» » » СОЯНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ПАРВОЗ НАВИНИНГ СИФАТЛИ УРУҒЛАРИНИ КУПАЙТИРИШ

СОЯНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ПАРВОЗ НАВИНИНГ СИФАТЛИ УРУҒЛАРИНИ КУПАЙТИРИШ

Nashr ma’lumotlari: // СЕЛЕКЦИЯ ВА УРУҒЧИЛИК БЎЙИЧА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ. Республика илмий-амалий анжумани материаллари // 20 – май. Тошкент - 2013//. 
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam

СОЯНИНГ ИСТИҚБОЛЛИ ПАРВОЗ НАВИНИНГ СИФАТЛИ УРУҒЛАРИНИ КУПАЙТИРИШ


Атабаева Х.Н., Саитканова Р.У., Ибрагимов Ф.Й., Мирзаева И.Т.
Тошкент давлат аграр университети, Ўзбекистон Шоличилик илмий тадқиқот институти


Соя қадимий ва қимматли қишлоқ хўжалик экинларидан бири бўлиб, озиқ овқат, ем тайёрлашда ва тупроқ унумдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир. Соя дони таркибида 38 - 52 % оқсил, 22 - 25 % ёғ, ёғ таркибида турли витаминлар, похолида эса 4 - 5 % оқсил ва 5 % гача ёғ бўлади. Соя донида оқсилни кўплиги жиҳатидан буғдой донидан 2,5, маккажўхори донидан эса 3,5 баробар юқори туради ва соя донининг оқсили таркибида 10 дан ортиқ аминокислоталар мавжуд. Кўк массаси эса чорва молларига озиқ бўлади. Соя илдизларида барча дуккакли ўсимликларнинг илдизларидаги каби ҳаводаги азотдан фойдалана оладиган туганаклар ривожланади. Соя ўсимлиги илдизидаги туганаклари туфайли ҳар гектарда 100 - 150 килограммгача соф азот тўплайди. Соя ёруғлик, иссиқлик ва намликни севадиган ўсимлик қаторига кириб жуда қадимий экин ҳисобланади.
Республикамизнинг тупроқ-иқлим шароити соя навларини етиштиришга қулай деб ҳисобланади. Сояни асосий экин сифатида баҳорда ва кузги буғдойдан кейин 1 млн. гектардан ортиқ бўшайдиган майдонларни бир қисмида такрорий экин сифатида етиштириш мумкин.
Республика бўйича хосилдорлик ўртача 22 - 25 ц/га ташкил қилмоқда. Албатта бугунги кунда хосилдорликни экиш майдонининг хисобига ошириш эмас, балки ажратилган ер майдонидан тўғри фойдаланиш, сараланган I-II-класс уруғларини экиш, алмашлаб экишга тўғри амал қилиш ва хар бир вилоят иқлим шароитларини хисобга олиб соя навларини танлаш, агротехника қоидаларига тўла текис амал қилиш хисобига ошириш лозим. Нав хусусиятларини ўзида мукаммал сақлайдиган уруғларни ва бу уруғларни хўжалик биологик белгиларини тинимсиз ошириб боришдан иборат. Шунинг учун 2011-2012 йиллари Парвоз навини юқори сифатли махсулдор уруғларини купайтириш амалга оширилди. ЎзШИТИ илмий элита давлат хўжалиги далаларида Парвоз нави экилиб уруғларини купайтириш супер элита ва элита уруғлари тайёрланди. Етиштирилган уруғларни Петкус Гигант саралаш агрегатида экиш кондициясига етказилиб сертификат олиш учун тайёрлаб қўйилди. Супер элита уруғини тайёрлаш учун районлаштирилган Парвоз навини биринчи йилги авлод уруғларини синаб куриш учун экилган купайтириш кўчатзорларидан олинган уруғлардан фойдаланилди. Элита уруғ етиштириш учун институтда етиштирилган суперэлита уруғларини алмашлаб экиш тизимига, ўтмишдош экинлар турларига қараб жойлаштирилади. Кўпайтириш учун экилган уруғлар стандарт талабларига жавоб беради. Купайтириш кўчатзорида нав тозалиги 100% бўлиб, супер элита репродукция талабига жавоб бериши лозим.
Парвоз нави тавсифномаси. Ўзбекистон шоличилик илмий-тадқиқот институтида танлаш усули билан олинган, 2010 йилда Давлат реестрига киритилган . Келиб чиқиши К- 6247 Чехословакия навидан якка танлаш йўли билан яратилган. Муаллифлар: Саитканова Р.У., Садикова Н.И., Керимкулова Б.
Нав ўртапишар, ўсув даври 115-120 кунни ташкил этади. Серҳосил, навнинг имконият даражаси гектаридан 28-30 центнергачани ташкил этади. Ҳосилдорлиги рақобатли нав синаш кўчатзорларида 2011- 2012 йилларда ўртача ҳосилдорлик гектарига 28,0-30,0 центнерни ташкил этди.
Пояси тик ўсувчи, ўртача шохланади, асосий поянинг баландлиги ўртача 140 - 145 см гача, барглилиги 40 - 48 фоиз, ўртача катталикда, қалин тукли, яшил рангда, баргчалари тухумсимон шаклда. Тўпгули кўп гуллик (8-14 тагача) шингилдан иборат бўлиб, тожибарги тўқ бинафша рангда. Дуккаклари ўртача, юмалоқ, чатнашга чидамли, қалин тукли, туклари туқ жигар ранг, дуккакни учи тумшуқсиз, тумтоқ, ҳар бир дуккакдаги уруғлар сони кўпинча 3 - 4 донадан.
Уруғи юмалок, тухумсимон шаклда, тўқсариқ, ялтироқ пўстли, тўқ сариқ уруғ паллалик дон бўлиб, 1000 та донни вазни 160- 170г. Донидаги мойлилик 25 - 27 фоиз, оқсил микдори 40,5 фоизга тенг.
Тажрибалар тахлили шуни кўрсатдики экиш учун тайерланган уруғлар 1-классга мансуб бўлиб, унувчанлиги 99% ни ташкил этди. Ўсимликни бўйи 165 см, пастки дуккак жойлашиш баландлиги 14 см, бир ўсимликдаги дуккак сони -98 та, бир ўсимликдаги дон вазни -29,5 г, 1000 та дон вазни 162-165 г. ни ташкил этди. Нав тозалиги 100% ни ташкил этди. Олинган асосий натижалар Ўзбекистон шоличилик илмий тадқиқот институтининг илмий элита давлат хўжалиги даласида 13 карта 2 чекида 2,07 га майдонга сояни Парвоз нави экилиб 6 тонна элита уруғ олинди. Етиштирилган уруғлар Петкус Гигант саралаш машинасида сараланиб 40 гектар майдонга етадиган уруғ тайёрланди.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бошоқли дон экинлари селекцияси ва уруғчилиги тўғрисида. Услубий қўлланыа. Қарши "Насаф" нашриёти 2010 йил.
  2. Й.Б. Саимназаров ва бошқалар "Ўзбекистонда дуккакли дон экинларини етиштириш учун тавсиялар" Тошкент -2009 йил.

скачать dle 11.3

1-06-2018, 14:44 98 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив