» » » КЎКАТ ЎҒИТИНИ ҚЎЛЛАШДА ЭКОЛОГИК МУҲИТ ВА ШАФТОЛИ ҲОСИЛДОРЛИГИ

КЎКАТ ЎҒИТИНИ ҚЎЛЛАШДА ЭКОЛОГИК МУҲИТ ВА ШАФТОЛИ ҲОСИЛДОРЛИГИ

Nashr ma’lumotlari: // СЕЛЕКЦИЯ ВА УРУҒЧИЛИК БЎЙИЧА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ. Республика илмий-амалий анжумани материаллари // 20 – май. Тошкент - 2013//. 
To’plamni yuklash uchun havola:  To'plam
КЎКАТ ЎҒИТИНИ ҚЎЛЛАШДА ЭКОЛОГИК МУҲИТ ВА ШАФТОЛИ ҲОСИЛДОРЛИГИ


Абдумўминова Р.Н.
Р.Р. Шредер номли богдорчилик узумчилик ва виночилик ИТИ


Маълумки, Зарафшон воҳаси хусусан, Самарқанд вилояти қадим-қадимдан боғ-роғларга бурканган сўлим масканлардан бири ҳисобланганки, бунга буюк бобомиз Амир Темур боғлари (М.Абдураимов, 1972) ёрқин мисол бўла олади.
Бинобарин, мева ва мева маҳсулотлари инсон саломатлиги учун ўта муҳим инсон аҳамият касб этади. Мева таркибида қимматли қанд моддалари, органик кислоталар, оқсил, мой, маъдан моддалар, витаминлар, ферментлар, ошловчи, хушбўй ва бошқа моддалар мавжуд. Шу боис улар овқатни тез ҳазм қилдиради, меъдани енгиллаштиради ва аксарият кўпчилиги парҳез таомлар (Ибн Сино, 1965) сирасига киради. Мевалар шунингдек, озиқ-овқат саноатида лаззатли маҳсулотлар олишда асаларичилик ва экологик муҳитни яхшилашда ҳам аҳамиятлидир.
Афсуски, шунга қарамай ҳозирда вилоятда мавжуд бўлган 30 минг (интенсив боғлар бундан мустасно) гектардан зиёд мевали боғлар ҳосилдорлиги ва маҳсулотлар сифати пастлигича қолиб келмоқда. Бунга боис тупроқ унумдорлигининг кескин (40-45 %) пасайиб бориши, хоссасаларининг ёмонлашуви шунингдек, қўлланилаётган агротехнологиялар (тупроқни ишлаш, ўғитлаш, суғориш, бегона ўт касаллик, зараркунандаларга қарши кураш ва бошқ.) нинг бозор тамойиллари талаблари даражасида эмаслигидир.
Хусусан, боғзорларда маҳаллий ва маъдан ўғитларининг пайдар-пай равишда етишмаслигига қарамай нуфузи жиҳатидан юқори, аммо арзон ва қулай ҳисобланувчи кўкат ўғитларнинг деярли қўлланилмаслиги, боғзорлар экологик муҳити ва ҳосилдорликнинг кескин ошириш мақсадида вакилларини танлаш, ўрганиш ва шулар асосида технологияларни ишлаб чиқиб, уларни ишлаб чиқаришга жорий қилишни тақазо этмоқда.
Боз устига, органик ва маъдан ўғитларнинг йиллик эҳтиёжига нисбатан 15-20 % ва 45-61 % атрофида қўлланилиши мевали боғ ҳосилдорлигини ҳамда маҳсулот сифатини яхшилашга хизмат қилишга монелик кўрсатиб келмоқда. Айни чоғда, ноёб тупроқ-иқлим шароитида фермер хўжаликлари маҳсулотларини янада арзон ва сердаромад қилиб, ресурстежамкор агротехнологиялар эвазига тупроқ унумдорлиги ҳамда техноген омиллар самарадорлоигини оширишнинг энг мақбул йўли кўкат ўғитларни кенг миқёсда қўллаш ва боғдорчиликка ихтисослашган фермерлар хўжаликлари даласининг экологик муҳитни яхшилашнинг аниқ имкониятлари мавжуд.
Шу мақсадда биз 2011- 2012 йиллар мобайнида Р.Р. Шредер номли Ўзбекистон боғдорчилик узумчилик ва виночилик ИТИ Самарқанд вилояти филиали шароитида қишки кўкат ўғитлар (сидерат)нинг шафтоли ҳосилдорлиги ва даланинг экологик муҳитига бўлган таъсирини ўрганиш борасида дала тажрибалари олиб бордик. Тажриба майдонининг тупроқлари азалдан суғориб келинадиган типик ўтлоқ-бўз тупроқлар бўлиб, сизот суви 3-5 метрда жойлашган, механик таркибига кўра енгил қумоқ ҳисобланади. Тажриба вариантлари эса назорат (кўкат ўғитисиз), тифон, жавдар, кўк нўхат соф ҳолда тифон+жавдар, тифон+ кўк нўхат ва тифон+жавдар+кўк нўхат аралаш ҳолда жойлаштирилди. Ҳар бир тажриба майдончасининг умумий сатҳи 100 м 2 бўлиб, шундан ҳисобланадиган қисми 50 м 2 ни ташкил этди. Тажрибалар тўрт такрорли, икки поғона (ярус)ли қилиб жойлаштирилди ва ҳар бир вариант бўйича шафтоли дарахти 8 та, жами сони эса 32 тани ташкил этди.
Боғзор даласининг экологик ҳолати ва унинг атроф-муҳитга бўлган таъсири био-экологик тадқиқотлар (Г.Кант, 1982) негизида, яъни агробиоценозда экин турлари, зарарлаши, алмашлаб экиш тизимида ўсиш, ривожланиши, шу асосда агротехнологияларнинг мослигини асослаш жиҳатлари бўйича маълумотлар тадқиқ этилиб, улар умумлаштирилди.
Тажрибаларни қўйиш, уларни амалга ошириш дала тажрибаси услуби (Б.Доспехов, 1985) асосида олиб борилди. Кўкат ўғитлар ва шафтоли дарахтларининг ўсиш-ривожланиши билан боғлиқ бўлган барча кузатув, биометрик ўлчаш ҳамда анализлар Р.Р. Шредер номли Ўзбекистон боғдорчилик узумчилик ва виночилик ИТИ (1975), Мевачилик ва сабзавотчиликда дала тажрибаси услуби (1988) ва бошқалар асосида амалга оширилди.
Суғориладиган маданий тупроқларда қиш даври кўкат ўғитларини ўстириш билан боғлиқ агротехнология вилоятда қабул қилинган тавсиялар (Х.Ботиров, 1997) асосида олиб борилди. Шу йиллар мобайнида иқлим шароити сидерат экинлар ва шафтоли дарахтларининг ўсиш, ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигини шакллантириши учун нисбатан қулай келди. Январ ойининг ўртача ҳарорати 3,7 0 С, энг юқори 5,6 0 С ва энг паст 2,1 0 С бўлди. Шу даврда январ, феврал ва март ойларида ёғин миқдори ўртача 57,2 мм, ҳаво ҳарорати эса 12-15 0 С ни ташкил этди.
Тажрибаларимизда қишки кўкат экинларнинг уруғлари октябр ойининг биринчи ўн кунлигида СОН-2,8 русумли сялка ёрдамида 3,0-3,5 см чуқурликка экилди. Сўнгра улар 8-10 кун ўтиб майса ҳосил қилгач, қишга қадар тупроқдаги нам миқдорига қараб 500-600 м 3 / га ҳисобида 1-2 марта суғорилди ва культиваторлар ёрдамида қатор ораларига шунча марта (8-14 см чуқурликда) ишлов берилди. Ўсиш ва ривожланиш даврида бегона ўтлар, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари олиб борилди.
Дала тажрибаларимиз бўйича кузатувлар шуни кўрсатдики, сидерат экинлар кузги ва қиш олди ўсиш, ривожланиш ҳолатига қараб амалий жиҳатдан яхши қишлаши кузатилади ва бу ўртача улар 95-97 % атрофида бўлди. Эрта баҳор (март ойининг боши)дан бошлаб биринчи ишлов бериш билан бирга N 90 кг/га ҳисобида ўғитланди ва сўнгра 650-700 м 3 /га ҳисобида икки марта суғорилди. Шунингдек, кеч куз, қиш ва эрта баҳор даврида кўкат ўғитлар боис даланинг экологик мутаносиблиги ҳам таъминланди ва сидератлардан иборат биоценоз қоплами атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатди. Боғзор даласи куз-қиш ва эрта баҳор даврида кўплаб энтомо, фитофауна вакиллари манбасига айланади. Айни пайтда куз-қиш- баҳор даласи (агробиоценозда маданий ўсимлик ва бегона ўтлар уруғлари, қолдиқлари ва бошқ.) орнитофауна (қушлар галаси ва бошқ.) учун озиқа занжирида муҳим аҳамият касб этади. Кўкат ўсимликлар эса фитосанитар ролни ҳам бажариб, улар ўсимликларда кечадиган биологик жараёнлар ва тупроқ зооценози фаолиятини ҳам яхшилайди.
Худди шу даврда кўкат экинлари нафақат чанглатувчи ариларни, балки озиқа занжирига эҳтиёж боис қушлар галаси ва тупроқ жониворларини ҳам ўзига ром этади. Бундай ҳол тифон, жавдар ва кўк нўхат соф ҳолда экилганда қиёсан 375, 0 ц/га; 358,6 ц/га; 305,4 ц/га, тифон жавдар ва кўк нўхат билан қўшиб экилганда нисбатан 431,6; 369,9 ц/га ва сўнги уч компонентли вариантда эса энг юқори, яъни 475,3 ц/га биомасса ҳосили олишга эришилди.
Шунингдек, шафтоли дарахтининг гуллаш фазаси 12-27 мартда мева ҳосил қилиши 15-17 апрелда ва пишиш фазаси эса 10-12 июндан бошлаб кузатилди. Бир туп шафтоли ҳосилдорлиги ўртача назоратда 23, 7 кг, тифон, жавдар ва кўк нўхат соф экилганда қиёсан 22,9; 29,3; 27 кг, улар бирга экилганда 33,3; 31,0 кг, тифон+жавдар ва кўк нўхатда эса энг юқори, яъни 38,8 кг ёки назоратга нисбатан 25,1 кг кўп ҳосил олишга эришилди.
Шундай қилиб, юқорида олинган маълумотларга асосан шуни таъкидлаш жоизки, кўкат ўғитлар нафақат тажриба даласининг экологик мувозанати, биохилмахиллиги балки шафтоли дарахтининг ўсиш ва ривожланишига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши боис ҳосилдорлиги 25-33 % га юқори бўлиши исботланди.
Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абу Али Ибн Сино. Тиб қонунлари, II-жилд, Тошкент, 1965, б. 27-249.
  2. Абдураимов М. Бухоро хонлигида ХУ1-Х1Х асрларда аграр муносабатлар, Тошкент, 1972, б.235.
  3. Ботиров Х.Ф. Зарафшон воҳасида қишки дала экинларини ўстириш технологияси, Самарқанд, 1997, 167 б.
  4. Доспехов Б.А. Дала тажрибаси услуби. Москва, 1985 с.17-241.
  5. Мойисейченко В.Ф., Мевачилик ва сабзавотчиликда дала тажрибаси услуби. 1988, 139 б.
  6. Рибаков Р, Остраухова М. Ўзбекистон мевачилиги, Тошкент, 1967, 486 б.
Шредер Р.Р. номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ услуби. Тошкент, 1975, б.
скачать dle 11.3

29-05-2018, 15:26 389 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив