» » » ИПАК ҚУРТИ УРҒОЧИ КАПАЛАКЛАРИНИ ТАНА ЎЛЧАМЛАРИГА ҚАРАБ ТАНЛАШ

ИПАК ҚУРТИ УРҒОЧИ КАПАЛАКЛАРИНИ ТАНА ЎЛЧАМЛАРИГА ҚАРАБ ТАНЛАШ

Nashr ma’lumotlari:  //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион фаолият самарадорлигини ошириш муаммолари//университетлараро ёш олимлар илмий-амалий конференцияси материаллари. Тошкент - 2012//.
To’plamni yuklash uchun havola: To'plam
ИПАК ҚУРТИ УРҒОЧИ КАПАЛАКЛАРИНИ ТАНА ЎЛЧАМЛАРИГА ҚАРАБ ТАНЛАШ


О.Орипов, С.Наврўзов, О.Ҳожиев, Н.Нормаматова
Тошкент давлат аграр университети


Республикада пилла етиштириш аграр тармоқнинг асосий соҳаларидан бири ҳисобланади ва бу жиҳатдан дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Бозор иқтисоди шароитида етиштирилаётган пилланинг сифатини кескин яхшилаш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш тармоқнинг асосий вазифасидир. Буни бажариш учун аввало ипак қуртининг саноатбоп зот ва дурагайларини наслли ҳамда дурагай тухумларини тайёрлаш, қурт боқиш ва пиллага дастлабки ишлов беришнинг янги технологияларини ишлаб чиқаришга тезроқ тадбиқ этиш талаб этилади.
Республикадаги пиллачилик наслчилик станциялари ва уруғчилик корхоналари ишини ислох қилиш, наслли ва саноатбоп тухумлар тайёрлашнинг илмий ечимларига асосланган усулларига кенг йўл очиш лозим. Бунинг учун наслли оилаларни серпуштлик, хаётчанлик, ипак маҳсулдорлиги ва пилланинг технологик белгилари бўйича узлуксиз танлашни жорий этиш, мақсадга эришишнинг асосий йўлидир.
Маълумки ипак қурти тухумларини урғочи капалаклар қўяди, демак тухумларнинг ирсий ҳусусиятлари, репродуктив кўрсатгичлари капалаклар тана тузилишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади. Аммо шу вақтгача эълон қилинган қўлланмаларда фақат нуқсонли капалакларни териб, ташлаб юбориш кўрсатилган холос, натижада ишлаб чиқаришда урғочи капалакларни тана ўлчамларига қараб танлаш иши умуман қўлланилмайди. Майда ва жуда йирик капалаклар қўйган элита ва саноатбоп тухумлар умумий партиялардаги тухумлар сифатини пасайишига сабаб бўлмоқда. Муаммони долзарб эканига қарамасдан капалаклар танасининг геометрик ўлчамлари ҳамда экстерьер ва конституционал тузилишини янги авлод кўрсатгичларига таъсири деярли ўрганилмаган. Олиб борилган махсус изланишлар она капалаклар тана тузилиши ва геометрик ўлчамларига қараб танлаш йўли билан серпуштлик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини кўпайтириш мумкинлиги аниқланди.
Маълумки, қишлоқ хўжалик хайвонлари селекцияси ва наслчилигида тирик вазн бўйича танлашга алоҳида эътибор берилади. Чунки соғиб олинадиган сут, гўшт, жун ва бошқа маҳсулотлар миқдори ҳайвонларнинг тирик вазнига ҳамда тана ўлчамларига боғлиқ бўлади. Янги авлод кўрсатгичлари ҳам ота ва оналик шакллари тана тузилишига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам қишлоқ ҳўжалик ҳайвонлари тирик вазнининг ўзгарувчанлиги ва наслдан наслга ўтиш масалалари атрофлича ўрганилган.
Ипакчиликда эса капалаклар вазни, танасининг катта-кичиклиги каби белгиларнинг ўзгарувчанлиги, ирсияти ва бу белгиларнинг серпуштлик ҳамда маҳсулдорлик белгилари билан корреляцион боғланишлари ўрганилмай қолган. Вахоланки капалаклар популяцияларида миқдор белгилар ўзгарувчанлигини аниқланмай туриб, уларни танлаш хақида гап бўлиши мумкин эмас. Урғочи капалакларни танлашни назарий жиҳатдан асослаш мақсадида махсус тадқиқотлар амалга оширилди. Истиқболли Орзу, Юлдуз зотлар, Андижон наслчилик станцияси, Андижон ва Самарқанд уруғчилик корхоналарида САНИИШ-8, САНИИШ-9 зотлари ҳамда САНИИШ-8 X Оқ пилла-1ва САНИИШ-9 X Оқ пилла-2 элита дурагайлари пиллаларидан чиққан урғочи капалаклар танаси, вазни ҳамда геометрик ўлчамларини якка-якка аниқлаш йўли билан ўзгарувчанлик коэффицентлари (CV) ҳисоблаб чиқилди.
Она капалаклар вазни (CV = 12,8 %), тана сатҳи (CV = 12,5 %), тана эни (CV = 9,6 %), ва узунлиги (CV = 5,8 %), бўйича популяцияларда муайян ўзгарувчанлик мавжудлиги кузатилди. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, тажрибадаги капалаклар қўйган тухум қўймаларидаги тухумлар сони (CV = 20,1 %) ва вазни (CV = 20,2 %) ниҳоятда кенг ўзгарувчанлик ҳусусиятига эга экани тасдиқланди.
Ишлаб чиқариш шароитида ҳар бир она капалак вазнини аниқлаш амалда бажарилиши қийинлигини эътиборга олиб, танлашни капалак танасининг катта-кичиклиги яъни геометрик ўлчамлари бўйича визуал амалга ошириш мумкин деган хулосага келинди. Шу боис капалак вазни билан тана ўлчамлари ўртасидаги корреляция коэффицентлари ҳисоблаб чиқилди.
Капалак вазни - капалак танаси сатҳи CV = 0,674 Капалак вазни - капалак танаси эни CV = 0,566 Капалак вазни - капалак танаси узунлиги CV = 0,558
Тана вазни билан геометрик ўлчамлар ўртасида анча кучли корреляцион боғланишнинг мавжудлиги она капалакларни тана ўлчамлари, яъни катта-кичиклигига қараб танлаш мумкинлигидан далолат беради.
Урғочи капалак тана ўлчамларини қай даражада маҳсулдорлик белгилари билан алоқадор экани селекция учун жуда муҳимдир. Капалак вазни - пилла вазни CV = 0,767 Капалак танаси сатҳи - пилла вазни CV = 0,631 Капалак танаси узунлиги - пилла вазни CV = 0,532 Капалак танаси сатҳи - пилла ипак қобиғи вазни CV = 0,479 Капалак танаси узунлиги - пилла ипак қобиғи вазни CV = 0,437
Ниҳоят тажрибаларда урғочи капалак тана ўлчамлари билан серпуштлик белгилари ўртасидаги корреляция коэффицентлари ҳам ҳисоблаб чиқилди. Капалак вазни - тухум қўймаси вазни CV = 0,350 Капалак танаси сатҳи - тухум қўймаси вазни CV = 0,326
Махсус тажрибалар якунлари бўйича урғочи капалак тана ўлчамлари вариацияси, уларни серпуштлик ҳамда маҳсулдорлик белгилари билан тиғиз корреляцион боғланишда экани урғочи капалакларни тана ўлчамлари бўйича танлашни назарий жиҳатдан асослаш имконини беради.
Майда, ўсиши меъёрдан паст капалаклар сифатсиз тухум қўяди ва улардан маҳсулдорлиги юқори бўлган пилла олиб бўлмайди.
Аннотация. Мақолада ипакчилик соҳасида уруг тайёрлаш жараёнида капалаклар вазни, танасининг катта-кичиклиги каби белгиларнинг ўзгарувчанлиги, ирсияти ва бу белгиларнинг серпуштлик ҳамда маҳсулдорлик белгилари билан корреляцион боғланишларни таъсири ҳақида батафсил ёритилган.
Адабиётлар
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 10 мартдаги 2461 ПФ сонли фармоиши.
  2. Наврўзов С.Н. Республика ипакчилигидаги муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари .ТошДАУ 2008 йил.
  3. Туйчиев Ж. Тут ипак курти саноатбоп тухумларнинг наслдорлик ва мах-сулдорлик ҳусусиятларини ошириш усулларини яратиш». Тошкент ,2001 йил, 60-730бет.

скачать dle 11.3

23-04-2018, 16:15 273 0

Izohlar


Kommentariya qo'shish

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив