалиётга жорий этишда илғор хорижий давлатлардан орқада қолиши мумкин.
Бундай ҳолатга тушмасликнинг ишончли йўлларидан бири ёки тўртинчи масала - бу сабзавотчилик ва мевачилик ривожланган давлатлар билан халқаро илмий ҳамкорликни кенг ривожлантиришдир. Халқаро лойиҳалар доирасида қўйилган масалаларни ҳамкор давлатлар олимлари ўртасида рационал тақсимлаш, “ёмон бўлсада, ўзимники” деган принципдан воз кечиш, кооперация ва ҳамкорликнинг самарали формаларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳар бир ижрочи давлатда нафақат илмий тадқиқотларни интенсив ривожланишини, маблағ ҳажми ва илмий ходимларга эҳтиёжни ҳам камайишини таъминлайди.
Бешинчи масала - тадқиқотларнинг бажарилишини рационал ташкил этишдир. Яхши биламизки, фаннинг ривожланишида илмий тадқиқот жараёнларини автоматлаштиришнинг ўрни алоҳидадир. Электрон ҳисоблаш ва компьютер техникаларини ривожланиши билан ақлий меҳнатни автоматлаштирадиган машиналарнинг янги турлари вужудга келди. Улар йил сайин такомиллашиб, амалиётга жадаллик билан кириб келмоқда. Демак, яқин келажакда соф ижодий фаолият ҳам кам маблағ ва кам ижрочиларни талаб этадиган бўлади.
Ҳозирги замон фанининг бундай объектив тенденцияси ҳақида фикр юритар эканмиз, фаннинг у ёки бу соҳасининг ривожланиш темпи ҳар доим ҳам унинг аҳамияти, долзарблигига тўғри келавермаслигини айтиб ўтиш лозим. Масалан, ҳозирда математик методлардан фойдаланиш нафақат анъанавий табиий ёки техник фанларда, балки ижтимоий ва иқтисодий фан соҳаларида, мевачилик, сабзавотчилик, узумчилик ва полизчилик тармоқларида ҳам кенг йўлга қўйилганига қарамасдан, кўпгина илмий муассасаларда систематик таҳлил, математик мантиқ, математик моделлаштириш, математик статистика бўйича малакали мутахассислар ҳамон етишмаяпти. Яна бир мисол. Кейинги пайтларда нанотехнология, ген инженерияси, биотехнология, ресурстежамкорлик, экология ва экологик мувозанат соҳаларидаги тадқиқотлар улушининг кескин ортганлигига қарамасдан илмий муассасаларда тегишли мутахассислар, олимлар сони шунга пропорционал равишда ошгани йўқ. Албатта, мутахассисларнинг нисбати турли соҳаларда турлича бўлади, аммо бошқа нарса шубҳасиз - биз ўша нисбатнинг рационал қийматини топишга, яқин ва узоқ келажакда пайдо бўладиган у ёки бу янги тадқиқот йўналишлари учун олий таълим муассасаларида малакали мутахассисларни олдиндан тайёрлаб боришга ҳаракат қилишимиз зарур.
Олтинчи масала - бу мевачилик ва сабзавотчиликка доир илмий муаммоларнинг тобора мураккаблашиб бораётгани. Фаннинг турли соҳалари орасидаги “бетон” деворнинг тезлик билан нураб бориши натижасида тадқиқотчилар олдида комплекс характердаги муаммолар пайдо бўлмоқда. Бу эса замонавий фан мутлақо бошқача типдаги мутахассисни талаб қилади, деганидир. Ҳозирда олимлар бир авлодининг ҳаёти давомида ҳар бир тадқиқот соҳасида шунчалик кўп янгиликлар рўй бермоқдаки, агар олим бу янгиликлар билан “озиқланиб” турмаса, у фанда узоқ “яшай” олмайди. Биз бу ерда инсон шахсиятининг бир қизиқарли психологик хусусиятига дуч келамиз. Квант назария асосчиларидан бири, Нобель мукофоти лауреати Макс Планк гамгинлик билан таъкидлаган: “Фандаги янгилик одатда эскиликни сиқиб чиқаргани учун эмас, эскилик ҳимоячиларининг аста-секин ўлиб бораётганлари туфайлигина галаба қозонади”. Бу фикрнинг қанчалик даражада тўгри эканлиги бўйича Планк билан баҳслашиш мумкиндир. Аммо у бир нарсада ҳақ - илгарилари илмий назариялар шунчалик узоқ яшаганки, баъзан бутун бир авлод ҳаёти давомида фанда ҳеч қандай принципиал янгилик рўй бермаган.
Ҳозирги даврда илмий назарияларнинг яшаш даври кескин қисқариб бормоқда. Улар нисбатан тез юзага келаётган янги қарашларга, гояларга ўз жойларини бўшатиб бермоқда. Муайян вақт ўтиш билан бу қарашлар ҳам янада янгилари билан алмашади. Бу айниқса, замонавий илмнинг энг динамик қисми - қишлоқ хўжалиги, табиий фанлар ва техникага тегишлидир.
Хулоса, таклиф ва тавсиялар. Мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва полизчиликка доир илмий (фундаментал, амалий, инновация) тадқиқотлар самарасини ошириш йўлларини излаш ва асослаш нафақат иқтисодчилар, балки фаншунослар ва соҳа олимлари олдида турган долзарб вазифадир.
Соҳа илмий тадқиқотлари самарасини оширишда қуйидаги омиллардан фойдаланиш тавсия этилади:
  • тармоқ фанларидаги энг истиқболли йўналишларни олдиндан танлаб олиш;
  • муайян илмий муаммони тадқиқ этиш истиқболда соҳа фани ва амалиётга қандай наф келтиришини илмий жиҳатдан башоратлаш;
  • майда масалалар бўйича эмас, балки мевачилик, узумчилик, сабзавотчилик ва полизчиликнинг комплекс муаммоларига доир йирик тадқиқотларни бажариш;
  • жаҳон аҳамиятига эга бўлган илмий натижалар олиш мақсадида фанда халқаро илмий ҳамкорликни кенг ривожлантириш;
  • тадқиқотларни сифатли бажаришнинг рационал формаларини топиш ва жорий этиш;
  • тадқиқотларни бажаришда, олинган натижаларни ихтисослашган фермер хўжаликлари амалиётига жорий этишда шижоатли бўлиш.
скачать dle 11.3

10-11-2017, 15:33 289 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив