» » » ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ

Nashr ma`lumotlari: // O’simliklarni zararli organizmlardan himoya qilishda biologik usulning  samaradorligini oshirish muammolari va istiqbollari//Тошкент-2015 .
To‘plamni yuklash uchun havola:
To'plam

 


 
ЎЗБЕКИСТОН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ
ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАЛАРИ


 
Тошкентдавлат аграр университети  ректори
б.ф.д., профессор  Б.А.Сулаймонов



 Қишлоқ хўжалик экинларидан сифатли мўл ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири экин майдонларини зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш ҳисобланади. Кўп йиллик деҳқончилик тажрибасидан маълумки, зараркунанда ҳашарот ва каналар, касалликлар ва бегона ўтлар таъсирида ҳар йили ҳосилнинг 25-30 фоизи йўқотилади. Маданий экин майдонларида юзлаб зарарли организмлар ҳаёт кечирсада, уларнинг саноқлилари ҳосилдорликка жиддий зарар етказади, кўпчилик турлар иккиламчи зараркунанда сифатида ривожланади. Баъзи йиллари айрим зараркунандалар ёппасига кўпайиб, ҳосилнинг 50-60 фоизини нобуд қилиши ҳам мумкин. 
 Зарарли организмларга қарши курашда энг самарали усул кимёвий, биологик, агротехник ва бошқа кураш усулларини уйғунлаштириб қўллаш ҳисобланади. Юқорида санаб ўтилган ҳар бир усулнинг ўзига хос устунлик томонлари ва камчиликлари бўлиб, уларни биргаликда уйғунлаштириб қўллаш орқали ҳимоя тадбирларининг самарадорлигини ошириш мумкин. 
Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаригача экинлар ҳосилини ҳимоя қилишда асосан кимёвий усулдаги тадбирларни қўлланиши кўпгина қишлоқ жойларида атроф муҳитга катта зарар етказилган, табиатдаги фойдали ҳашаротларнинг қирилиб кетишига, биологик мувозанатнинг бузилишига олиб келган. Заҳарли препаратларни кўп ишлатилиши натижасида зараркунандалар заҳарга мослашиб олган, бу вазиятдан чиқиб кетиш учун яна кимёвий заҳарларга зўр берилган. Аҳоли ўртасида касалликлар, айниқса жигар хасталиги кўпайиб кетган.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти, республика ҳукумати бевосита раҳбарлигида вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар томонидан биологик кураш усулини кенг қўллашга эътибор берилмоқда. Соҳадаги барча тадбирлар “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунига асосан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази томонидан амалга оширилмоқда.
Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё маркази  Вазирлар   Маҳкамасининг  2004 йил 29 мартдаги 148-сонли "Ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати тузилмасини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг тизимида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари, туманлар отрядлари, Республика агрокимё станцияси ва уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги агрокимё станциялари ва туман агрокимё лабораториялари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар чигирткаларга қарши кураш хизматлари, Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти, Республика ўқув-ишлаб чиқариш биолабораторияси фаолият кўрсатади.
Республика маркази  томонидан ҳар йилги мавсумда қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тадбирлари Ҳукумат томонидан тасдиқланган Дастурлар бўйича олиб борилмоқда. 2015 йил мавсумида ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича барча тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 январдаги 06-03-39-3-сонли “2015 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан уйғунлашган ҳимоя қилиш тадбирларини ўз вақтида ва уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёни билан тасдиқланган “2015 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан уйғунлашган ҳимоя қилиш ДАСТУРИ”га кўра амалга оширилмоқда. 
Бунда асосан инсон ва жонзотлар, атроф муҳит учун безарар бўлган биологик кураш усулини янада ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Жорий йилда республика бўйича 730 дан ортиқ билабораториялар фаолият олиб бормоқда. Биологик усулни қўллашга бўлган катта эътибор натижасида биомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва қўллаш ҳажми ҳам ошиб бормоқда. Дастур асосида кейинги йилларда янгидан биолабораториялар ташкил этилмоқда ва оддий биолабораторияларга мезанизациялашган линия ва бокслар қўйилиб модернизацияланмоқда. 
Кейинги 4-5 йил мобайнида 70 дан ортиқ биолаборатория ва биофабрикалар ташкил этилди, мавжуд биолабораторияларнинг қуввати янги мехлиниялар ўрнатиш ҳисобига оширилди. Натижада қўшимча 300 минг гектардан ортиқ майдонда биологик усулни қўллаш имкони яратилди.
Биомаҳсулотларни кўпайтириш, далага тарқатиш тартиби ва тизими жорий қилинди. 
Биологик усул айниқса, ғўза майдонларида кенг қўлланилмоқда. Жумладан, ғўза майдонларида кўсак қуртига қарши кураш тадбирларининг 91 фоизи биологик усулдаги ишловларга тўғри келади.
Республикада сабзавот-полиз, боғ ва токзорлар, иссиқхоналар, мойли экин майдонлари кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу майдонларда биологик усулни қўллаш кўламини кенгайтириш, экологик тоза маҳсулот етиштириш вазифаси турибди. 
Бундан ташқари мавжуд биолабораторияларнинг 55 фоизи қўлбола (мослаштирилган) биолабораториялардир. Бу ерда кўпайтирилган биомаҳсулотларнинг самараси нисбатан паст бўлади, далага тарқатилганда кутилган натижани бермайди. Келгусида ушбу биолабораторияларни механизациялашган линиялар билан жиҳозлаш ҳисобига модернизация  қилиш зарур. 
Биомаҳсулотларни далага трактор, дельтаплан ёрдамида тарқатишни йўлга қўйиш вақти келди. Бу масалада бундан бир неча йил олдин Ўсимликларни ҳимоя қилиш институтида трихограммани тракторда тарқатиш мосламаси яратилган. Фақат уни кўпайтириш ва ишлатиш, уларни ишлаб чиқариш учун жойларда маблағ масаласини ҳал этиш лозим бўлади. 
Кейинги йилларда профилактика мақсадида дала атрофларига ва ғўза қатор ораларига буғдой экилган майдонларга ҳар гектарга камида минг донадан ортиқ олтинкўз тухумини тарқатиш кенг йўлга қўйилди. Бу жойларда тарқатилган олтинкўз табиатда 10-20 баробаргача кўпайиб биофондни бойитади ва айниқса, ўргимчаккана, шираларни кескин камайтиришга ёрдам беради.
Ўргимчаккана ғўзанинг энг ашаддий зараркунандаси ҳисобланади. У 250 турдаги ўсимликка, шу жумладан, 37 хил маданий ўсимликка, 37 та турдаги дарахт ва бутага зарар етказади. Ўзбекистонда ўргимчаккана 20 тагача авлод беради. Урғочи ўргимчаккана совуққа чидамли бўлиб, ҳарорат -290С гача чидайди. Ўргимчаккана ўзи озиқланган ўсимликда, тупроқнинг юза қисмида, уватларда, тут дарахтларида қишлайди. Охирги йилларда ғўза қатор ораларига кенг миқдорда буғдой экилаётганлиги сабабли ўргимчаккана худди ана шу жойларда қишлайди. Эрта баҳорда феврал-март ойларида ҳарорат +70 С га етганда зараркунанда қишлашдан чиқиб, дала атрофидаги ўсимлик ва дарахтларда кўпая бошлайди, кейин ғўзага ўтади. Шунинг учун кучли профилактик чора-тадбирларни эрта баҳорда ўтказилиши ўргимчакканани қириб ташлаш имконини беради. Афсуски, аксарият фермер хўжаликларида увватларни тозалаш, тут дарахтлари тагини бегона ўтлардан тозалаб, хасхашакларни йўқотиш сўнгги йилларда талаб даражасида ўтказилмаяпти. Натижада ўргимчаккананинг дастлабки авлодлари шу жойларда кўпайиб, кейин ғўзага ўтиб кетмоқда.
Ҳозирги кунларда ҳамда қиш ва эрта баҳор фаслида ушбу тадбирларни барча фермер хўжаликлари ҳудудларида тўлиқ ва сифатли ўтказиш зарур. Эрта баҳорда 1-5 градусли оҳакли олтингугурт қайнатмаси билан дарахтларга ишлов бериш, айниқса, яхши самара беради. 
Ғўза тунлами ёки кўсак қурти 120 турдаги ўсимликлар билан озиқланади. Аммо, 15-20 турдаги ўсимликларда доимо учраб жиддий зарар етказади. Булар ғўза, помидор, мош, соя, маккажўхори ва бошқалардир.
Кўсак қурти тупроқда 8-10 см чуқурликда ғумбак ҳолида қишлайди. Унинг табиий кушандалари сони табиатда кўп ҳолларда етарли бўлмайди. Шунинг учун уларни сунъий кўпайтириб, далаларда тарқатилиб юқори самарага эришиш мумкин. 
Кўсак қурти капалаклари 20-30 кунлик ҳаёти мобайнида, яъни бир авлоди 500-1000 тагача, айрим серпуштлари 3 мингтагача тухум қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар гул ва тепадаги шоналарни зарарлайди. Қуртлар ўсган сайин ўрта ва паст ярусларга тушиб, йирик шоналарни ҳам зарарлайди. Улар сўнгги ёшларда кўсак ичига кириб, чигит қотгунча унинг ҳисобига озиқланади. Шикастланган гул, шона тўкилади. Ўсимликда қолган йирик зарарланган кўсак эса чирийди. 1 та қурт ўз ҳаёти мобайнида 24 донагача ҳосил органларини шикастлайди. Зараркунанда миқдори айниқса 2-3 авлодларида жуда кўпайиб кетади (июльавгуст). Бу даврда зараркунанда жуда катта зарар етказади. Чунки ҳосилга кираётган кўсаклар шикастланади. Ўзбекистон шароитида кўсак қурти ғўзани ўсиш даврида 4 тагача авлод беради. Шунинг учун уни биринчи авлодига қарши курашиш кейинги авлодларини камайишида кўп масалаларни ҳал этади.
2014 йилда кўсак қурти 12,9 минг гектарда тарқалди. Айниқса, Балиқчи,  Улуғнор, Олтинкўл, Пахтаобод, Косон, Миришкор, Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Ангор, Жарқўрғон, Шўрчи, Бекобод, Бўка, Оққўрғон, Боғдод, Бувайда, Олтиариқ, Қўштепа туманларида кўсак қуртининг хавфи катта бўлди. Фақат тезкор чораларнинг кўрилиши, етишмаган биомаҳсулотларни бошқа вилоятлардан етказиб берилиши, микробиологик препаратларни ўз вақтида қўллаш натижасида зараркунанданинг олди олинди. 
Кўсак қуртининг 90 турга яқин табиий кушандалари аниқланган. Айниқса трихограмма ва бракон жуда самарали. Трихограмма тухумхўр паразит бўлиб кўсак қурти, кузги тунлам ва бошқаларнинг тухумларини зарарлайди.
Бракон эса ташқи паразит ҳисобланади. Кўсак қурти, карадрина, маккажўхори капалаги, беда тунлами ва бошқа тунламларнинг ўрта ва катта ёшдаги қуртларини зарарлайди. Биолабораторияларда сифатли қилиб кўпайтирилган урғочи бракон серпушт бўлиб, 100 тадан 800 тагача тухум қўйиши мумкин. Мавсум давомида табиатда 12 маротабагача авлод бериб кўпаяди, инсон иштирокисиз табиий шароитда кўсак қурти миқдорини 50 фоизгача камайтириши мумкин. 
Ғўза майдонларида биологик усулда курашда кўсак қуртининг ёш қуртларига қарши кураш воситаси йўқ эди. Бу камчилик ҳам тўлдирилди, кўсак қуртига қарши мукаммал тизим яратилди: зараркунанданинг тухумларига қарши трихограмма, ёш қуртларига қарши микробиологик препаратлар, катта ёшдаги қуртларга қарши бракон.
Сўнгги икки йил мобайнида кўсак қуртига қарши микробиологик препаратлар: Лепидоцид, Битоксибациллин каби бактерияли препаратлар, Вирин вирусли препарати, маҳаллий Престиж препарати Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятларида кенг майдонларда қўлланди. 
Республикамиз қишлоқ хўжалигида қўллаш учун кўсак қуртига қарши ғўза майдонларида 5 та, помидорда 1 та, картошкада колорадо қўнғизига қарши 1 та, олма боғларда олма қуртига қарши 1 та ва шираларга қарши 1 та, яйловларда зарарли чигирткаларга қарши 3 турдаги инсектицид хусусиятли ҳамда олма боғларда бактериал куйиш касаллигига қарши 1 та фунгицид хусусиятли микробиологик препаратлар рўйхатга олинган. 
Кейинги йилларда ғўза қатор ораларига шудгор қилинмасдан бошоқли ғалла экинларини катта майдонларга экилиши ғўза зараркунандаларининг асосий қисмини, шу жумладан кўсак қурти, ўргимчаккана, шира ва трипсларнинг бу ерларда кўплаб миқдорда қишлаб қолишига сабаб бўлмоқда. Ундан ташқари ғалладан кейин кечки (оралиқ) экинларининг экилиши ҳам зараркунандаларнинг кўплаб захирасини вужудга келтирмоқда. Шу сабабли, эрта баҳорда ўтказиладиган кузатув ва назорат ишларини ҳамда бу зараркунандага қарши профилактик биологик кураш тадбирларини ғўза қатор орасига ғалла экилган майдонлардан бошлаш зарур бўлади. 
Бу майдонларда мунтазам кузатув назорат ишларини йўлга қўйиш, феромон тутқичлар ўрнатиш, кўсак қуртининг биринчи авлоди тухумларига қарши трихограмма тарқатиш, шира-трипс ва ўргимчакканага қарши олтинкўз тарқатиш, зарур ҳолларда кимёвий усулда ишловларни ўтказиш талаб этилади. Зараркунандалар миқдори кўпайиб кетганда минерал ўғитлар суспензиясига қўшиб инсектоакарицидларни қўллаш мумкин.   
Кейинги йилларда Самарқанд, Бухоро вилоятларида дала атрофлари, уватларда ва дала четларидаги дарахтларда шира ва трипсларга, ўргимчакканага қарши комплекс таъсир этувчи препаратлар билан ёки системали таъсир этувчи препаратларга акарицидларни қўшиб профилактик ишловларни ўтказиш яхши самара бермоқда. Бундай ишловлар экин майдонлари атрофидаги зараркунандаларни камайтириб, уларнинг экин майдонларида тарқалишини олдини олиш имконини бермоқда.
Дунёда ғўзада 100 дан ортиқ касалликлар учрайди ва анча ҳосилни нобуд қилади. “Ғўза Касалликлари Кенгаши”нинг маълумотларига кўра 1953-1997 йилларда АҚШда ғўза асосий касалликларидан ҳар йили 10,5-20,4 фоизгача, йилига эса ўртача 13,1 фоиз нобуд бўлиши қайд этилган. Бошқача айтганда, ҳар йили ўша вақтдаги қиймат билан 333 млн. АҚШ доллари (ҳозирги пайтда бир неча баробар кўп) йўқотилганлиги ҳисоблаб чиқилган. 
Дунёнинг барча пахта етиштирувчи мамлакатларида ғўзанинг ниҳол касалликларидан илдиз чириш, майса чириш касаллигини кузатиш мумкин. Шунинг учун пахтакор деҳқонлар, мутахассислар ўз минтақаларида ғўза учун хавф туғдирувчи касалликларни қўзғатувчи омилларни билишлари давр талабидир. 
Ғўзада бактерия қўзғатадиган касаллик гоммоз бўлиб, у Ўзбекистонда кенг тарқалган ва хавфли касалликлардан биридир. 2015 йилда республикада жами 9,7 минг гектар майдонда, шу жумладан Андижон вилоятида 1,9 минг гектар, Бухорода 0,3 минг гектар, Жиззахда 1 минг гектар, Қашқадарёда 0,1 минг гектар, Навоийда 0,1 минг гектар, Наманганда 2,7 минг гектар, Самарқандда 0,4 минг гектар, Сурхондарёда 0,2 минг гектар, Сирдарёда 0.6 минг гектар, Тошкентда 1,5 минг гектар, Фарғонада 0,6 минг гектарда ва Хоразм вилоятида 0,3 минг гектарда гоммоз тарқалиши башорат қилинмоқда. 
Замбуруғ касалликларига илдиз чириш, вилт, барг ва тола доғланиш касалликлари киради. 2015 йилда республикада вилт касаллигини 56,9 минг гектарда, шундан Андижон вилоятида 4,7 минг гектар, Бухорода 43,9 минг гектар, Жиззахда 1,0 минг гектар, Қашқадарёда 0,1 минг гектар, Навоийда 0,1 минг гектар, Наманганда 5,8 минг гектар, Самарқандда 0,1 минг гектар, Сурхондарёда 0.2 минг гектар, Сирдарёда 0.8 минг гектар, Хоразмда 0,2 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.
Ғўзанинг вилт касаллиги дунёнинг барча давлатларида мавжуд бўлиб, 2 хил кўринишда бўлади: вертициллез ва фузариоз сўлиш. Касаллик қўзғатувчи замбуруғлар тупроқда, ўсимлик қолдиқларида ва чигитда сақланиб, ўсимлик экилмаган ҳолда ҳам тупроқда 25 йилдан ортиқ сақланади. Ўзбекистонда 35-40 йиллар олдин ғўзанинг ўрта толали навлари вертициллез, ингичка толали навлари фузариоз вилт касаллиги билан касалланар эди. Ҳозирги кунда ўрта толали навларнинг фузариоз вилт билан касалланиши кузатилмоқда. Ғўза фузариоз вилт билан чинбарг чиқарганда, ниҳоллик даврида, бутун вегетация даврида зарарланиши мумкин. Кўп ҳолларда шоналаш пайтида зарарланганда ниҳол ҳеч қандай белгиларсиз сўлиб, бирданига қуриб қолади. Касалланган, лекин яшаб қолган ва ҳосил берган ўсимликнинг тола ва чигитларининг сифати кескин пасаяди.
Ғўза-ғалла навбатлаб экиш тизимида тупроқдаги бундай қўзғатувчи замбуруғлар фаоллиги бироз пасаяди, лекин тупроқда бутунлай йўқолиб кетмайди. Ушбу муаммо ўта долзарб бўлиб, бу борадаги изланишлар мақсадли ва доимий равишда ўсимликларни ҳимоя қилиш, селекционер, агротехник ва бошқа тааллуқли олим-мутахассислар билан биргаликда олиб борилиши лозим.
Вилт касаллигига қарши алмашлаб экишни жорий этиш, далани тўлиқ илдизпояларидан тозалаш ва ғалла ўрим йиғимидан кейин дуккакли такрорий экинлар экиш, кузда оралиқ экинлар (рапс, горчица, сули, перко) экиш, тупроқни органик моддалар билан бойитиш билан биргаликда ўсимликларнинг иммунитетини ошириш ҳамда касаллик қўзғатувчи замбуруғ миқдорини камайтириш хусусиятига эга бўлган Триходермин, Спорагин, Бист каби микробиологик препаратларни қўллаш тадбири кенг қўлланмоқда. 
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, зарарли организмларга қарши биологик усулни қўллаш кўлами йилдан йилга кенгайиб бораётган бўлсада, бугунги кунда бу усулни қўллашда камчиликлар ҳам мавжуд. Ғалла майдонларида зарарли хасвага қарши, манзарали ўрмон дарахтларида унсимон қуртга қарши, сабзавот-полиз экинларида зараркунандаларга қарши самарали энтомофаг аниқланиб, ушбу экинларда биологик усулни қўллаш технологиялари ишлаб чиқилмаган. 
Келгусидаги асосий вазифамиз олимлар билан биргаликда сабзавот-полиз экинлари, картошка, мевали боғлар ва токзорларни зарарли организмлардан ҳимоя қилишда биологик усулни қўллашни янада ривожлантириш бўлиши лозим. Шундагина экологик тоза озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқаришга имкон яратилади. Аҳоли томорқаларида, кичик экин майдонларида, иссиқхоналарда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича биологик усулга асосланган чора-тадбирлар тизимини яратишимиз, жорий қилишимиз зарур.
скачать dle 11.3

4-04-2018, 15:13 565 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив